islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Aprel 3, 2018

Day

Бир-бирига тескаридай кўринган иккита амалга бирдай савоб берилиши мумкинми?

Узоқ йўлга отланган бир мусофир киши бепоён ялангликда кетар экан, узоқдан бир дарахтга кўзи тушиб, отини ўша тарафга бурди. У дарахт тагига етганида отидан тушиб қўлига қозиқни олди ва уни дарахт сояси тушадиган ерга қоқиб унга отини арқонини боғлаб қўйди. Соясида овқатланиб бироз хордиқ чиқаргандан сўнг отига минар экан “Мендан кейин келган йўловчилар ҳам уловларини шу қозиққа боғлаб, ундан фойдаланса савоби тегар”, дея қозиғини қоқилган жойида қолдирди ва отига миниб йўлида давом этди. Бир қанча вақтдан кейин бошқа  бир йўловчи ўша ердан ўтиб кетар экан у ҳам дарахт сояси остида дам олиш учун уловини дарахтга боғлади. Вақт пешиндан бироз ўтиб қолганлиги учун дарахт сояси ҳам ўзидан бироз узоқлашган эди. Йўловчи дарахт тагидан соя тарафга юрар экан оёғи ногоҳ ўтлар орасида нимагадир тегиб қоқилиб  тушди. Туриб қараса ерга қоқиб қўйилган қозиқ турибди. Мендан кейин келган йўловчилар унга чалиниб йиқилиб тушмасин, деб уни суғуриб олиб улоқтирди. Ҳикоя шу жойда тўхтайди. Юқоридаги воқеада икки ҳил ва бир-бирига мутлақо тескари ҳолат юз берди. Йўловчиларнинг бири қозиқни қоқди, бошқаси эса уни суғуриб, олиб ташлади. Юзаки қараганда бири қилган ишнинг аксини иккинчиси қилди. Аслида бири иккинчисига қарама-қарши бўлганлиги учун ишларнинг бири тўғри, бошқаси эса нотўғри бўлиши керак. Аммо, Умар розияллоҳу анҳунинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган “Амаллар ниятларга қараб бўлади”, деган машҳур ҳадисига кўра бу йўловчиларнинг ҳар бири қилган иши учун мукофатланади ва уларга савоб ваъда қилинади. Чунки ҳар иккаласининг ҳам қалбида одамларга яхшилик қилиш ва эзгулик бор эди. Шунинг учун ҳам бу воқеада ҳар иккала ҳолат ҳам тўғри деб баҳоланади. Демак, ҳар қандай оддий ишни қилаётганимизда ниятимизни чиройли қилсак амалларимиз савобли ва икки дунёда ҳам фойдали бўлар экан. Роббимиз нақадар меҳрибон! “Тиллар” кафедраси мудири Ш.Чулпанов 208

“Сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, эрталаб оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради”

Дунёда яшаб қадам босаётган ҳар – бир инсон ёрдам берувчи, кўмаклашувчи, суянувчи ва қалби билан унга юзланувчи бошқа бир инсонга мухтождир. Шунинг учун фойда келтириш, зарарларни даф қилиш, ризқ талаб қилиш, душманга нисбатан ёрдам сўраш, касалликларга шифо сўраш учун Аллоҳга суяниш ва У Зотга таваккал қилиш вожиб амаллардандир. Таваккал қилиш мўминларнинг сифати, имоннинг шарти, қалбни қувватловчи ва нафсни хотиржам қилувчи омилларнинг асосидир. Аллоҳга таваккал қилиш вожиблигига далолат қилувчи оятлар Қуръони Каримда кўп бўлиб, улардан: (Ўн икки йўлбошчи ичидан Аллоҳдан) қўрқадиган ва Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлганларидан икки киши* шундай деди: «Улар устига (шаҳарга) дарвозадан кирингиз. Унга кириб олишингиз билан сизлар ғолиб бўласиз. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!» (Моида сураси,23).  Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган (Анфол сураси,2). Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!* (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар (Оли Имрон сураси,159). Муттафақун алайҳ бўлган сахих ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга ҳисобсиз кирувчи етмиш минг мўминларнинг сифатларини баён қилиб улардан Роббиларига таваккал қилувчиларни ҳам санаб ўтганлар. Иброҳим алайҳиссалом ҳам оловга ташланганда Аллоҳга таваккал қилиб “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил” (Бизга ёрдам беришга Аллоҳ кифоя қилади ва У Зот қандай ҳам яхши Ёрдам берувчи) деб айтганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларингиз эрталаб оч чиқиб кечқурун тўқ қайтган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради” (Аҳмад ва Термизий ривояти). Ибн Ражаб таваккал ҳақиқати ҳақида шундай дейдилар: “У солиҳ амалларни бажаришда, дунё ва охират ишларидан бўлган зарарли нарсаларни кетказишда қалбни Аллоҳга суянишдаги содиқлигидир. Яъни, берадиган, ман қиладиган, зарар берадиган ва фойда келтирадиган Зот ягона Аллоҳ деб билиш”. Таваккал – диннинг ярми бўлиб, иккинчи ярми эса Аллоҳга қайтишдир. Дин – ёрдам сўраш ва ибодатдан иборат. Ёрдам сўраш – таваккал, Аллоҳга қайтиш эса – ибодатдир. Банда дунё ишларида Аллоҳга таваккал қилиш билан бирга қалбини ва динини ислоҳ қилишда, тилини ва иродасини сақлашда ҳам таваккал қилиш керак. Шунинг учун барча намозларимизда Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз.  деб илтижо қиламиз (Фотиҳа,5). Баъзилар таваккални сабабларни қилмасдан, уни ишламай ётиш деб тушунадилар. Бу хато тушунчадир. Ибни Ражаб айтадилар: “Таваккал қилиш Аллоҳ нарсаларда тақдир қилиб қўйган сабабларни ушлаб ҳаракат қилишни инкор қилмайди. Чунки Роббимиз сабабларни қилиб, сўнгра таваккал қилишга буюради”. Аъзоларимиз билан сабабларни қилишдаги ҳаракатимиз тоат бўлса, қалб билан таваккал қилишимиз имондир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз (Жума сураси,10). Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши эй Расулуллоҳ ҳайвонни боғлаб таваккал қилайми ёки уни қўйиб юбориб таваккал қилайми?” деди. Расулуллоҳ: “Уни боғла ва таваккал қил” дедилар (Термизий ривояти). Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Яман аҳли керакли нарсаларни олмасдан, “Биз таваккал қилувчилармиз”, деб ҳаж қилардилар. Сўнг аҳли Маккага келиб улардан ёрдам сўрардилар. Шунда, Аллоҳ қуйидаги оятни нозил қилди. Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган)*. Бас,...