Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَا تَهِنُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَنْتُمُ الْأَعْلَوْنَ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ
“Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз” (Оли Имрон сураси, 139-оят).
Аслида бу оят билан Аллоҳ таоло мўминларга Уҳуд жангида мағлубиятга учраганлари сабабли кўнгиллари чўкмаслиги учун тасалли берган. Ҳақиқатдан ҳам мўминлар тушкунликка тушмадилар, бир тану бир жон бўлиб ҳамжиҳатликка интилдилар, собитқадамликни қўлдан бой бермадилар. Натижада Макка фатҳ этилди, мусулмонлар ғолиблик нашидасини суришди, ислом дин деб тан олинди, унинг зафарли одимлари бутун оламга тарқалди.
Бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган коронавирус ҳам Аллоҳнинг бир синови. Бунинг учун бўлар-бўлмас ваҳима кўтариш мусулмон кишига ярашмайди. Биз ҳам саҳобалар каби ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Давлатимиз раҳбари ва мутасаддиларнинг амрига қулоқ тутиб, бир ёқадан бош чиқарсак, ҳаммаси тезда жойига тушиб кетади. Фақат бунинг учун озроқ вақт ва сабр керак холос.
Бу кўпга келган тўй. Ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак. Лоқайдлик қимматга тушмаслиги учун ҳам ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик шарт. Халқимизда “Ўзини асраганни Худо ҳам асрайди” деган мақол нақадар ўринли.
Ҳукуматимиз бунинг учун ҳамма нарсага тайёр, қўлидан келган ишни ортиғи билан бажараяпди. Юртдошларимизнинг саломатлиги учун қайғуриб, жонини жабборга бериб ишламоқда. Шу мамлакатнинг фуқаросиман деган ҳар бир инсон бу борада ёрдам бериши зарур. Бизнинг ёрдамимиз оддий: уйда ўтириш, кўчага чиқмаслик, ваҳима қўзғатмаслик, ҳам ўзимизнинг ҳам ўзгаларнинг саломатлигига қайғуриш.
Аллоҳ хоҳласа ҳаммаси изига тушиб кетади. Биз тоату ибодатга, намозу рўзага, дуою илтижога интилишимиз керак. Энди кўзимиз очилмаса, айтинг, қачон очилади? Токайгача гумроҳлик кўчасида санғиб юрамиз? Қалбимиз наҳот шунчалар қотиб кетган бўлса? Унинг қулфини бузадиган вақт келмадими? Аллоҳнинг бу синовигаку дош берармиз, охиратдаги синовига ким ҳам чидай оларди?
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا
“Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари» бордир?! (Муҳаммад сураси, 24-оят)
Энди қулфларни очмасак бўлмайди. Кеч бўлмасидан ҳаракат қилиб қолайлик. Кеча орамизда борлар бугун йўқ, кеча туппа-тузук юрганлар бугун бемор, кеча ўйнаб юрганлар бугун оёқдан қолган, кеча бозорда ўтирганлар бугун уйига қамалиб қолди.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَنْصُرُوا اللَّهَ يَنْصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
“Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур (Муҳаммад сураси, 7-оят).
Агар ҳамма ўз бандалик бурчини бажарса, рисоладагидек яшаса, ҳаром ҳаришдан йироқлашса, ҳалолликка интилса, зулмдан сақланса, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечирса, фаҳш, фасод, фитна, ғийбат, туҳмат, бўҳтондан узоқ юрса, иблиснинг ноғорасига ўйнамаса, албатта, ҳаммаси яхши бўлади. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғдир. Ёруғ тунларга, чароғон кунларга етказувчи фақат Унинг Ўзидир.
وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” ((Оли Имрон сураси, 189-оят).
Аллоҳдан сўрайлик, бу синовдан бизни эсон-омон ўтказсин, дардманларга шифои комил ато айласин. Уларни сафимизга қайтарсин. Ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб, шариатнинг аҳкомларини тўла-тўкис адо этишимизда ҳамиша Ўзи қўллаб-қувватласин.
Эркин ҚУДРАТОВ,
ТИИ Махсус сиртқи бўлим талабаси