islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шамсул Аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин! Ислом уламоларига Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!
Ва баъд:

Исломнинг забардаст муҳташам тарихида буюк алломалар, фавқулодда қобилиятли зотлар, забардаст матонатли шахсиятлар беҳисобдир. Бу улуғ карвоннинг сафига назар солар эканмиз, ундаги виқор савлати, ҳайбат салтанати, самимият маҳобатини кўриб ҳавас умидида термуламиз, улардек бўлиш ўкинчида талпинамиз, уларни севишда энтикиб ҳапқирамиз, етиша олмасдан хўрсинамиз!

√ Булбулнинг бошига келган мусибатлари унинг тилидан – қарғанинг хуник овозда қичқириши – кераксизлигидан!

Бу муҳташам шонли тарих нақадар нолаи фиғонлар чеккан уламоларни ўз саҳнасида меҳмон қилмади дейсиз!? Қанчалик шаллақилик қилмасин, қарғаларни ҳам ўз даргоҳида кутиб-кузатиб қўйди, бу дунё! Ва лекин тарихнинг зархал ҳарфларида ўктам башошат билан муҳтарам алломалар савлати виқор ила кўринади! Қарғалар эса ҳамон бурчак-бурчакларда шумшайганча суринади!

Мана, Имомлар қуёши, ҳанафий фиқҳининг намузажларидан бири, бардош ўрнаги, сабр мударриси Шамсул Аимма Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий!

Хуросонга қарашли Сарахс мавзеъсида туғилган, ҳанафий фиқҳида ўта мўътабар саналган зотлардан ҳисобланади. Сарахс қадимий шаҳар бўлиб, Марв ва Нийсобур орасида жойлашаган. Аллома кейинрок Ўзганга кўчиб келади. Ўзган ўша даврларда Фарғонанинг бир тумани ҳисобланган.

Бу аллома Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг энг яқин шогирди Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг Зоҳири ривоя асарларидан “Жомеъул Кабир” ва “Жомеъулс Сағир”ни, “Зиёдот” ва “Зиёдотуз зиёдот”ни шарҳ қилган. Хассофнинг ”Нафақалар” китоби билан “Адабул қозий” китобини, Таҳовийнинг “Мухтасар”ини ҳам шарҳлаган. Бундан ташқари “Қиёмат аломатлари”, “Фиқҳий фойдалар”, “Ҳайз китоби” номли таълифотлари ҳам мавжуд. Зохири ривоя асарлари шархи ўттиз жилдлик “Мабсут” номли китоб бўлиб, уни ёзиш жараёни эса ғайри одатий бўлган. Имом Сарахсий яшаган Ўзганд шаҳар ҳокими бир аёлни иддаси тугамай ўз никоҳига олади. Бу ҳақда Имомдан масала сўралганида никоҳнинг ботил экани, бундай иш қилиш жоиз эмаслигини айтади. Ҳокимнинг ғазаби келиб Имомни 466 ҳижрий санада чуқур бир қудуққа ташлатади. Сарахсий раҳимаҳуллоҳ шу қудуқда ўн йилга яқин қолиб кетади. Шогирдлари алломадан масала сўраб, қудуқ бошига келишар, Аллома эса қудуқ ичидан туриб уларга “Мабсут”ни ёддан, бирор китобдан фойдаланмай ўша жойда турган ҳолда зеҳний қобилиятнинг ўзи билангина имло қилар, шогирдлар эса унинг имлосини қудуқ бошида туриб ёзиб олишарди. Шу аснода Ўзганднинг зиндонида ўн йилга яқин муддат қолиб кетди. “Мабсут”дан ташқари яна ”Сиярул Кабир”ни ёддан икки катта жилдда шарҳлади.

Аллома бу жилд-жилд илмни бирорта китобдан фойдаланмай қудуқ ичида туриб, ёддан имло қилдирарди! “Мабсут”ни шарҳлар экан бобларни якунлаш асносида ўзининг маҳбусликдаги ғариб холини ўта ҳассос калималар ила ифода қиларди. Шогирдлар илмий муҳитдан завқланиб яшнасаларда, устознинг ғарибликдаги ноласидан қалблари тўлиб, хўнг-хўнг йиғлашарди!

Улардан айрим намуналарни назмий ифодасини келтирсак, қалбларимиздаги ўтинч, виждонларимиздаги туйғулар қўзғалса, қалблар эриб, кўзлар ёшланганда ўтган алломаларимиз ҳақларида гўзал дуоларда бўлсак!

١ -قال في آخر المناسك 4/192 : هذا آخر شرح العبادات، بأوضح المعاني وأوجز العبارات، أملاه المحبوس عن الجمع والجماعات، مصليا على سيد السادات

1. Аллома тўртинчи жилд, бир юз тўқсон иккинчи саҳифада, “Маносик боби”нинг охирида айтади:

Маносиклар боби шарҳин баёни,
Маънолар равшани, мўъжаз бир калом.
Жамиятдан ҳоли буни ёздирган
Бир ғариб кимсадан Расулга салом!

٢-وقال في 7/59: هذا آخر شرح كتاب الطلاق، بالمؤثرة من المعاني الدقاق، أملاه المحصور عن الانطلاق، المبتلى بوحشة الفراق، مصليا على صاحب البراق.

2. Еттинчи жилд, эллик тўққизинчи саҳифада “Талоқ китоби”нинг шарҳи охирида айтади:

Бу талоқ китобин шарҳин охири,
Ёзилди фироқда дақиқ сўз қўллаб.
Ушбуни эрксиз зот сўзлаб ёздирмиш,
Буроқ соҳибига саловат йўллаб.

٣- وقال في آخر شرح الإقرار، انتهى شرح كتاب الإقرار المشتمل من المعاني ما هو سر الأسرار، و إملأ المحبوس في موضع الأشرار مصليا على النبي المختار.

3. Иқрор шарҳи охирида айтади:

Маънолардан даста бўлди Китобул иқрор,
Балқиб чиқди ер юзага мингларча асрор.
Ёмон жойда қолган маҳбус ёздирди уни,
Салавотлар бўлсин сизга, эй Набий Мухтор!

٤- وقال في آخر العتاق 7/241: أملاه المستقبل للمحن بالإعتاق، المحصور في طرف من الآفاق، حامدا للمهيمن الرزاق، ومرتجيا إلى لقائه العزيز بالأشواق

4. Еттинчи жилд, икки юз қирқ биринчи саҳифада “Итоқ (қул озод қилиш) боби” охирида айтади:

Қул озод қилишлик боби сўнгида
Занжирлар дастидан кетолмам қайтиб.
Ушбуни ёздирмиш кишанли кимса
Муҳайминур Раззоқ Зотга ҳамд айтиб.
Азиз Зотга шавқ-ла йўлиқмоқ учун
Бул ғариб дуодан излайди ечим!

٥- وقال في 8/80: انتهى شرح كتاب المكاتب، بإملاء المحصور المعاتب، والمحبوس المعاقب، وهو منذ حولين على الصبر مواظب، وللنجاة بلطيف صنع الله مراقب!

5. Саккизинчи жилд, саксонинчи саҳифада “Мукотоб китоби” шарҳи охирида айтади:

Мукотоб китобин шарҳи тугади,
Зиндонбанд ғарибнинг имлоси ила.
Аллоҳнинг болатиф нажотин кутар
Бардавом сабрла икки йил тўла!?

٦- وفي 8/125: انتهى شرح كتاب الولاء بطريق الإملاء من الممتحن بأنواع البلاء، يسأل من الله تبديل البلاء والجلاء بالعز والعلاء، فإن ذلك عليه يسير!

6. Саккизинчи жилд, бир юз йигирма бешинчи саҳифада “Вало Китоби”нинг шарҳи охирида айтади:

Вало китобининг якунидамиз,
Уни имло қилди жигари пора,
Аллоҳдан балолар ўрнига эваз
Сўрагин, азизлик бадалин сўра!
Зотан бу юмушлар Холиққа осон,
Бўл, деса бўлгувчи бўлур бегумон!

7-وفي آخر البيوع 12/108: انتهى إملاء المنفي المحصور الممنوع، عن الأهل والولد والجموع، الطالب للفرج بالدعاء والخشوع، في ظلم الليالي بالدموع!

7. Ўн иккинчи жилд, бир юз саккизинчи саҳифада “Савдолар китоби”нинг охирида айтади:

Аҳлидан тўсилган, ҳайдалган, гариб,
Имлоси Савдолар китобин топмиш.
Бул кимса дуою хушъуси ила
Намланган кўз билан уйқуга ётмиш.

Китобнинг “Шартлар боби”га келганда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ 476 санада зиндондан озод бўлади. Озод бўлгач Фарғона (Марғилонга)га келади. Фарғонанинг ўша даврдаги амири Ҳасан Сарахсийнинг ҳурматини жойига қўяди. Шогирдлар ҳам устозга эргашиб Фарғонага келишади ва зиндонда чала қолган “Мабсут” ва ”Сиярул Кабир”нинг шарҳини қолган қисмларини 480 ҳижрий сананинг робиъул аввал ойида охирига етказишади. Зиндондан озод бўлгач тақрибан тўрт йилча яшайди. Ҳижрий 483 санада (бир ривоятда 490 сана атрофида) вафот топгани айтилади.
Раббим у зотни файзи раҳматига ноил этсин!

Барча алломаларимизни мақомларини маҳмуд қилсин!

Амалларини мақбул айласин!

Бизлардан ва зурриёдларимиздан ушбу алломалар каби самимий инсонларни чиқарсин, уларнинг босган изларидан яна юра оладиганларни Ўзи яратсин!

Зотан буюк алломалар чиққан юртлардан яна шундай афсонавий зотлар чиқиши табиийдир!

Уларни етиштирган миллат яна ўшалар кабисини етиштиришга қодирдир!
Ва Аллоҳ Ўз ишида Ғолибдир, ва лекин инсонларнинг кўплари билмайди! (Юсуф сураси)

Салоту саломлар Набий муҳтарамга бўлсин!

Бу имло кун келиб ҳужжат бўлажак
Безаклаб беражак Олим бақосин.
Илоҳо, Ўзингга ўтинажакмиз:
Ижобат айлагин дўстлар дуосин!

Амин!

Аброр Мухтор Алий

102060cookie-checkШамсул Аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳ
2 та фикр мавжуд
  1. Қодиржон

    Ассолому алайкум ! Олмалиқ шаҳриданман. Уч турт кун аввал Узган шахрига бориб Шамсул Аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг кқабрларини зиёрат қилиб қайтдим. Ул ҳазратларни қабрлари ва теварак атрофлари обод маконга айланибди. Имом Сарахси мачити салобат курсатиб турибдми. Балалигимда ёзги кунларимни кўпини шу атрофда ўйнаб юрганман. Каб усти анчагина хароб ва қаровсиз эди. Узганликлар қалбида ғурур ва қувонч излари порлайди.
    Сизга саволим бор эди. Имим сарахсий қабрлари қаерда? Интернет малълумотларида турлича маълумотлар бор, баъзиларида Марв шахрида дейилса, ва бошқа маълумотларда Марғилон (янги Марғилон) дейилади. Ўзган ва бутун Қирғизистон ахли қабрни Ўзганда эканлигига ишонадилар. Бундай ноъмалум хеч қандай изоҳсиз маълумотлар Узган халкини ранжитиши мумкин албатта. Яна бир Зиндонда 10 ва 16 йил ётганлар деган маълумот ҳам бор.
    Шуларга нисбатан фикрингизни билмоқ истар эдим.

  2. Қодиржон

    Ассолому алайкум ! Олмалиқ шаҳриданман. Уч турт кун аввал Узган шахрига бориб Шамсул Аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг кқабрларини зиёрат қилиб қайтдим. Ул ҳазратларни қабрлари ва теварак атрофлари обод маконга айланибди. Имом Сарахси мачити салобат курсатиб турибдми. Балалигимда ёзги кунларимни кўпини шу атрофда ўйнаб юрганман. Каб усти анчагина хароб ва қаровсиз эди. Узганликлар қалбида ғурур ва қувонч излари порлайди.
    Сизга саволим бор эди. Имим сарахсий қабрлари қаерда? Интернет малълумотларида турлича маълумотлар бор, баъзиларида Марв шахрида дейилса, ва бошқа маълумотларда Марғилон (янги Марғилон) дейилади. Ўзган ва бутун Қирғизистон ахли қабрни Ўзганда эканлигига ишонадилар. Бундай ноъмалум хеч қандай изоҳсиз маълумотлар Узган халкини ранжитиши мумкин албатта. Яна бир Зиндонда 10 ва 16 йил ётганлар деган маълумот ҳам бор.
    Шуларга нисбатан фикрингизни билмоқ истар эдим.

    Мен олдин фикр билдирмаганман.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: