Китоб – фикрлаш қуроли, хазиналар калити, энг содиқ суҳбатдош, малол келмайдиган йўлдош ва таҳқирламайдиган насиҳатгўйдир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишларига биноан 2018 йил 12 май куни институт ўқитувчи ва талабаларининг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада ошириш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ҳилол-Нашр” нашриёти ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди. 12 май куни соат 10:00 дан 16:00 га қадар ташкил этилган мазкур кўргазмада институт устоз ва талабалари иштирок этдилар. “Ҳилол-Нашр” нашриёти ходимлари кўргазма иштирокчиларига 75 номдаги 1050 дона “Қуръони карим” мусҳафи, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Олтин силсила”, “Нақшбандия: вазифалар, зикрлар”, “Зикр аҳлидан сўранг”, “Васатия-ҳаёт йўли”, “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”, “Ислом тарихи”, “Зуҳд ва ҳаё” каби кўплаб турли диний-маърифий мавзуларга оид китобларни тақдим қилдилар. Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда “нақди”ни тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Камолиддин Маҳкамов, ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири 478
Жорий йилнинг 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада – 2018” нинг якуний Республика босқичи бўлиб ўтади. Ягона олимпиада ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари орасидан умумтаълим, чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди. Эслатиб ўтамиз, олимпиада ғолиби низомга кўра Тошкент ислом институтига имтиҳонсиз тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. 471
Хабарингиз бор, Қуръони карим нозил бўлган ой – Рамазони шариф юртимизда 17 май кунидан бошланади. Ушбу ой муносабати билан «Маданият ва Маърифат» телеканали Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни Рамазонда, саҳарлик ва ифторлик вақтларида эфирга узатишни режалаштирган. Ҳозирда кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда. Ушбу хайрли ишда Тошкент ислом институти қори талабалари ҳам иштирок этадилар. Айни пайтда 3-курс талабалари Нуриддинов Йўлдош қори ва Саидалиев Муҳаммад Хожимирзо қори «Қуръони карим маърифати» кўрсатувига жалб этилган. Эслатиб ўтамиз, ушбу талабалар «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018» республика босқичи ғолиблари ҳисобланади. 444
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёвнинг Олий Мажлисга мурожаатномасини ўрганиш, диёримиздан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг хаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўқув машғулотлари жадвали белгиланди. Ушбу жадвалга мувофиқ жорий йилнинг уч кун давомида 10-12 май кунлари Тошкент ислом институти Мажлислар залида талаба қизлар иштирокида ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Машғулотларни белгиланган мавзулар асосида ТИИ устозлари олиб борди. Жумладан, 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёвнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси асосидаги “Ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” мавзусида ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлим бошлиғи Ў.Собиров талаба қизларга маъруза қилди. 11 май куни Имом Бухорий ҳаёти, ижоди ва илмий мероси асосида “Имом Бухорий ва у кишининг илмий меросларига бўлган эътибор” мавзусида “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси М.Сайдалиев маъруза қилди. 12 май куни Имом Абу Исо Термизий буюк муҳаддиси мавзуси асосида “Имом Термизий буюк муҳаддис, буюк мутафаккир, буюк ватандошимиз. Имом Термизийнинг “Ал-Жомиъ Ас-Саҳийҳ” ва бошқа асарлари” мавзусида “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси М.Жангиров маъруза қилди. Ҳар бир маъруза сермазмун ва манфаатларга бой бўлди. ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 460