islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Йўлдош қори ва унинг ҳамроҳлари Нукус остонасида!

Аввал хабар берганимиздек, 27 апрель куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг “Олий мукофот” соҳиби Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов Президент совғаси – «Ласетти» автомашинасида Қорақалпоғистонга қараб йўлга чиққан эди. Сафар давомида Йўлдош қори ва унинг ҳамроҳлари Самарқанд вилоятидаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳига кириб, Қуръон тиловати қилиб, савобини Маҳдуми Аъзам ҳамда у зот атрофларида қўним топганларга бахшида қилдилар. Тонгга яқин улар Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманига кириб келишди. Тумандаги ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кирилганда, ушбу шаҳобча раҳбари Қуръонга, қориларга бўлган муҳаббати туфайли «Ласетти» автомашинасига ҳеч қандай тўловсиз ёқилғи тўлдириб берди. Беруний туманида туман бош имом хатиби Нуриддин эшон домла ва Йўлдош қорининг устози Неъматуллоҳ қори бошчилида Шайх Аббос Вали жоме масжиди жамоаси уларни кутиб олдилар. Беруний туманидан сўнг Нукусга кираверишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти Бош имоми Шамсиддин домла ва мутасадди ташкилот вакиллари кутиб олдилар. Улар Нукусдаги Имом эшон Муҳаммад марказий жоме масжидига томон йўлга чиқдилар.  У ерда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳокимият вакиллари ҳамда Қуръони карим мухлислари Йўлдош қори ва унинг ҳамроҳларини кутиб турибдилар. Сафар давомида Йўлдош қори таҳсил олган Муҳаммад ал-Буруний номидаги мадрасага борилади ва у ерда мадраса мударрислари ҳамда талабалар билан учрашиши режалаштирилган. 578

“Олий мукофот” соҳиби йўлга чиқди: ғолиб Қорақалпоғистонда қандай кутиб олинади?

Бугун 27 апрель куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг “Олий мукофот” соҳиби Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов оталари ва Қуръони карим устозлари, институт ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмаджон қори Рашидов ҳамда курс раҳбари Абдулҳаким домла Олимов ҳамроҳлигида Президент совғаси – “Ласетти” автомашинасида Қорақалпоғистонга қараб йўлга чиқди. Маълумотларга кўра, Йўлдош қорининг ғолиблик хабари эълон қилинган кундан буён Қорақалпоғистонда, хусусан Хўжайли тумани Кенагас қишлоғида хурсандчилик ва ғолибни кутиб олиш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган видеоселектрда нутқ сўзлаган диний идоранинг Қорақалпоғистондаги вакили Шамсиддин домланинг айтишича, ғолибни муносиб кутиб олиш бўйича вакиллик ва  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлдошбой вояга етган камтарона уйнинг том қисми ҳам йўқ бўлиб, ҳозирда хонадон ва унга туташ барча уйларнинг том қисми Хўжайли тумани мутасадди ташкилотлари кўмагида шифирланмоқда. Уй ва кўча деворлари бир хил рангга бўялиб, кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Шунингдек, қорининг ташрифи сабаб у яшайдиган маҳаллага ичимлик суви тортиб келинди ва газ муаммолари ҳал этилди. Албатта, ушбу ишларнинг барчаси Муқаддас Қуръоннинг баракасидир. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5 январь куни Тошкент вилоятида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқларида “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб айтганидек юртимизнинг ҳар бир вилоятига, туманларига, қишлоқ-овулларига ва хонадонларига Қуръоннинг нури, баракаси келди! 544

Халқаро Пресс-клубда диний-маърифий соҳа бўйича қандай масалалар муҳокама қилинди?

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. 26 апрель куни ўтказилган Халқаро Пресс-клуб анжуманининг навбатдаги мавзуси ана шу фармоннинг мазмун-моҳияти нималардан иборат эканлигига бағишланди. Телекўрсатувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, мутфий У.Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, қўмита ўринбосари Н.Абулҳасан, Ислом цивилизацияси раҳбари Ш.Минаваров, Халқаро ислом академияси ректори Н.Иброҳимов, диний таълим муассасалари раҳбар-ходимлари, ўқитувчилари, талабалари, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамоат фондларидан вакиллар иштирок этди. Анжуманда, Фармонда амалга оширилиши назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ва “Зиё” медиа маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши сингари вазифалар юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари маълумот бердилар. Айниқса, фармонда кўзда тутилган диний-маърифий соҳа ходимларини рағбатлантириш, уларга текин ёки хизмат уй-жойлари ажратилиши каби мавзулар қизғин муҳокама қилинди. Мазкур телекўрсатувда Тошкент ислом институти ўқитувчи-ходимлари ва талабаларидан иборат вакиллар ҳам иштирок этдилар. Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев Фармонда кўзда тутилган масалаларнинг қисқача мазмун-моҳияти тўғрсида сўзлади. Шунингдек, анжуман бошловчиси Ш.Қўдратхўжаев “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг финал босқичи ғолиби Ислом институти 3-курс талабаси Йўлдош қори Нуриддиновга сўз бериб, кўрик-танлов ҳақида маълумот беришини сўради. Тадбир давомида мутасаддилар ОАВ мухбирлари саволларига ҳам жавоб бердилар. Ушбу савол-жавоблар асносида диний таълим муассасалар қошида Қуръон каримни ўқишни ўргатувчи курслар ташкил этилиши тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Эслатиб ўтамиз, Халқаро Пресс-клуб ва “Зиё” медиа маркази ўртасида имзоланган меморандумга кўра кўрсатувнинг ушбу сони ҳамкорликда тайёрланди. 326

Диний соҳа ходимларининг видео-анжумани

25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган диний соҳа ходимларининг видеоселектори бўлиб ўтди. Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг аҳамияти, динимиз тараққиёти ва халқимиз манфаати йўлидаги ўрни беқиёслиги ҳамда диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим бандлар уларга кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида қайд этилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғоясига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу тарихий Фармондан келиб чиқиб, диний соҳа ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб бердилар. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга олиб чиқиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, мазкур Фармондаги “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, мақсад-вазифалари ва афзалликлари тўғрисида сўз юритди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур Фармонда жуда кўп имтиёз ва қулайликлар берилиши ўз навбатида диний соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши, давлатимиз Раҳбари бошчилигида мўмин-мусулмонларни рози қилиш йўлида қилинаётган ишлар давомли бўлиши учун қўйилган мақсад ва вазифаларни аҳил-иноқ бўлиб, ғайрат-шижоат ва сабр-матонат билан бажариш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ислом цивилизация маркази томонидан муборак динимизнинг асл моҳиятини тушунтириш ва Ислом маданиятини кенг тарғиб этиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ва қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги бандларнинг аҳамиятини изоҳлаб берди. Шундан сўнг ҳудудлардан видеоселектор йиғилишида иштирок этаётган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов сўзга чиқишди. Жумладан, бош имом-хатиб Абдулҳай Турсунов мазкур 15 та банддан иборат муҳим Фармон диний соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаргани, уларга жуда катта эътибор ва  имкониятлар берилгани, бу борада барча диний ходимлар ҳамжиҳатликда ишлашлари зарурлигини билдирди. Бош имом-хатиб Раҳматуллоҳ Усмонов мазкур Фармон талабларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш масадида, муфтий ҳазратлари томонидан таъкидланган 10 та банддан иборат топшириқларни изчиллик билан амалга оширишга ваъда берди. Шунингдек, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан қўмита тузилмасида янги ташкил этиладиган ахборот-таҳлил маркази фаолияти тўғрисида, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек эса диний ходимларнинг илмий савиясини ошириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди. ЎМИ Матбуот хизмати 427

Жазоир оммавий ахборот воситаларининг Рамазон кўрсатувларидан бири Тошкент ислом институтида суратга олинди

Жазоир оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Индонезия давлатларидаги масжидлар, мадрасалар ва бошқа диққатга сазовор тарихий обидаларда туркум кўрсатувлар тайёрламоқда. Теледастурлар Рамазон ойи мобайнида Жазоир телеканалларида ва интернетдаги видео порталларда намойиш этилади. Бугун 26 апрель куни мазкур телеканал Рамазон теледастурларининг навбатдаги сонини Ҳазрати Имом мажмуасида суратга олди. Шу аснода Тошкент ислом институтида ҳам кўрсатувнинг бир қисми тайёрланди. Институт Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев мухбирларга Олий маъҳад тарихи ва бугунги кундаги фаолияти тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” ғолиби Йўлдош қори Нуриддинов ҳам кўрсатув учун интервью берди. 503
1 598 599 600 601 602 674