islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 2020

Month

​​Келажакка хат

Салом келажакда шу канални архивларини ўқиётган авлодлар. Балки ҳозир 2100 йилдир, балки ундан ҳам кўп. Мен 2020 йилдан ёзяпман. Ёшим 30 да. Ҳозир шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳридаман. Мана бир ойдан бери карантин режимидаман, 13 кунки уйдан ҳеч қаерга чиққаним йўқ. Деразадан ташқарига қарар эканман, мушуклар ва қушлардан бошқа жонзотга кўзим тушмайди. Аммо соат кечки 21 бўлиши билан, одамлар уйларининг деразаларидан туриб қарсаклар чалишади. Шунда ҳис қиламан ёлғиз эмаслигимни. Масжидлардан азон овозини эшитганимда эса бу кўнглимга қандайдир умид бахш этади. Ҳозир худди кино қаҳрамонидайман, гўёки бу кунлар туш, уйғониб кетсам ҳаммаси аввалгидай давом этиши керакдай туюлади. Биз инсоният, ўзимизга жуда қаттиқ ишониб юборган эдик. Илм-фан, янги технологиялар, глобализация жараёнида шундай катта ютуқларга эришдикки, дунёда пандемия рўй беришини ҳаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Биз инсоният, овқат ва томоша, кўнгилхушликлар учун жуда кўп пул сарфладик, спорт ўйинлари, қиммат машиналар, ҳаддан ташқари керакмас нарсаларга ҳам кўп пул сарфладик, Бошқа бир биродаримиз нонга зор йиғлаган вақтда бошқалар ҳаттоки олтинни ейиш мумкин бўлган ҳолатга келтириб истеъмол қилишди. Бизнинг кунлик мавзуларимиз футбол, ғийбат, бемаза приколлар эди. Турмуш ташвишлари, қандай қилиб уйимизни қўшнимизни уйидан баландроқ қилиб қуриш ҳақида ўйлардик. Врачларга кунда кунора қўл кўтардик, ўқитувчига етарли ҳурмат кўрсатмадик. Ҳеч қачон бу инсонларга қаҳрамонлар сифатида қарамадик, олди қочди фильмлар кўрдик попкорн еб, биз учун суперқаҳрамонлар Темир Одам ва Супермен эди. (ҳозир бу киноларимиз сизларга мультфильм бўлиб туюлса керак) 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланди… Бошида буни бизга алоқаси йўқ деб ўйладик. Хитойликларни устига  юборилган бало деб, бундан хурсанд бўлган эшакмиялар ҳам бўлди. Ҳозир эса, қўрқмасдан ёмғир остида сайр қила олмаймиз, ўпкамизни тўлдириб тоза ҳаводан нафас олиб табиатнинг неъматларидан баҳраманд бўла олмаймиз. Биз индустриализация даврида яшадик, ўрмонларни кесиб тугатдик, денгизларни қуритдик, бир замонлар инсон қўли тегмаган жаннатмакон ўлкаларни чўл-у биёбонга айлантирдик… Сизларга, ўзимиздан кейингиларга қандай дунё ташлаб кетишимиз ҳақида ўйламадик, ўйлаганларни устидан кулдик… Сизларда балки ҳозир киберпанк давридир, бизни қандай яшаганимиз жуда примитив ва кулгили туюлар. Балки бизларни қарғарсиз… Биласизми, биз минглаб одамларни чақириб исрофгарчилик билан тўйлар қилардик. Жуда кўп оилалар эса шунга қарамай ажрашиб кетишарди. Биз ўзимиз хоҳлагандай эмас, бошқаларнинг биз ҳақимиздаги фикрларини муҳим деб ҳисоблаб қилардик буни. Дунёнинг энг одам гавжум жойлари бўшаб қолди, бир замонлар болалар кулгиси билан тўлган ўйин майдончалари, бугун кимсасиз етим қолган табиат каби ётибди… Ҳали фарзандларим учун деб бирорта дарахт экишга улгурмаган эдим… Бир замонлар одамларнинг ҳайратли нигоҳлари билан томоша қилинган музейлар бўш, денгизлар, йўллар бўш… Бугун Ватикан ҳам, Қуддус ҳам, ҳатто Каъба ҳам бўш… Биз ўз хатоларимизнинг қурбонларига айландик. Биз хулосалар қилиб, албатта бу балодан қутулишимизга ишонамиз. Сизлар эса биз қилган хатоларни такрорламанглар. Сизларнинг ҳам келажакда дунёга келишингиз, севишингиз, бахтли бўлишингиз, авлодларингиз учун яхши ишлар қилишингизга ҳаққингиз бор. Биз шундай авлод бўлдикки, ўтмиш хатоларидан етарли хулоса қила олмадик, мана энди ўз бошимиздан кечириб хулоса қилмоқдамиз. Сизлар биздай бўлманглар. 27.03.2020 Нурбек Алимов Манба: @nurbekalimov канали 294

СИНОВ ЎТКИНЧИДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: وَلَا تَهِنُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَنْتُمُ الْأَعْلَوْنَ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ “Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз” (Оли Имрон сураси, 139-оят). Аслида бу оят билан Аллоҳ таоло мўминларга Уҳуд жангида мағлубиятга учраганлари сабабли кўнгиллари чўкмаслиги учун тасалли берган. Ҳақиқатдан ҳам мўминлар тушкунликка тушмадилар, бир тану бир жон бўлиб ҳамжиҳатликка интилдилар, собитқадамликни қўлдан бой бермадилар. Натижада Макка фатҳ этилди, мусулмонлар ғолиблик нашидасини суришди, ислом дин деб тан олинди, унинг зафарли одимлари бутун оламга тарқалди. Бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган коронавирус ҳам Аллоҳнинг бир синови. Бунинг учун бўлар-бўлмас ваҳима кўтариш мусулмон кишига ярашмайди. Биз ҳам саҳобалар каби ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Давлатимиз раҳбари ва мутасаддиларнинг амрига қулоқ тутиб, бир ёқадан бош чиқарсак, ҳаммаси тезда жойига тушиб кетади. Фақат бунинг учун озроқ вақт ва сабр керак холос. Бу кўпга келган тўй. Ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак. Лоқайдлик қимматга тушмаслиги учун ҳам ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик шарт. Халқимизда “Ўзини асраганни Худо ҳам асрайди” деган мақол нақадар ўринли. Ҳукуматимиз бунинг учун ҳамма нарсага тайёр, қўлидан келган ишни ортиғи билан бажараяпди. Юртдошларимизнинг саломатлиги учун қайғуриб, жонини жабборга бериб ишламоқда. Шу мамлакатнинг фуқаросиман деган ҳар бир инсон бу борада ёрдам бериши зарур. Бизнинг ёрдамимиз оддий: уйда ўтириш, кўчага чиқмаслик, ваҳима қўзғатмаслик, ҳам ўзимизнинг ҳам ўзгаларнинг саломатлигига қайғуриш. Аллоҳ хоҳласа ҳаммаси изига тушиб кетади. Биз тоату ибодатга, намозу рўзага, дуою илтижога интилишимиз керак. Энди кўзимиз очилмаса, айтинг, қачон очилади? Токайгача гумроҳлик кўчасида санғиб юрамиз? Қалбимиз наҳот шунчалар қотиб кетган бўлса? Унинг қулфини бузадиган вақт келмадими? Аллоҳнинг бу синовигаку дош берармиз, охиратдаги синовига ким ҳам чидай оларди? أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا “Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари» бордир?! (Муҳаммад сураси, 24-оят) Энди қулфларни очмасак бўлмайди. Кеч бўлмасидан ҳаракат қилиб қолайлик. Кеча орамизда борлар бугун йўқ, кеча туппа-тузук юрганлар бугун бемор, кеча ўйнаб юрганлар бугун оёқдан қолган, кеча бозорда ўтирганлар бугун уйига қамалиб қолди. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَنْصُرُوا اللَّهَ يَنْصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур (Муҳаммад сураси, 7-оят). Агар ҳамма ўз бандалик бурчини бажарса, рисоладагидек яшаса, ҳаром ҳаришдан йироқлашса, ҳалолликка интилса, зулмдан сақланса, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечирса, фаҳш, фасод, фитна, ғийбат, туҳмат, бўҳтондан узоқ юрса, иблиснинг ноғорасига ўйнамаса, албатта, ҳаммаси яхши бўлади. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғдир. Ёруғ тунларга, чароғон кунларга етказувчи фақат Унинг Ўзидир. وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” ((Оли Имрон сураси, 189-оят). Аллоҳдан сўрайлик, бу синовдан бизни эсон-омон ўтказсин, дардманларга шифои комил ато айласин. Уларни сафимизга қайтарсин. Ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб, шариатнинг аҳкомларини тўла-тўкис адо этишимизда ҳамиша Ўзи қўллаб-қувватласин. Эркин ҚУДРАТОВ, ТИИ Махсус сиртқи бўлим талабаси 126

Коронавирус тез орада тугайди

Азизларим, сизларга хушхабар бераманки, бу вабо тез орада, шубҳасиз тугайди. Чунки, бу Аллоҳнинг суннатларидан бўлиб, бало Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида узоқ вақт турмайди. У Аллоҳнинг суннатларидан ҳисобланиб, албатта, балонинг вақти оздир. Эй азизларим, “корона” тезда тугайди. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ! Аллоҳга қасам ичиб айтаман ва ушбуларни Аллоҳ номи билан сизлардан сўрайманки, агар “корона” тугаса, ундан кейин рибога қайтманглар, агар корона вабоси тугаса, қизларингиз ва аёлларингиз очиқ-сочиқ ҳаётига қайтмасинлар. Биз бугун “корона”дан қўрқиб инсоннинг инсонга қўл бериб салом беришидан қайтаряпмиз. Инсонлар бугун ўлимдан қўрқмоқдалар. Карантин ва вирусни олдини олиш воситалари билан ҳимояланиб ўлимдан қўрқиб барча чекловларга рози бўлмоқдалар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан сўрайманки, “корона”дан кейин ҳам ҳозир ўзингизни сақлаётгандек ёмон ишлардан четлашинглар. Масжидлар қулфланганидан кейин унга бўлган муштоқликдан кўзлар ёшланди. Шуни ҳам билингки, ўша масжидлар “корона”дан олдин бомдод намозларида бўш эди. “Корона”дан кейин масжидлар яна бўш қолса, мана шу нарсага йиғланглар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан шуни сўрайманки, бу ҳол иймондандир. Бу ҳол тақво ва қўрқишдандир. Бу ҳол даҳшатдандир, Аллоҳга ва ўлимдан қўрқишга яқин бўлишдандир. Аллоҳга қасамки, дунё тезда яна изига тушиб кетади. Бугун инсонларнинг барчаси бир-биридан кечиришларини сўрашмоқда. Барчалари ижтимоий тармоқларда “Аллоҳга қасамки, мени кечир”, “Аллоҳга қасамки, мени авф эт” деб бир-бирларига ёзмоқдалар. “Корона” тезда тугайди, лекин бундан кейин силаи раҳмни узманглар, бундан кейин рибога қайтманглар, бундан кейин оталарингизни ва оналарингизни қариялар уйларига олиб бориб ташламанглар. Буюк давлатлар бугун атом ва бомба сабабидан қуламадилар. Дунёдаги иқтисоди ва ҳарбий кучлари юқори даражада бўлган буюк давлатлар бугун материкларни кесиб ўтадиган ракета зарбалари сабабли қуламадилар. Балки улар шу кўзга кўринмайдиган вирус сабабидан қуладилар. Қани уруш-у тўпалонлар, уларда жон бераётганлар ҳақидаги тезкор хабарлар? Дунёдаги барча зулмлар бирдан тўхтаб жим бўлиб қолди-ку!? Ажобо! Бугун дунёга қаранг! Зулм қилувчилар вирусдан қўрқмоқдалар. Умид қиламанки, Қиёмат кунига қадар шу қўрқув устида қолсинлар. Умид қиламанки, башарият “корона”дан кейин ҳозирги хокисор ва меҳрибонликларида қолсинлар. Азизларим, сўзим сўнгида айтаманки, қани “корона”дан олдин дунёда халоскор бўламан деган “қаҳрамонлар”. Улардан умид қиламизки, қани бизга “корона” муаммосини ечиб берсинлар. Биз томошабинларни вақтимизни ўғирлаб ёлғон-яшиқ хабарлари билан енгил-елпи ҳаётга чақирувчилар, умид қиламизки, улар ушбу қийинчиликни ечиб берадилар! Лекин ечолмайдилар! Барчамиз ўзимизни катта олар эдик. Мана, барчамиз уйларимизга бекиниб олдик. Мўтабар дин уламоларидан дуо ва солиҳ инсонлардан Қуръон тиловатлар қилишини сўраб турибмиз. Ҳаммамиз шифокорларнинг йўл-йўриқ насиҳатларини ва муолажасини умид қилиб ўтирибмиз, ваҳоланки шифокорларни менсимасдик. Ва яна, бугун бизга корона касаллигини даволаб хизмат қилаётганлар шифокорлар бўлмоқда. Ана энди бюджет маблағларини кўп қисмини шифокорларга сарфлайлик. Эй Роббимиз, Эй Роббимиз, биз қадримизни билдик. Эй Роббим етти осмон устидан шоҳид бўлгинки, албатта биз қадримизни билдик. Аллоҳдан бошқада куч-қувват йўқдир. Агар одамлар ер юзидаги илм-фан, технологиялар ва ақлли одамларнинг тадбирлари иш бермади, иш осмондаги Зотга топширилди деса, сизлар шундай денг, Аллоҳ осмонларни яратганидан бери иш осмондаги Зотга топширилгандир. Лекин сизлар зулмларингизда, кибрларингизда ухладингиз, унга ғарқ бўлиб кетдингиз. Буни кўрмадингиз. Эй Робб, биз қадримизни билдик, бизга бу балони бизда узоқ вақт қолдирмагин. Эй Робб, биз билдикки, биз жуда заифмиз. Эй Робб, билдикки, биз фақирмиз. Эй Робб билдикки, Сен Жабборсан, Сен Қаҳҳорсан. Лекин биз Сенинг Роҳман ва Роҳим эканлигингни ҳам билдик. Эй Аллоҳ, бизни гуноҳларимиз сабаб жазоламагин, бизни амалларимиз сабаб жазоламагин....

Синов эмас, ундан ўтолмаслик ёмондир

Аллоҳ таоло Каломи шарифида инсонларни нималар билан синаши ва уларни қандай қабул қилиш кераклигини баён этади: “Албатта, биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “Албатта биз Аллоҳнинг(бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат(мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар” (Бақара сураси, 155-157 оятлар). Ушбу ояти каримани Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ бундай шарҳлайдилар: “Биламизки, аслида  кишилар бошига синовларнинг келиши  ёмон эмас, балки унинг синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида  имтиҳонлар   яхшидир”. Бугун дунё аҳолиси бошида коронавирус касаллигининг ваҳимаси айланмоқда. Ушбу касаллик юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқиш нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган? Бундай кишилар қўрқув билан хатарни янада кўпайтиради. Хавотир ва ваҳима эса хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан ортиқча қўрқувдан четланиш лозим! Эй биродар, ваҳима яшашни бас қилинг! Дунё Ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Бундай ҳолатда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чораларини кўради. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар пайдо бўлган жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббиёт вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши каронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди. Унда барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқиш, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш, жаноза намозларини вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқиш, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилишини маълум қилинди. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш тавсия этилди. Бундан ташқари, бундай вазиятда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақирилди. Минг афсуски, ҳозирги ҳолатда карантин тартиб-қоидалари ва Диний идора Уламолар кенгашининг фатвоси тўғрисида аҳоли орасида нотўғи, асоссиз, бир ёқлама ахборотларни тарқатишга уринишлар бўлиб турибди. Бундай ишлардан қатъий сақланиш зарур. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиш ҳақидаги “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадисга амал қилишимиз лозим. Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, хулоса қилиш дунё ва охиратда пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган киши ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Ишончли маълумотни олиш ва аниқлашда ҳар бир соҳанинг мутахассисига мурожаат қилиш керак. Муқаддас Қуръони карим инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган: “Албатта, ҳар бир...

Cабр барака калитидир

Англашимиз керакки, жаҳолатдан ёмонроқ фақирлик бўлмагани каби, ақлдан яхши бойлик топилмайди. Яна маслаҳатли бўлиш яхши суянч эканлиги, тадбирли бўлиб ҳаракат қилиш ақл соҳибларининг фазилати – гўзал ахлоқли, шубҳали нарсалардан йироқ бўлиш, ҳаёли ва сабр-тоқатли бўлиш имконияти бизга инъом этилган. Тарихдан маълумки, жонажон диёримиз бағрида яшаб, фаолият олиб борган аждодларимиз, ўз даврларида не-не машаққатларни ўта сабр билан, вазмин ҳолда, матонат билан енгиб ўтган. Бу эса, бизга ибрат мактабидир. Иброҳим Адҳам ўзларининг яшаш ҳолатларини таърифлаб айтганларидек, “Бори (бергани)га шукр қилиб, йўғида сабр қилиб”, қаноат билан истиқоматда бўлсак айни мақсадларимиз, муддаоларимиз ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Чунончи, “сабр баракотлар калитидур” унинг соҳиби бўлсак, қаерга борсакда йўлимиз, ишимиз баракали бўлади. Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ларзага келтирган миттигина вирус, барчани огоҳликка даъват этаётгани, жумладан, юртимизга ҳам бу иллатнинг кириб келиши халқимизнинг саломатлиги йўлида кишилар ҳаёт тарзини бироз бўлсада чекловларига сабаб бўлди. Бунга жиддий ёндашиб, мутасадди-фидойиларимиз, жонкуяр раҳбарларимиз, дуогўй уламоларимиз берган кўрсатмаларига қатъий амал қилиб, шижоат билан, баҳорий кўтаринки кайфият билан, ўзимизни турли нохуш ҳолатларга ташламасдан, турли кўнгилхираликларга эргашмасдан, уларнинг фитнаю фасодларига учмасдан ҳаракатда бардавом бўлсак, албатта, сабримизнинг мукофотини Яратганнинг Ўзи кенг даргоҳидан шифо эшикларини очиб қўяжак. Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушганларида бутун ҳудудни вабо касали чулғаб олади. Шунда ул зот билан бирга келган уч ўғиллари ва завжаларидан ташқари қолган инсонлар мазкур касалликдан ҳалок бўлади. Фақатгина Нуҳ алайҳиссалом тадбирли бўлиб, ақл билан иш кўрганликлари сабаб омон қолганликлари ибратдир. Қарангки, юртимизда COVID-19 инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида ўз вақтида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда ёш болалар, мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳамда ишчи фуқаролар ўз уйларида ўтиришлари, турли тадбир ва кечалар, йиғинлар ўтказмаслик таъкидланиши бу – иллатнинг олдини олишнинг энг самарали ечимларидан эканлиги ҳақиқатдир. Шунингдек, фуқароларга бир қатор шарт-шароит ва имкониятлар ҳам яратиб берилаётгани ҳам бизнинг манфаатимиз учунлигини ҳис қилмоғимиз зарур. Мазкур карантин даврида уйда қолиб оёқни чўзиб ётиш эмас, балки, юрт, халқ бошига ташвиш тушганда, жиддий эътибор билан, бунинг олдини олиш борасида ўз ҳиссамизни қўшиш ҳақида ҳамфикр бўлиб мулоҳаза қилсак, ҳеч бўлмаганда турли солиқлардан қарздорлигимиз (ёки олдиндан тўлов) бўлса ҳам имкон топиб онлайн тўловни амалга оширсак, қарздорлигимиз гардандан соқит бўлади. Энди “мана айтишди, карантин даврида солиқларни тўламаса ҳам бўларкан, кредитларни бермасак ҳам бўларкан”, деб қараб турмаслик керак, аксинча, имкон топиб ҳимматли бўлиб қарзларни ўз вақтида тўлашлик – яхши кишиларнинг фазилатидир. “Имкон топган қир ошар” деганларидек,  бундай пайтда муҳтожларга ҳиммат қилсак, ён атрофимиздаги кишиларга ўзимизга раво кўрган яхши нарсаларни улашсак эртага натижаси, мукофоти бўлади, албатта. Эл орасида иззатимиз, ҳурматимиз ҳам шу қадар баланд бўлади. Бугун маълум муддат сукут сақласак – саломатликни топамиз, яхшилик қилсак – тинч-тотувлигимиз мустаҳкам бўлади, муҳтожларга саҳоват қилсак – буюкликни топамиз, қаноату сабр қилсак – ризқу рўзимиз янада зиёда бўлади инша Аллоҳ. Оғир кунларда халқнинг дардига дармон бўлмоқ вазифамиз эканлигини тушуниб, моҳиятини англасак, четда қараб турмасдан қувватимиз етса хизмат қилсак,  мутахассисларнинг кўрсатмаларига қатъий роия қилсак тез кунларда  бу бало юртимиздан даф бўлади. Азизлар, уйда қолиб ҳимматли бўлинг! М. Амонов Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 124
1 2 3 21