2020 йил 10 март куни Тошкент ислом институтига Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ташриф буюрди. Институтнинг устоз ва талабалари билан учрашиб, суҳбат ташкил қилинди. Олим суҳбат давомида имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари, устоз ва шогирдлари, илмий фаолиятлари ҳақида батафсил маълумот бериб, Мотуридийлик эътиқодий мазҳаби келиб чиқиши, ривожланиб бориши ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан олим ўз маърузасида “Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи файласуф” деган фикрни билдириб ўтди. Шунингдек, олим Ўзбекистонга келишдан аввал мамлакатдаги диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида эшитганини ва бундан хурсанд эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли имом Мотуридий ва унинг мотуридия таълимоти ҳам кенг ўрганилмоқда. Хусусан, бир неча кун олдин Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтиб, унда дунёнинг 70 га яқин давлатидан кўзга кўринган уламолар, етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этишди. Соатмурод Примов Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар”кафедраси мудири 712
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан “Маҳорат дарси” ташкил этилди. “Мотуридия таълимоти ва замонавий тараққиёт” мавзусида ўтказилган маҳорат дарсларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар мутасадди ходимлари иштирок этди. Кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда. Зеро, бугун глобал дунёда ислом динини тўғри англаш ва талқин қилиш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мотуридия таълимотининг ўрни беқиёслиги, илмий-маънавий бой мероси давлат ва жамият тараққиёти, инсонийлик тамоийлларига асослангани қатор хорижий ва маҳаллий олимлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бунинг яққол мисолини куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияга дунёнинг 70 га яқин давлатидан кўзга кўринган уламмолари, етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этганида ва улар томонидан Имом Мотуридий маънавий меросини ўрганиш борасидаги тадқиқотлар, алломанинг дунё тараққиёти, халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда тинчликни таъминлаш хусусида билдирган фикр-мулоҳазлари дунё олимлари томонидан эътироф этилганида яна бир бор ўз исботини топди. Мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан ташкил этилган ушбу маҳорат дарслари ҳам халқаро анжуманнинг мантиқий давоми бўлди. Олим тўрт кун давомида академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти”, “Бағрикенглик ва кенгфикрлилик маданияти. Мутаассиблик ва терроризмга қарши курашда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти”, “Имон ва эътиқод масаласи. Такфирчиликнинг олдини олишда мотуридий таълимотининг ўрни” ва “Комил илм. Илмий тараққиёт ва маърифат моделининг мотуридийлик бўйича талқини” каби мавзуларда дарс машғулотлари олиб борди. Мотуридий ҳикматларида соғлом эътиқод, теран фикр, тўғри талқин ислом таълимотини тушунишда катта омил саналади. Зеро, диннинг вазифаси тўғри йўлга мулойимлик ва насиҳат ила чақириш, қоқилганни ўрнидан туришига кўмаклашишдир. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий томонидан ўтказилаётган “Маҳорат дарси” 12 мартга қадар давом этади. Манба: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати 657
Жорий йилнинг 7 март куни Тошкент ислом институтида “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” фанидан ташкил этилган махсус курс бўйича “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси М.Хомидов 401,403 гуруҳ талабалари учун “Юртимиз ва дунё уламолари мурожаати: Ислом динида мутаассиблик, террор ва экстремизмга мутлақо ўрин йўқ!” мавзусида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Баймиров Муслим 691
Ислом дини инсонларга илми орқали ўрнак бўлишга чақиради. Комилликка олиб борувчи илмни ўрганиб, уни амали ила фазлатли қилиш улуғлар йўлидир. “Олимнинг сиёҳи ғозийнинг қонидан афзалдир”, деган ҳикмат бор. Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм мол-дунёдан яхшидир. Илм сени қўриқлайди. Мол-дунёни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳукм қилувчидир, молнинг устидан эса ҳукм қилинади. Мол йиғувчилар ўтиб кетдилар. Илм тўплагувчилар эса боқий қоладилар. Ўзлари орамизда йўқ бўлсалар-да, шахслари қалбларда мавжуддир». (Адабу дунё вад-дин). Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу талаба ёшларни кўрганда бундай дер эканлар: «Марҳабо, эй ҳикмат булоқлари, зулмат чироқлари, кийими эски-ю қалби янгилар, уйларнинг маҳбуслари ва ҳар бир қабиланинг райҳонлари». («Жомеу баёнил илми ва фазлиҳ») Яъни илм талаби билан машғул бўлиш, дарс ва мубоҳаса учун уйда ўтириш уларнинг энг асосий сифатларидандир. Илм излаш янги кийимларни кийишдан, тенгдошлари каби кўчаларда сайр-саёҳат қилишдан уларни тўсиб туради. Умар розияллоҳу анҳу яна дедилар: «Эй, инсонлар, илмни маҳкам ушланглар. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳунинг яхши кўрадиган ридоси бор. Ким илмнинг бир бобини ўрганса, Аллоҳ унга ўз ридосини кийдиради.». Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир масалани ўрганишим менга кечаси билан намоз ўқишимдан яхшироқдир». («ўша манба»). Ҳасан Басрий айтадилар: «Илмнинг биронта бобини ўрганиб, сўнг уни бир мусулмонга ўргатишим менга дунёнинг ҳаммаси Аллоҳ йўлида меники бўлишидан яхшироқдир» (Ал-мажмуъ,шарҳу муҳаззаб). Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Фарз ибодатларидан кейин илм талаб қилишдан афзалроқ нарса йўқ». Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу: «Илмни ўрганинглар ва ўргатинглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган ва таълим берган кишига тавозели бўлинг. Уламонинг жаббори бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди», деди». Инсон бир нарсани талаб қилар экан, албатга, унинг фазилатини билмоғи шарт, акс ҳолда ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқмайди. Шу мақсадда, ТИИнинг ўқув ва услубий ишлар бўлим бошлиғи Ш.Шаджаллов ва утоз Ҳ.Нурбоевлар иштирокида махсус сиртқи бўлим талабаларига «Илмнинг фазли амал билан бўлади» борасида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда илм, унинг фазилати, институт ички тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиш, шартнома тўловлари ҳақида айтиб ўтилди. Шунингдек, таълим масалаларида юзага келган саволларга жавоблар берилди. ТИИ матбуот хизмати 740
Жорий йилнинг 6 март куни Тошкент ислом институтида «Мусулмон мамлакатлар янги тарихи” фанидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси катта ўқитувчиси Авазбек Ғаниев “Жанубий Шарқий Осиё минтақаси мамлакатлари мусулмонларининг ҳаёт тарзи ва урф одатлари” мавзусида 101, 102, 104, 105 гуруҳ талабаларига маъруза қилиб берди. Маъруза сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ҳамидуллоҳ Нажмиддинов 758