Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг китоб мутолааси, китоб чоп этиш, китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш бўйича чиқарган меъёрий ҳужжатлари мамлакатимиз аҳлининг китобга муносабатини ўзгартириш, китоб ўқишга бўлган рағбатини кучайтириш борасида муҳим дастуриламал бўлгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Шунга асосан талаба-ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларда китоб мутоаласига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида Тошкент ислом институти АРМ ва “Моварауннаҳр” нашриёт-матбааси билан ҳамкорликда “Китоб ёшлар нигоҳида” шиори остида китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди.
Китоб – инсониятнинг маданий ва маънавий меросидир. “Ўқинг ва ўрганинг. Жиддий китобларни ўқинг, қолганини ҳаётнинг ўзи беради” деган эди Федор Достоевский. Ҳақиқатдан ҳам бугун ўқилиши зарур бўлган китобларни сони талайгина. Аммо, бировни мажбурлаб китоб ўқитиб бўлмайди, инсон эркин фикр юритиши, энг эзгу туйғуларни қалбига олиб кириш учун ҳам мунтазам китоб мутолаа қилиш керак.
Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Мутолаа қилган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки бугун диний таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Китобхонлик” кунлари ташкил этилган. Шунга мувофиқ Тошкент ислом институтида ҳар ойда китоб кўргазмасини ташкил этиш талабалар ўртасида ҳақиқий анъанага айланиб улгурган.
Бугун мазкур кўргазма-савдода нашриёт томонидан китобхонларга 40 дан ортиқ номдаги 500 га яқин ўқув дарсликлари, бадиий, илмий, диний-маърифий адабиётлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тилидаги луғат китоблари, шеърий тўпламлар намойиш этилди. Мана шундай китоб кўргазмаларининг ўтказилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада оширади.
Ахборот-ресурс маркази мудири
Ў.СОБИРОВ