Аллоҳ таоло: «Албатта, у Қуръони каримдирки, (у) яширин Китобда (Лавҳул-маҳфузда) дир. Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар», деган ( Воқиаъ, 77-79). Абдурраҳмон ибн Язид ҳикоя қиладилар: Биз Салмом (розияллоҳу анҳу) билан бирга эдик. У бизни ёнимиздан туриб, чиқиб кетди ва ҳожатини қилиб келди. Мен эй Абу Абдуллоҳ таҳорат қилдингизми? Биз Аллоҳнинг каломидан сўрамоқчи эдик дедим. У мен Мусҳафни ушламайман, уни покланганлар ушлайди, деди. Ва бизга сўраган оятларимизни тиловат қилди, (Байҳавий ва Дорақутний ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуронни фақатгина таҳоратли кишигина ушлайди”, деганлар, (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Сунани Доримий 447-ҳадис). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хайз ва жунуб ҳолатдаги кишини Қуронни тиловат қилишдан қайтарган”, эдилар ( Мабсут Сарахсий 3-жуз 301-саҳифа). Қуръони каримни жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолдагилар ушлаши мумкин эмас. Фақат Қуръони каримнинг ташидан унга ёпишмаган нарса ила ушлашлари жоиз. Улар бутун бир ояти карима ёзилган қоғозни ҳам ушлашлари дуруст эмас. Баъзи уламолар: балоғатга етмаган болалар Қуръонни ўрганаётган вақтларида енгил таҳоратсиз ушлашларини жоиз деганлар. Агар таълим берувчи жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолда бўлса, ана шу ҳолатларда Каломуллоҳни ушламасдан сўзма-сўз ўқиш ила таълим беради. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 889
Жорий йилнинг 25-26 декабрь кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 1-2-курс талаба-қизлари Ислом цивилизацияи марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Ислом цивилизацияси маркази умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказиш, жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Уч қаватли марказ қадимий мадрасалар услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши назарда тутилган. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Эслатиб ўтамиз, бу каби тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режасига асосан ўтказилмоқда. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 1 151
Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида Евросиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш “Замонавий даврда фатво мавзусида дуч келинаётган муаммолар ҳамда долзарб иқтисодий масалалар” мавзуси остида бўлди. Мазкур йиғилишда Европа, Россия, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистон каби бир қатор давлатлардан Фатво масалалари бўйича мутасадди уламолар иштирок этишди. Ўзбекистондан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков қатнашди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Йиғилиш кун тартибидан: – ҳозирги кунда диний масалаларга жавоб беришда учраётган услубий муаммолар; – қонуний жиҳатдан тартибга солинган масалаларда фатво бериш сиёсати; – баъзи замонавий иқтисодий масалалар ва уларнинг шаръий аҳкомлари каби мавзулар ўрин олган эди. Йиғилишнинг биринчи кунида кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масала юзасидан уламолар ўзаро фикр алмашдилар. Жумладан, ҳозирги замонда Фатво бериш масаласида баъзи бир кишилар томонидан бирор-бир мазҳабнинг усулий қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, умумий қоидалардан келиб чиқиб фатво бериш мўмин-мусулмонлар орасида зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқараётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, интернет тармоғи орқали аҳолидан берилаётган саволларга жавоб бераётган кимсалар савол бераётган жиҳатнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволини ҳатто диний савиясини ҳам билмай туриб жавоб беришлари тўғри эмаслиги айтиб ўтилди. Иккинчи куни ҳозирги замонда учраётган баъзи иқтисодий-тижорий масалалар (олтин асосидаги вексель савдоси ва уни ижарага олиш-бериш, форекс, рақамли криптопуллар савдоси, тармоқли савдо ва ҳ.к.з) устида баҳс ва мунозара олиб бордилар ҳамда уларнинг шаръий ҳукмлари бўйича бир тўхтамга келдилар. Эслатиб ўтамиз, Евроосиё фатво кенгаши 2016 йилнинг октябрь ойида Евроосиё Ислом кенгашининг IX-йиғилишида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси евроосиё ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ҳаётида учраётган диний масалаларни ҳамкорликда ҳал этишдан иборатдир. 800
Шофеъий мазҳабининг асосчиси, фақиҳ, муҳаддис имомлардан бири Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманофдир. Кунялари Абу Абдуллоҳ ал-Қурайший бўлиб, ҳижрий 150 йил Разза шаҳрида таваллуд топдилар. Имомнинг ёшлик даврлари Маккада кечиб, етим ўсганлар. Оналари уни саводли қилишни хоҳлайди, лекин тўлайдиган пули бўлмаганлиги учун кўп қийналадилар. Ва ниҳоят бир муаллим Шофеъийдаги туғма қобилият сабаб уни бепул ўқита бошлайди. Бўлажак олим етти ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олади. Шундан сўнг масжидга кириб, уламолардан билим ўрганиб кучли зеҳни сабаб ўн ёшида Имом Моликнинг “Муватто” китобини ёд олади. Сўнгра Мадинага йўл олиб, у ерда Имом Моликнинг вафотларига қадар дарс олди. Шундан кейин Имом Шофеъий яна Маккага қайтиб, бу ерда бир неча кун тургач, бу гал Яманга сафар қилди. Кўп ўтмай бу зот Маккада ва Мадинадаги каби Яманда ҳам шуҳрат қозондилар. Ҳижратни 184 йили Бағдодга келиб илм олгач, яна Маккага қайтиб келадилар. Масжид ал-ҳаромда ҳалқа қилиб, шу ерда дарс бера бошлайдилар. У ҳалқада нафақат толиблар, балки Суфён ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал каби уламолар ҳам бор эди. Ҳижрий 195 йил яна Бағдодга қайтиб боради ва масжидда талабаларга дарс бера бошлайдилар. Имом Шофеъий бундан ташқари Мисрга бориб, у ердан кўп илмлар ўрганиб, шогирдлар орттириб қайтадилар. Имом Шофеъийга ўз замоналарида ҳадис, фиқҳ, тафсир ва шеъриятда ҳам етуклигини уламоларнинг у киши ҳақларида айтган қуйидаги сўзларидан билиш мумкин. Фазл ибн Диккийн: “Шофеъийдан кўра ақли етук, фаҳми комил, илми кўп одамни эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам”, деб айтдилар. Имом Абу Заръата ар-Розий: “Ислом умматига Шофеъийни миннат қилса арзийди”, дер эдилар. Басшр ал-Марисий: “Шофеъийга дунё ахдининг ярим ақли берилган эди”, деб айтадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Кимки қўлига сиёҳ билан қалам олса, уни зиммасида Шофеъийнинг ҳаққи бордир. Агар Шофеъий бўлмаганларида ҳадис ва фиқҳни билмаган бўлур эдик. Фиқҳ эшикларига қулф солинган эди. Аллоҳ Шофеъий сабабли, у эшикларни очиб берди”, деб айтадилдр. Имом Шофеъийнинг таълиф этган китоблари 113 та бўлиб, шулардан машҳурлари: “Китобу ҳужжа”, «Рисола», “ал-Мабсут”, «Ихтилоф ул-ҳадис», “ас-Салавот”, “ал-Музораъа”, “ад-Даъво вал-Баёнот”, “Фазоилу Қурайш”. Имом Шофеий ҳижрий 204 йил 54 ёшларида вафот этди. Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 1 053
Ислом дини илм-у маърифат динидир. Илм инсонни икки дунё саодатига элтувчи бир восита бўлиб, ҳар – бир қилинадиган амал илм асосида бўлиши лозим. Ҳар қандай иш ёки бир амал мукаммал адо этилиши унинг илм асосида бўлишлигига боғлиқ. Илм олиш инсонга ҳурмат ва фазилат олиб келади. Халқимизда “олим бўлсанг олам сеники” деган ибора бежиз айтилмаган. Инсон қанчалик илм олишда давом этар экан унинг билим доираси кенгайиб боради, тафаккури очилади, теран фикрлайди. Шунинг билан бирга ҳар қандай ишнинг ечимини топади. Муқаддас ислом динимиз ибтидосида нозил қилинган ояти кариманинг бошланиши “Ўқи” калимаси экани ҳам илм олишнинг зарурлигига далолат қилади. Жорий йилнинг 22 декабр куни Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мажлислар залида Тошкент ислом институти ўқитувчиси Аъзамов Баҳодир томонидан билим юрти талабаларига “Илм олиш фазилатлари” мавзусида маънавий-маърифий суҳбат ташкиллаштирилди. Суҳбат асносида Баҳодир Аъзамов, билим юрти мудир муовинлари талабаларга фойдали, келажак ҳаётида манфаат берадиган, дарсларни ўзлаштиришга ёрдам берадиган фойдали маслаҳат ва таклифларини бериб ўтдилар. Устозлар талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб берди. Талабалар бу суҳбатдан ўзлари учун зарур бўлган маслаҳатларни ва кўрсатмаларни олди ва бу маслаҳатларга амал қилишларини таъкидладилар. Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Адилбай Ережепов 746