islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 26, 2019

Day

Бу омонатдорлик меваси

Али Тантовий роҳматуллоҳ Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида айтади: Бу масжиднинг номи “Тавба” бўлиб, эндиликда жуда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега “Тавба”? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли хил гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдирган. Бу масжидда етмиш йил Шайх Салим Суютий исмли олим имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонишар, диний ва дунёвий ишларида  кўп мурожаат қилишарди. Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эди. Талаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули йўқ… Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди: “Жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мумкин”, деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди… Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам нариги бошигача худди ерда юргандек юриши мумкин. Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмди-да, наригисига ўтди. Кейинги ҳовлида ҳеч кимса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақлажон пишмоқда! Шартта биттасини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамасдан тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасдан ақли жойига келди: “Толиби илм бўла туриб, ўғирликка қўл уряпманми-а?. Аллоҳдан паноҳ сўрайман… Ўзин кечир…”. Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақлажонни қозонга ташлаб орқасига қайтди. Масжидга келиб Шайхнинг илм ҳалқасига қўшилди. Қорни очлигидан сабоқлар қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайх ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлни гапини эшитгач, Шайх ён-атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: “Уйланганмисан?” деди. Талаба: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шайх: “Уйланишни хоҳлайсанми?”, деди. Талаба сукут сақлади. Шайх яна сўради: “Уйланишни хоҳлайсанми?”. Талаба: “Эй хожам, менда пул йўқ, нимани эвазига уйланаман?”. Шайх айтди: “Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва мол-у давлати аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ, турмушга чиқмоқ ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда экан… Хўш, унга уйланасанми?”. Талаба: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди: “Сен-чи, шу йигитга турмушга чиқасанми?”. Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига кетди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба олдида жуда гўзал ёш қизни кўрди. Аёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликка кирган хонадон эди-да. Аёл: “Овқатланасизми?” деди. Йигит: “Ҳа”, деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди: “Ажаб, кимдир кириб, бақлажонни тишлаб кетибди!”. Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди. Йигит иқрорини тинглаган аёл шундай деди: Бу омонатдорлик меваси. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз. Эвазига Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато етди. 2-курс талабаси М.Раҳмонова 265

Муфтий ҳазрат хорижлик дин ва давлат арбоблари билан учрашди

Жорий йилнинг 22-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро зиёрат туризми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хорижий давлатлардан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари билан мулоқот ўтказдилар, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Муфтий ҳазратлари дастлаб Туркия диёнат ишлари раиси ўринбосари профессор, доктор Усмон Тирасчи билан учрашиб, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, “Вақф” хайрия жамоат фонди, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Профессор, доктор Усмон Тирасчи Туркия давлатининг Ўзбекистонга бўлган эътибори юқори экани ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари ва тариқат намоёндаларининг мақбаралари акс этган “Олтин силсила” тақвими нашр этилгани тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Россия муфтийлар кенгаши ва диний идораси раиси ўринбосари Рушан Аббасов, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ўринбосари Рустам Валиулин, Миср Араб Республикаси Парламенти аъзоси, Миср сўфий тариқатлари кенгаши раиси Абдулҳодий ал-Қасабий, Доғистон Республикаси мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шихабуддин Гусейнов ва Индонезиянинг “Истиқлол”, “Дорал-Қуръон” музейлари директори Мухлис Муҳаммад Ҳанафий билан учрашувлар ўтказдилар. Мулоқотда Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантириш ва жаҳоннинг турли минтақаларидан, хусусан, мусулмон дунёсидан диёримизга сайёҳларни жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. 254

Бир дона амал билан жаннатга кирган киши

Аллоҳ таолонинг марҳамати шу даражада чексиз ва карами кенг эканки, банданинг биттагина яхши иши туфайли бутун умри давомида қилган гуноҳларидан ўтиб жаннатга киргизиб юборар экан. Имом Бухорий бобомиз машҳур “Адаб ал-муфрад” асарида Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳикояни келтирадилар: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: حوسب رجل ممن كان قبلكم فلم يوجد له من الخير إلا أنه كان رجلا يخالط الناس و كان موسرا فكان يأمر غلمانه ان يتاجوزوا عن المعسر قال الله عز و جل: فنحن احق بذلك منه، فتجاوز عنه Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан олдинги яшаб ўтган қавм ичида бир киши бор эди. Вафот этди, уни ҳисоб майдонига келтирдилар. Унинг амал дафтарида ҳеч яхшилик топилмади. Илло, битта яхши амали қайдланган экан. У одатда одамлар билан ишлар, иши кўпчилик билан боғлиқ ва ўзи бадавлат одам эди. Иш юзасидан ҳисоб-китоб ишларида ходимларига “шароити оғирларни тўғри тушуниб, енгиллик қилиб беринглар” деб тайинлар эди. Унинг амал дафтарига фақат “муҳтожлар ҳолини тушуниб, енгиллик қилиб берарди”-деб ёзилган эди холос. Аллоҳ таоло ҳисоб-китоб чоғида: “муҳтожни ҳолини тушуниб, унинг айбидан ўтишга биз ҳақлироқмиз”-деди ва ҳалиги одамнинг жамики гуноҳларидан ўтиб юборди. Ал-адаб ал-муфрад/293. Имом Бухорий. Ана Раббимиз Аллоҳнинг саховати! Муҳтожга енгиллик қилиб берган бир бандасининг ҳеч қандай бошқа яхши амали йўқ бўлса ҳам кечириб юборди. Бизнинг Раббимиз ана шундай марҳаматли Зот! Азизлар! Аввало Аллоҳ ҳеч кимни бандасига муҳтож ва қарам қилиб қўймасин! Мабодо сизга шундай ночор одам рўбарў бўлиб қолса, билинг-ки уни Аллоҳ юборган. Сиз уни асло ноумид қайтарманг. У Аллоҳнинг бир ожиз бандаси. Бугун сизга муҳтож бўлиб турибди. Сиз унинг ўрнида бўлмаганингизга шукр қилиб, имкон қадар ёрдам қўлингизни чўзинг. Бугун сиз яхши яшаяпсиз. Аммо эртага қиёматда албатта сиз ҳам ночор ҳолга тушасиз. Данғиллама уйлар, қоп-қоп пуллар, қимматбаҳо машиналар ортимизда қолади. Охиратда шоҳлар ҳам, бойлар ҳам, амалдорлар ҳам шу дунёдаги гадойлар билан бир сафда туради. Агар шу дунёда Аллоҳнинг бир бандасига ёрдам бериб ҳаётида унга енгиллик яратиб берган бўлсангиз, Аллоҳ албатта уни ҳисобга олади. Зора, юқоридаги ҳадисда айтилган ўтган замондаги киши каби Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлсангиз! Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби Нодирбек Кенжаев   226

Борини ҳис этиш шукр асосидир

Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр – эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда-мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади. Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади. Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар,  уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти). Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади. Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир. Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят). Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган). Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким...