islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 7, 2019

Day

ИДДА МАСАЛАСИ

“Идда” сўзи луғатда “санаш”, “ҳисоблаш” маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади. Идда муддатлари: Эри талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди. Аллоҳ таоло: “Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўлса”, деган (Бақара, 228). Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, эри талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради. Аллоҳ таоло: “Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам”, деган.  (Талоқ, 6) Эри вафот этган, ўзи ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ва ўн кун идда ўтиради. Аллоҳ таоло: “Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой-ю ўн кун кутарлар”, (Бақара, 234) деган. Яъни, бу эри вафот этган аёлларнинг идда муддатидир. Эри вафот этган ҳар бир аёл умр йўлдошлик ҳурматидан тўрт ой-ю ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри вафот этган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир. Эри вафот этган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади. Аллоҳ таоло: “Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир”, деган.  (Талоқ, 6) Бундан ташқари, аёл киши идда ўтириши шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд бўлиб, фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар: Аллоҳ таоло: “Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар”, деган. (Азҳоб, 49) Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса, аёл киши идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор бўлиб, улар қуйдагилар: Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади. Иккинчиси, вафот этган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилганлар. Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро, У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 444

Ўзбекистон аэропортлари ва вокзалларида ибодат хоналари очилади

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темирйўл вокзалларида ибодат амалларини бажаришга мослаштирилган хоналар пайдо бўлади. Бу президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган. Давлат раҳбари ибодат амалларини бажариш ва таҳоратхоналар учун жойларни 2019 йилнинг 1 июнига қадар жиҳозлаш топшириғини берган. Мусулмонлар учун сутка бўйи ишлайдиган намозхона 2017 йилнинг ноябридан буён Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда 16 та турли диний конфессияларга дахлдор 2200 дан ортиқ диний ташкилотлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Аҳолининг 95 фоизга яқини ислом динига эътиқод қилади. Манба 285

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА ТАҒАННИЙ(2-қисм)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳеч бир нарсани Набийнинг Қуръонни тағанний билан ўқиганини тинглаганчалик тингламаган” дедилар[1]. Муслим ривоятида: “Аллоҳ чиройли овозли пайғамбар Қуръонни тағанний билан овоз чиқариб ўқиганини тинглаганчалик бирор нарсани тингламаган”, дейилган[2]. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Абу Мусо, сенга Довуд оиласининг найларидан бири берилган экан” деган эканлар[3]. Ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусонинг овозидаги оҳанг ёқимли бўлгани боис мажозий маънода уни найга ўхшатдилар.  “Довуд оиласининг найи” деганда У зотнинг Забурни қироат қилгандаги овоз оҳанглари кўзда тутилган[4]. Довуд алайҳиссалом жуда чиройли овоз соҳиби бўлган. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръонни чиройли овозда тиловат қилиши, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қироатини эшитиб, овозини Довуд алайҳиссаломнинг овозига ўхшатишлари жуда машҳур воқеа. Бу хусусда кўплаб ривоятлар ворид бўлган. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда қироатимни тинглабдилар. Тонг отгач, у зот: “Эй Абу Мусо, кеча тунда қироатингга қулоқ тутдим. Сенга Довуд оиласи найларидан бири берилган экан”,- дедилар. Шунда мен: “Эй Расулуллоҳ, агар сизнинг борлигингизни билганимда, сиз учун (қироатимни) янада зийнатлаган бўлардим”,-дедим”[5]. Абу Яъло “Муснад”да келтирган ривоятда айтилишича, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ҳам бўлганлар. Икковлари кетаётганларида Абу Мусо розияллоҳу анҳу уйида Қуръон тиловат қилаётганини эшитиб қолиб, бироз туриб қолишади. Сўнг йўлларида давом этишади. Тонг отганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарийга кечаси унинг тиловатини эшитишганларини айтганларида, у: “Агар сиз эшитаётганингизни билганимда, бунданда чиройлироқ ўқишга ҳаракат қилардим”,-дейди. Абу Усмон Наҳдий ривоят қилади: “Мен Абу Мусо Ашъарийнинг орқасида намоз ўқидим. Мен унинг овозидан чиройлироқ санжнинг ҳам, барбатнинг ҳам, найнинг ҳам овозини эшитмаганман”[6]. “Санж” мисдан ясалган бир-бирига уриб чалинадиган мусиқа асбоби. Уларнинг бири билан иккинчиси урилади. “Барбат” унга ўхшаш мусиқа асбоби. “Най” қандай экани ҳаммага маълум[7]. Муовия ибн Қурра ривоят қилади: Мен Абдуллоҳ ибн Муғаффалнинг шундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили уловлари устида кетаётганларида Фатҳ сурасини оҳанг билан қироат қилдилар”,- Муовия айтади: Агар атрофимизга одамлар тўпланишини кариҳ кўрмаганимда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини ўқиб берардим”. Муттафақун алайҳ[8]. Ушбу мазҳаб соҳиблари яна далил сифатида айтадиларки: “Қуръонни тараннум билан ўқиш кишини ўзига жалб қилади ва уни шу Қуръонни диққат билан тинглашга ундайди. Бу эса ўз-ўзидан унинг тингловчи руҳияти ва қалбига таъсирини бениҳоят оширади”[9]. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Алқама ал-Асваднинг қироатини (овози ёқимли бўлгани боис) ёқтирар эди. Алқама у зотга Қуръонни ўқиб берарди. Қачон қироатни тугатса, у зот унга: ”Ота-онам сизга фидо бўлсин! Яна давом этинг”,-дер эди[10]. Имом Табарий Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида шундай ривоят қилади: “Ҳазрати Умар Абу Мусо Ашъарийга: “Бизларга Роббимизни эслатинг”,-деганларида Абу Мусо Қуръонни оҳанг билан қироат қилар эди. Шунда Умар: “Ким Қуръонни Абу Мусонинг оҳангига ўхшаб оҳанг билан ўқий олса, шундай қилсин”,-дер эдилар[11]. Муҳаммад Али ас-Собуний Ўзларининг “Роваи ул-баян фи тафсиру оят ал-аҳком мин ал-қуръон” асарида ҳар икки мазҳабнинг ҳукмлари ва далилларини келтиргандан сўнг хулоса ўрнида шундай дейдилар: “Агар сиз чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, фақиҳлар орасидаги ихтилоф аслий эмас, балки, шаклий эканлигини кўрасиз. Бинобарин, фақиҳлар Қуръонни тажвид қоидаларига  халал етказадиган оҳанглар билан ўқиш ҳаром...