islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 7, 2020

Day

Буюк Британия мусулмонлари сони 3 миллиондан ошди

Буюк Британия қироллиги миллий статистика бюросининг хабарига кўра, мусулмонларнинг сони 2019 йил якуни бўйича 3 миллион нафардан ошган. Лондоннинг баъзи қисмларида мусулмонлар аҳолининг 50 фоизини ташкил этиши таъкидлаанган. Ҳолат шу даражада қолса, мазкур жойларда яқин ўн йилликда мусулмонлар аҳолининг аксариятини ташкил этиши айтилган. Расмий маълумотларга асосан, Англия, Шотландия ва Уэльснинг мусулмон аҳолиси 3 363 210 нафар, яъни аҳоли умумий сонининг 5,9 фоизидир. Бу ҳақда The Sun маълумот берган (https://azon.uz/content/views/buyuk-britaniyada-musulmonlar-soni-rasma). 2018 йил маълумотларича Лондонда 1,26 миллион нафар Исломга эътиқод қилувчилар яшаган, бу пойтахт аҳолисининг 14,2 фоизидир. Мусулмонлар сони ортар экан, христианлар сони камайиб бормоқда. Сикхлар, яҳудийлар ва буддистларнинг сони аввалги даражада қолган. Манба: muslim.uz 142

Глобаллашув шароитида ёшларимизни ёт ғоялардан асраш – муҳим ва долзарб вазифа

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни бутун дунё тинчлигига жиддий хавф туғдираётган экстремизм ва терроризм ғоялари таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Айниқса, ахборот технологияларининг ривожлангани, интернетдан фойдаланувчилар сони кўпайгани сари ёшларни ёт ғоялардан, турли таҳдидлардан асраш тобора муҳим вазифага айланмоқда. Эндиликда ёшлар тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлган бу иш барчанинг зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Жорий йилнинг 6 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида Тошкент ислом институтининг юқори курс талабалари билан “Ёшларни экстремистик ташкилотларига кириб қолишларини олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди. Ушбу тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, Фатво бўлими мудири в.б Ғ.Холбоев, ТИИ ректори У.Ғофуров, проректорлар У.Ходжаев ва Ж.Мелиқўзиев иштирок этдилар. Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев маъруза қилиб, бугунги кунда олий неъмат бўлган тинчлик осойишталикка раҳна солаётган турли экстримист ва террорчи ташкилотлар, уларнинг сохта даъволари ва ғояларининг асл мақсади, уларнинг олиб бораётган тактик ҳаракатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди ва уларни аниқ мисоллар орқали ёритиб берди. Шу билан бирга, тадбирда ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатадиган ахборот хуружларидан асраш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш учун Президентимизнинг “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояни бош мезон сифатида олиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Ушбу ўтказилган учрашувда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва қимматли маълумотларга эга бўлдилар. А.Аллаберганов, ТИИ Талабалар кенгаши раиси  252

ЯНГИЛИК: ISESCO ТАШКИЛОТИ НОМИ ЎЗГАРДИ

2020 йилнинг 29 январь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) Ижроия қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар қатори ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва номини шунга мувофиқ равишда янилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Демак, мазкур анжуманда ташкилот ўз номини Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти – IСESCOга ўзгартиргани тўғрисида қарор қабул қилинди. Эндиликда ташкилот номи инглиз тилида Islamic Countries Educational, Scientific and Cultural Organisation (ICESCO) деб юритилмоқда. Араб тилида  منظمة العالم الإسلامي للتربية والعلوم والثقافة   номини олди. Ташкилот номини ўзгартиришдан кўзланган асосий мақсад — унинг вазифаларини янада кенгроқ англаш, моҳиятини чуқурроқ тушуниш ва халқаро миқёсдаги фаолиятини кенгайтириш, хамкорлик уфқларини очишга қаратилган, — деди IСESCO Бош директори доктор Салим М.Малик. — Янги ном ташкилотнинг таълим, фан, маданият ва халқаро алоқа соҳаларида илгари сурадиган цивилизация миссиясининг моҳиятини ҳамда унга эришиш учун қўйилган мақсад ва вазифаларни аниқ акс эттиради. Ўтказилган мажлис давомида Ижроия қўмита ташкилотнинг янги йўналишлари, жумладан, 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси, 2020-2030 йилларга мўлжалланган янги ўрта муддатли Стратегик режа ҳамда Бош директор томонидан Кенгашга тақдим этилган бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Манба: iiau.uz 946

ASIA ALLIANCE BANK Ислом дини талабларига мувофиқ банк хизматларини йўлга қўяди

2020 йил якунига қадар ASIA ALLIANCE BANK Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорликда «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди. Айни пайтда Ўзбекистон барча соҳаларда тарихий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда мижоз талабига мос, жаҳон тажрибасига асосланган талабгир маҳсулотларни таклиф этувчи, шу жумладан Ислом дини молиясига мувофиқ келувчи янги, замонавий банк сектори трансформацияси алоҳида диққатни жалб қилади. Шу боис ASIA ALLIANCE BANK, давлат раҳбари томонидан 2017 йил 20 декабрда белгилаб берилган «Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва 23 май 2019 йилда қабул қилинган «Ислом Тараққиёт Банки гуруҳи ва Араб Мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириб бормоқда. Жумладан ASIA ALLIANCE BANK делегациясининг Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрига 2019 йил ноябрь ойидаги ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорлик бўйича қатор келишувлар имзоланди. Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни молиялаштириш учун 10 миллион АҚШ доллари қийматдаги келишув имзоланди. Кўп йиллардирки ИХСРК молиялаштириш йўналишлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ортидан ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ривожлантиришни жадаллаштириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, ўзаро йўлга қўйилган ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда ИХСРК томонидан берилувчи маслаҳатлар ёрдамида ASIA ALLIANCE BANK кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этувчи «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди. Бу келишувни амалга ошириш доирасида 2020 йилнинг 3-4 февраль кунлари ASIA ALLIANCE BANK банкида ИХСРК вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Банк раҳабарияти билан учрашувда Ислом молия институтлари Департаменти директори жаноб Mohamed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперт жаноб Abdullah Khamis ва лойиҳа раҳбари Музаффар Низомиддиновлар қатнашдилар. ИХСРК вакиллари билан учрашув давомида банк раҳбариятига исломий молиялаш бўйича тақдимот ўтказилди. ИХСРК ва ASIA ALLIANCE BANK ҳамкорлигида бошланган ишлар доирасида 2020 йил охирига қадар алоҳида тузилма шаклида йўлга қўйиладиган «Исломий дарча» фаолияти шариат аҳкомларига мувофиқ банк хизматларини тақдим этиши алоҳида таъкидланди. Мазкур лойиҳанинг улкан аҳамиятини ҳисобга олган ИХСРК вакиллари ўтган музокаралар самарасини юқори баҳоладилар. ASIA ALLIANCE BANK филиалларида шариат аҳкомларига мувофиқ келувчи маҳсулотлар ва хизматлар йўлга қўйилиши корпоратив мижозлар ҳамда жисмоний шахсларга амалдаги банк хизматларига муқобил хизматлар яратилиши, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон аҳолисининг молиявий талабларига мос тушиши, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишини англатади. Манба: kun.uz 156

Қуръон қироатига бериладиган ажр

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўлади” деганларини эшитдим”. Муслим ривояти. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳнинг Китобидан битта ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана ёзилади, ёзилганда ҳам ўн баробар қилиб ёзилади. “Алиф лам мим” битта ҳарф демайман. Балки, “Алиф” битта ҳарф, “Лам” битта ҳарф, “Мим” битта ҳарфдир”. Термизий ривояти. Агар Қуръони каримдаги ҳарфларнинг сони тахминан 340740 та деб олсак, Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилган кишининг ажри жуда улкан бўлишини билиб оламиз. Яъни, ҳар бир ҳарфига бир яхшилик ўн баробар қилиб ёзилишини ҳисобга олсак, Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққан одамга бериладиган ажр 340740 та бўлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳар бир ҳасана ўн баробар қилиб ёзилишини унутмайлик. Демак, 340740 ни 10 га кўпайтирсак, натижа 3407400 бўлади. Бунча ажр Қуръонни бир марта ўқиган кишига берилади. Агар биз ҳар ойда Қуръонни бир мартадан хатм қилиб борсак, у ҳолда Аллоҳнинг изни билан бир йилда 40888800 та ажрга, ҳасанага эга бўламиз. Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг марҳамати кенг. У зот бизга берган ваъдасига асло хилоф қилмайди. Фақат биз ихлос билан, чин қалбимиздан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб адо этсак, ваъда қилинган ажру мукофотларга албатта эришамиз. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни доимий тарзда ўқиб, унга амал қилувчилардан қилсин. Омин! Нозимжон Ҳошимжон таржимаси Манба: muslim.uz 164