Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, саодат асрида ва унга яқин даврларда Аллоҳ таолони барча айбу-нуқсонлардан поклаб ёд этилганига, У зотнинг сифатлари истеъмол қилинганидан ортиқ баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз.
Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия ва мушаббиҳа каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли бузуқ даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг бузуқ даъволаридан бири Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш бўлган. Шундан кейингина Аллоҳ таолонинг маконлардан пок экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Мазкур фирқаларнинг даъволарига аҳли сунна вал жамоа уламолари Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар. Ушбу масала бўйича Аҳли сунна ва адашган фирқалар орасидаги фарқлар қуйидагича бўлган:
Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: Аллоҳ таоло махсус маконда яъни Аршда, дейишган.
Нажжория фирқаси: Аллоҳ таоло барча маконда, дейишган.
Муътазилийлар: Аллоҳ таоло барча маконда, лекин зоти эмас, балки илми барча маконда, дейишган.
Аҳли сунна вал жамоа: Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан пок, дейишган.
Машҳур ватандошимиз Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ “Ақоид” номли асарларида бу ҳақида қуйидагича ёзганлар:
و لا يتمكن فى مكان
У зот бирор бир маконда ўрин олмайди.
Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятлардир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди, орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам, Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичларига ололмайди. Аллоҳ таоло бундай нуқсонли хусусиятлардан покдир.
Демак Аҳли сунна ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ, “Аллоҳ таоло макондан пок”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлган.
Шунга кўра, агар мазкур фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ё “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат бериш эса билиттифоқ куфр саналган.
Аммо кейинчалик аҳли суннага нисбат берилганлар ичидан ҳам, “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда”, дейдиганлар пайдо бўлган.
Энди бу тоифа билан олдиндан “Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлишдан пок” деб эътиқод қилиб келган аҳли сунна жумҳури орасидаги фарқ янада нозиклашган:
- Аҳли сунна жумҳури: зоҳиран юқорига далолат қиладиган оят ва ҳадислар муташобиҳдир, улардан Аллоҳ таолонинг осмонда эканини билдириш ирода қилинган деб жазм қилинмайди, балки нима ирода қилинганини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилинади, дейишган. “Аллоҳ осмонда” дейдиганлар: “Қуръон, суннат ва саҳобаларнинг сўзлари Аллоҳ таолонинг буюклигига мос равишда осмонда эканига ҳужжатдир, дейишган.
- Аҳли сунна жумҳури: “Аллоҳ таолони бирор тарафда дейиш У зотга нуқсонли сифатни нисбат бериш бўлади”, дейишган. “Аллоҳ осмонда” дейдиганлар: Аллоҳ таолони макон олмасдан осмонда дейиш, нуқсонли сифатни нисбат бериш ҳисобланмайди, дейишган.
Бу тоифанинг келтирган далил ҳужжатларига аҳли сунна жумҳури бирма-бир батафсил жавобларини берганлар. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ
Унга хуш каломлар юксалур.[1]
Яъни, хуш каломларнинг Унга кўтарилиши, У зотнинг юқорида эканига далолат қилади.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг таолонинг самода, ё юқорида эканига далил йўқ, балки хуш каломларнинг қабул қилинишига далил бор. Чунки юксалиш каломлар тўғрисида ҳақиқий маънода ишлатилмайди, балки жисмларда ҳақиқий маънода ишлатилади.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ
Мен сени вафот эттирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман.[2]
Яъни, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Ўзига кўтарувчи эканини айтган. Бу ҳам У зотнинг юқорида эканига далилдир.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Бу оят ҳам асло Аллоҳ таолонинг юқорида эканига далил бўла олмайди. Чунки бирор нарсанинг юқорисида бўлиш жисми ва чегараси бор нарсаларда бўлади, Аллоҳ таоло жисм ҳам эмас, бирор нарса Уни чегаралай ҳам олмайди. Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссаломни Ўзига кўтарганига келадиган бўлсак, бу оят муташобиҳ бўлиб, қандай қилиб Ўзига кўтарганини У зотнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди ва билишга буюрилган ҳам эмас. Шунинг учун бундай оятларнинг таъвилига киришмаслигимиз балки, унга иймон келтирдик барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дейишимиз лозим бўлади.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الْأَرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ
Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишдан омонда бўлдингизми?[3]
Ушбу оятда келган “Осмондаги зот“дан Аллоҳ таоло ирода қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг осмонда эканига очиқ-ойдин далилдир.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оят қуйидаги маъноларда тафсир қилинган:
- Салтанати, буйруғи, қайтариғи, ва тадбири самода бўлган зотнинг сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? Самонинг хосланиши эса, фаришталарнинг маскани, Арш, Курси, ва Лавҳул маҳфуз каби улуғ нарсаларнинг ўрни бўлгани учундир.
- Ушбу оятда кофирларнинг эътиқодларига кўра хитоб қилинган. Яъни Аллоҳ таолони бошқа махлуқларга ўхшаш деб эътиқод қилган кофирларга, эътиқодларига мувофиқ хитоб қилинган.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ
Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар.[4]
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг юқорида экани айтилган. Бу ҳам У зотнинг осмонда эканига далолат қилади.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг самода ё аршда эканига бирор далолат йўқ. Оятда келган уст маъносига далолат қиладиган فوق калимаси икки хил маънода ишлатилади:
- Бирор жисм бошқа жисмнинг боши тарафида туриши маъносида, яъни бири иккинчисининг боши тарафида турса, унинг устида дейилади. Аслида бирор нарсанинг усти деганда бош тарафи, пасти деганда оёқ тарафи тушунилади. Шунга кўра баъзи жисмларининг уст тарафи бошқа жисмларнинг паст тарафи бўлиши ҳам мумкин. Масалан: уйнинг ичидаги инсонга шифт уст тараф бўлса, шифтда ўрмалаётган чумоли учун паст тараф ҳисобланади.
- Мартаба маъносида, яъни ходим устидаги раҳбарига итоат қилади, дейилгани каби. Бу маъно оятларда ҳам келган. Масалан:
وَإِنَّا فَوْقَهُمْ قَاهِرُونَ
Биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз.[5] Яъни ушбу “Улар устидан” деган сўздан, ҳеч ким Фиръавн Бани Исроил қавмининг елкаларига миниб олиб, бош тарафларида туриб қаҳр ўтказган,” деган маънони чиқармайди. Балки “эгалик ва ғолиблик тарафидан қаҳр ўтказувчимиз” деган маънони чиқаради. Қолаверса, юқори тарафда туриш мадҳга далолат қилмайди. Чунки қўриқчи ҳам подшоҳдан юқори тарафда туриши мумкин, бундан унинг матрабаси подшоҳдан ҳам юқори, деган тушунча келиб чиқмайди.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى
У – Роҳман аршни эгаллади.[6]
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг аршга истиво қилгани айтилган, арш эса барча махлуқотлардан юқорида ҳисобланади. Шунинг учун бу оят ҳам У зотнинг барча махлуқотларидан юқорида эканига далил бўлади.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Қуръони каримда кўплаб ўринларда келган “У – Роҳман аршни эгаллади” маъносидаги оятни ҳам Аллоҳ таолонинг юқори томонда эканига далил қилиш мумкин эмас. Бирор тарафда бўлиш Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига лойиқ эмас. Чунки қайси тарафдан ўрин олган дейилса ҳам У зотнинг ўша тараф билан ниҳояланиши лозим бўлиб қолади. Нима нарсанинг бирор жиҳатдан ниҳояланиши жоиз бўлса, унинг бошқа жиҳатдан ҳам ниҳояланиши жоиз бўлиб қолади. Аллоҳ таоло булардан олий ва буюкдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлмасдан Ўзининг буюклигига лойиқ равишда истиво қилган, деб эътиқод қилиш лозим. Истивонинг луғавий маъносига келадиган бўлсак, аслида ушбу оят У зотнинг буюклигини, қудратини, мулкини таърифлаб ворид бўлган. Араблар бу калимани мулкни эгаллашга киноя қилиб ишлатишган. Масалан: агарчи ҳали бирор марта ўтирмаган бўлса ҳам, мамлакатни эгаллаган кишига нисбатан:
فلان استوى على كرسى المملكة (Фалончи мамлакат курсисисини эгаллади) дейишган. Улар бу сўзлари билан фақат мулкни ирода қиладилар, ўша подшоҳнинг мамлакат курсисининг усти тарафидан жой олганини ирода қилмайдилар.
Арш барча мавжудодларни ўз ичига қамраб олганига кўра уни эгаллаш барча мавжудодларни эгаллаш ҳисобланади. Бошқалари ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Шунинг учун استوى калимасини استولى маъносига ҳамл қилиш жоиз бўлади.
Аслида ўтган уламоларимиз бу оятни Аллоҳ таоло осмонда эканига далил қилиш у ёқда турсин у ҳақида сўрашни бидъат деганлар.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
عن أبي هريرة : أن رجلا أتى النبي صلى الله عليه و سلم بجارية سوداء فقال يارسول الله إن علي رقبة مؤمنة فقال لها ” أين الله ؟ ” فأشارت إلى السماء بإصبعها فقال لها ” فمن أنا ؟ ” فأشارت إلى النبي صلى الله عليه و سلم وإلى السماء يعني أنت رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال ” أعتقها فإنها مؤمنة ” رواه ابو داود
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қора танли чўрини олиб келиб, эй Аллоҳнинг Расули менинг зиммамда мўмина чўрини озод қилиш мажбурияти бор, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрига: “Аллоҳ қаерда” дедилар. У бармоғи билан самога ишора қилди. “Мен кимман” дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва самога ишора қилди, яъни сиз Аллоҳнинг элчисисиз маъносига ишора қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уни озод қил, у мўминадир” дедилар. Абу Давуд ривояти.
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “Аллоҳ қаерда” деб сўраганлар. Бу сўровга жавобан осмонга ишора қилган чўрини мўмина эканига ҳукм қилганлар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда эканига ёрқин далилдир.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Осмонга ишора қилган чўри ҳақидаги ҳадисдан ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда экани маъноси чиқмайди. Чунки баъзи ривоятларда ушбу чўрининг соқов бўлгани айтилган. Соқов ўзининг эътиқодини ишора билан тушунтирган. Яъни у ўзининг маъбуди санамлар уйида эмас балки самонинг илоҳи эканини тушунтирган. Чунки уларнинг урфида санамлар ернинг илоҳлари, Аллоҳ самонинг илоҳи деган тушунча бўлган.
- “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:
فَكَانَتْ زَيْنَبُ تَفْخَرُ عَلَى أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَقُولُ زَوَّجَكُنَّ أَهَالِيكُنَّ وَزَوَّجَنِي اللَّهُ تَعَالَى مِنْ فَوْقِ سَبْعِ سَمَوَاتٍ رواه الْبُخَارِيُّ
Зайнаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига фахрланиб: сизларни қариндошларинг никоҳлаб беришган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмон устидан никоҳлаб берган, дерди. Бухорий ривояти.
Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ушбу сўзларида ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далил бор.
Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Зайнаб розияллоҳу анҳо асло Аллоҳ таоло етти осмон устида, демаганлар балки, Аллоҳ таолонинг у зотни никоҳлаб бериши етти осмон устидан бўлганини айтганлар.
“Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг булардан бошқа далилларига ҳам шу тарзда жавоблар берилган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг саҳобаларидан бирортаси ҳам: эй инсонлар, мен Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қиламан, демаганлар. Балки банданинг Роббисига қандай бандалик қилишини таълим берганлар. Турли фирқаларнинг фитналари пайдо бўлгандан кейингина бу масала тўғрисида сўз юритишга мажбур бўлинган.
Шу ўринда Аллоҳ таолонинг бирор тарафда бўлишдан пок экани тўғрисидаги далилларнинг баъзилари билан танишиб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз.
Аҳли сунна жумҳурининг далиллари:
- Аллоҳ таоло Шўро сурасида шундай хабар берган:
لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ
У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир.[7]
Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига, ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан пок эканига ёрқин далилдир. Зеро Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа жисмларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир.
- Бақара сурасида шундай хабар берган:
اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир.[8]
Аллоҳ таоло Ўзининг қаййумлигини, яъни барча махлуқотларни тутиб турувчи эканини айтган. Бу эса У зотнинг борлиги ўз-ўзидан эканига, бошқа барча нарсаларнинг бор бўлиши У зотга боғлиқ эканига далолат қилади. Шунга кўра агар Аллоҳ таолони бирор тарафда дейилса, Унинг борлигини ўша тарафга боғлиқ қилиш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг қаййум сифатига зид нарсани исбот қилишдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор томонда бўлишдан пок, томонларни ҳам, маконларни ҳам тутиб турувчидир, деб эътиқод қилиш лозим.
- Ҳашр сурасида шундай хабар берган:
هُوَ اللَّهُ الْخَالِقُ الْبَارِئُ الْمُصَوِّرُ
У – Аллоҳ – Холиқ, Бориъ, Мусоввирдур.[9]
Аллоҳ таоло Ўзининг Мусоввир эканини яъни барча нарсаларга суврат берувчи эканини баён қилган. Агар Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, Ўзи ҳам тасвирланган бўлиб қолади. Бунда Ўзини Ўзи тасвирлаган ё бошқа Уни тасвирлагани юзага келади. Ҳар иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг шаънига лойиқ эмас.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо ўқишни таълим берганлар:
وَأَنْتَ الظَّاهِرُ فَلَيْسَ فَوْقَكَ شَىْءٌ وَأَنْتَ الْبَاطِنُ فَلَيْسَ دُونَكَ شَىْءٌ رواه مسلم
Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ. Муслим ривояти.
Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий (458-ҳижрий санада вафот этган) роҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деганлар: Баъзи асҳобларимиз Аллоҳ таолодан маконни нафий қилишга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ” сўзларини далил қилишган. Чунки юқорисида бирор нарса бўлмаса, пастида бирор нарса бўлмаса, бирор маконда бўлмаган бўлади.
Энди Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан ҳозирги асримизгача яшаб ўтган мўътабар уламоларимизнинг ушбу масала ҳақидаги сўзларига эътибор берайлик:
Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлишдан пок экани тўғрисидаги аҳли сунна уламоларининг сўзлари:
- Хулафои рошидинларнинг бири, улуғ саҳоба Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان
Аллоҳ таоло бўлган бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир. Абу Мансур Бағдодий “Ал-фарқу байнал фирақ” китобида келтирган.
- Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидийн Али ибн Ҳусайн роҳматуллоҳи алайҳ (94-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:
انت الله الذى لا يحويك مكان
Сен – бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан. “Соҳийфатус сажжадия) китобида келтирган.
- Имом Жаъфар Содиқ роҳматуллоҳи алайҳ (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:
من زعم أن الله في شيء، أو من شيء، أو على شيء، فقد أشرك؛ إذ لو كان على شيء لكان محمولا، ولو كان في شيء لكان محصوراً، ولو كان من شيء لكان محدثاً.
Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади. Қушайрий “Рисалатул Қушайрия”да келтирган.
- Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ (321-ҳижрий санада вафот этганлар) “Ақида” номли рисолаларида шундай ёзганлар:
لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات
У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани) сингари ўз ичига ололмайди.
- Аҳли сунна вал жамоа имоми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ (333-ҳижрий санада вафот этганлар) “Тавҳид” номли китобларида “Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги” номли бобда шундай ёзганлар:
إذ قد ثبت ان قد كان و لا مكان… أن القول بالمكان ليس من نوع التعظيم و التبجيل
Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир… Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас.
- Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ (505-ҳижрий санада вафот этганлар) “Қоваъиул ақоид” номли асарларида шундай ёзганлар:
و انه لا يحده المقدار و لا تحويه الاقطار و لا تحيط به الجهات و لا تكتنفه الارضون و لا السموات
Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, ерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди.
- Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қосталоний роҳматуллоҳи алайҳ (923-ҳижрий санада вафот этганлар.) “Иршадус сорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” номли китобларида шундай ёзганлар:
ذات الله منزه عن المكان و الجهاة
Аллоҳ таолонинг зоти барча макондан ва барча тарафдан покдир.
- Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий роҳматуллоҳи алайҳ (1404-ҳижрий санада вафот этганлар.) “Ал-айатул муҳкамат” номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар:
اتفق علماء السنة على ان الله غنى عن كل شيء و كل شيء مفتقر اليه قائم بنفسه لا يحتاج الى محل و لا الى مخصص فهو الذى خلق الزمان و المكان و هو على ما عليه كان
Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир.
Яҳё ибн Муоз Розий роҳматуллоҳи алайҳдан: Бизга Аллоҳ азза ва жалла ҳақида хабар беринг? дейишди. У зот: Бир илоҳдир, дедилар. У қандай, деб сўрашди. У зот: Молик, Қодир, дедилар. У қаерда, дейишди. У зот: кузатувда, дедилар. Сўровчи: мен буни сўрамадим, деди. У зот: бундан бошқача бўлса махлуқнинг сифати бўлиб қолади, У зотнинг сифати эса сенга хабар берганимдек, дедилар.
Абу Усмон Мағрибийнинг ходими Муҳаммад ибн Маҳбуб шундай деган: бир куни менга Абу Усмон Мағрибий: эй Муҳаммад, агар биров: Маъбудинг қаерда, деса нима дейсан? деди. Мен: азалдаги ўрнида, дейман, дедим. У: азалда қаерда бўлган деса нима дейсан, деди. Мен: ҳозирги ўрнида, дейман дедим. Яъни У бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган, ҳозир ҳам У олдин қандай бўлса ўшандайдир, дедим. У жавобимдан рози бўлди.
Демак ушбу маълумотлардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак биз аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз:
Аллоҳ таоло азалийдир. У бирор нарсага ўхшамайди, Унга ҳам бирор нарса ўхшамайди. У бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. Замонлару маконлар йўқ пайтда У зот қандай бўлса ҳозир ҳам ўшандайдир” деймиз.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога энг афзал салавот ва саломлар бўлсин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим
[1] Фотир сураси 10-оят.
[2] Оли Имрон сураси 55-оят.
[3] Мулк сураси 16-оят.
[4] Наҳл сураси 50-оят.
[5] Аъроф сураси 127-оят.
[6] Тоҳа сураси 5-оят.
[7] Шуро сураси 11-оят.
[8] Бақара сураси 255-оят.
[9] Ҳашр сураси 24-оят.