«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади» (Моида, 27).
Бу икки ака-ука, Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил бўлиб, яҳудий ва насронийлар уларни Каэн ва Авил деб атайдилар. Икковлари ҳам Аллоҳга қурбонлик қилдилар, лекин улардан биттасидан қабул қилинди ва у биродарини ўлдиришга қарор қилди.
«Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди” (Моида, 30).
Ҳобил вафот этди, шайтон эса мақсадига эришиб, Қобилни тарк этди ва ғойиб бўлди. Қотил зиёнкорлардан бўлди. У биродарининг жасадини кўтариб юрди ва бу оғир юкдан қандай қутулишни билмай ғамга ботди. Сўнгра, Аллоҳ унга қарғани белги-аломат қилиб юборди. Қарға бир ўлик қушни дафн қилиш учун ерни тумшуғи билан ковлай бошлади. Қобил қушнинг ўзидан кўра раҳмдил эканлигини кўрди, чунки Қобил марҳумни дафн қилишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қарға қушни ерга кўмди ва буни кўрган Қобил:
«Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди (Моида, 31).
Энди, бир ўйлаб кўрсак, йигит ўз туғишганига нисбатан бундай разиллик қилишга уни нима мажбур қилди? Уни қотиллик қилишга ундаган нарсалар кибр, ҳасад ва ғазаб эмасми?!
Ҳар биримиз доимо қалбимизга назар ташлаб Қобилнинг руҳини заҳарлаган ёмонликларни ўзимизда ҳам кўриниш беришини вақтида аниқлаб унга қарши курашишимиз лозим. Агар бу ёмонликлар бўлса, кейинги қадам тавба бўлиши керак. Ахир, Қодир Аллоҳ буюради:
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур, 31).
Ҳамма жаннатга киришни хоҳлайди, лекин кўпчилик бунинг учун ҳеч нарса қилмайди, ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. Баъзилар, ҳатто намозга ва рўза тутишга аҳамият бермайдилар, садақани-ку тамоман унутадилар. Агар биз ибодат қилсак ва унда собит турсак, бошқаларга ёрдам берсак, ота-онамизга ҳурмат билан муносабатда бўлсак ва Ҳобилнинг мана бу сўзларига мувофиқ биздан ҳам Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул қилади:
“Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир” (Моида, 27).
Агар биз Аллоҳга яқинлашишни, яхши ишларимиз ва ибодатларимиз Раббимиз томонидан қабул қилинишини истасак, агар Қодир Аллоҳнинг севгисини ва ҳимоясини олишга интилсак, ҳар бир ҳаракатларимизни самимийлик билан тўйинтиришимиз керак.
Ҳар куни эрталаб уйғониб, ўзимизга савол бериб тергасак, шунда ҳаётимиз ва туйғуларимизни тартибга солишга эришамиз. Биз ўзимиздан, Аллоҳ менинг ибодатларимни, рўзамни, дуоларимни қабул қиляптими, деб сўрашимиз керак. Қабул қилиши учун бизда қандай хислат бўлиши керак?!
Аллоҳ Таолонинг ҳикмати шундаки, биз Унга қилаётган ибодатларимиз қабулми ёки йўқми, билмаймиз. Бу нарса бизни доимо хушёр тортиради, янада ғайрат қилишга ундайди. Шунинг учун Унинг чексиз марҳаматига эришиш учун шукр қилишимиз ва ибодатларимиз қанчалик самимийлиги тўғрисида фикр юритишимиз лозим. Ё Аллоҳ, бизга фойдали илм ва эзгу амаллар ато эт! Омин.
Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси
Пўлатхон Каттаев
Манба: http://yaumma.ru/prophets-histories/2016/03/19/kabil-i-habil.html