islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг!

Бугунги кунга келиб, дин мавзуси ва диндорлар билан боғлиқ масалалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё мамлакатлари учун ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Афсуски, жаҳонда экстремизм ва терроризм муаммоси кучайиб боргани сари ушбу масала қайта-қайта кўриб чиқиляпти.

Албатта, бундай вазиятда давлатнинг диний соҳадаги сиёсати қандай бўлиши керак, деган табиий савол туғилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳамда жамиятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан жойларда олиб борилаётган экстремистик ҳамда террористик ташкилотларнинг ёт ғояларига қарши курашни айрим гуруҳлар давлатни дунёвийлаштириш (секуляризация), яъни жамият ва давлат ҳаётида диннинг ролини мақсадли пасайтириш сиёсати, деб талқин қилмоқдалар.

Аввало, мазкур атамани тўғри тушуниш ва тўғри талқин этиш зарур. Дунёвийлик, бу — давлат бошқарувининг диний қонунлар ёки дин муҳим ўрин эгаллаган тузумидан давлат бошқарувининг дунёвий моделига ўтишидир.

Холис фикр 

Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, Конституциянинг 61-моддасида: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, — деган норма қатъий белгилаб қўйилган.

Шу маънода Ўзбекистон диний тузумдан дунёвийлик тузумига ва айниқса,  атеистик тузумга ўтяпти, деган гаплар асоссиздир.

Хўш, дунёвийлик нима? Дунёвийлик айрим кишилар хато талқин этаётгандек, атеизм эмас. Дунёвийлик худони, имонни инкор этмайди.

Ўзбекистоннинг дунёвий давлат сифатида диний соҳадаги сиёсати шундан иборатки, давлат бирор-бир динни расмий, деб ҳисобламайди ва ҳеч бирини диний мансублик асосида бошқа динлардан устун қўймайди.

Яъни давлат динни сиёсийлаштиришга йўл қўймайди, бироқ айни пайтда диний ташкилотлар ва конфессияларнинг ривожланишига кўмак кўрсатади, уларнинг ички ишларига аралашмайди, диндорларга диний эҳтиёжларини қондиришларига тўсқинлик қилмайди.

Давлат диндорларнинг диний маросимларни қандай ўтказиш кераклиги, нималарга риоя қилиш ёки бошқа шу каби масалалар бўйича кўрсатма бермайди. Буларнинг барчаси диний соҳа вакиллари ваколатига киради. Давлат органлари барча диний ташкилотлар томонидан қонунга риоя этилишини назорат қилади.

Кўриниб турибдики, давлат холис ҳакам сифатида хизмат кўрсатади ва ҳар бир шахснинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ҳурмат қилади.

Шу билан бирга, давлатнинг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари орқали тартибга солинадиган масалаларга диний ташкилотларнинг аралашишига йўл қўйилмайди. Масалан, таълим муассасалари тартиб-қоидаларига риоя қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарори ёки вазирлик буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналари қайси ижтимоий гуруҳга, қайси миллатга мансублиги ҳамда диний эътиқодига қарамасдан мазкур қарор ва буйруққа қатъий риоя қилинишини таъминлайди. Қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормаларни бажариш эса барча учун мажбурийдир.

Хўш, нима учун кейинги вақтларда Ўзбекистонда давлат ва дин орасидаги муносабатларни аниқ белгилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда? Эҳтимол айрим фуқаролар бунинг сабаби дин соҳаси давлат ҳокимиятига нисбатан юқорилаб кетаётганлиги натижасидир, деб иддао қилишлари мумкин.

Тан олиб айтиш керак, ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда жамиятдаги айрим гуруҳлар, ҳатто баъзи дин вакиллари сиёсат билан дин ажралмасдир, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаси ислом дини қоидалари асосида бошқарилиши керак, деган демократия тамойилларига зид даъволарни кун тартибига киритишга ҳаракат қилдилар. Айрим кучлар томонидан давлат бошқариши лозим бўлган соҳаларга диний меъёрларни киритиш талаблари ҳам қўйила бошланди. Жамиятда диний меъёрлар доирасини асоссиз кенгайтиришга, ҳатто динни сиёсийлаштиришгача бўлган уринишлар кўзга ташланди.

Бундай даъволар мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва охир-оқибатда диний-ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга уриниш ҳисобланади.

Бундай жараёнлар дунёнинг қатор давлатларида кечмоқда. Ҳатто ислом давлатлари раҳбарлари ҳам соғлом сиёсий кучлар ҳамда диний радикализм ва экстремизм ўртасида ғоявий қатъий кураш авж олаётганлигини тан олмоқдалар. Айрим мамлакатларда ҳукумат ва диндорлар ўртасида зиддиятлар кучайиб, ҳокимият учун кураш авж олмоқда. Бошқа томондан, халқаро миқёсда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланиш орқали сиёсий, маданий ва гуманитар таъсир ҳудудларини кенгайтиришга уринишлар кузатилмоқда. Баъзи гуруҳлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа бир қатор давлатларда ҳам жамиятни қонунлар эмас, балки шариат меъёрлари бошқариши лозим, деган шиорларни олдинга сурмоқдалар. Аммо бундай йўл Ўзбекистон учун мақбул эмаслигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Дунёвий давлат тузумидан исломий давлат тузумига қадам қўйган айрим мамлакатларнинг тарихига бир назар солайлик. Исломни сиёсийлаштириш диний асосда сиёсий партиялар ва гуруҳларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Исломда қарама-қарши оқимлар ва қарашлар мавжудлиги сабабли мазкур партиялар ҳамда гуруҳлар ўртасида рақобат ва кураш кучайди. Охир-оқибат буларнинг барчаси давлатнинг миллий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатди.

Шунинг учун ҳам диний меъёрлар ва ақидаларни қўллашни асоссиз кенгайтиришга йўл қўйиб бўлмайди. Мустақилликнинг илк даврида Ўзбекистон ҳам бошқа қўшни давлатлар каби диндорлар фаолиятига аралашмаслик ҳамда бошқармасликдан келиб чиқиб иш кўрди ва барча диний оқимларга эркинлик берди. Бунинг натижасида муқаддас ислом дини ниқоби остида ёт ғоя ҳамда турли бузғунчи оқимлар кириб кела бошлади. Бу жараён, ўз навбатида, чет элларда фаолият кўрсатаётган муайян гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозир ҳам ушбу гуруҳлар томонидан тегишли қўпорувчилик ишлари олиб борилмоқда. Улар ўз мақсадларига эришиш учун маҳаллий фуқаролар орасидан ўз тарафдорларини сотиб олмоқдалар ва бунинг учун молиявий маблағларни аямаяптилар.

Ўзбекистонда фикрлар хилма хиллиги мавжуд бўлиб, ҳеч кимнинг маълум бир қарашларга эга бўлишига ёки қайси бир динга эътиқод қилишига қаршилик кўрсатилмайди. Бузғунчи мaфкуралар, шу жумладан, бузғунчи ғояларга қарши тақиқловчи чоралар орқалигина курашиб бўлмаслигини эса тарих кўрсатди. Яъни одамларга ўйлашни, у ёки бу муайян динга, ҳатто у нотўғри бўлса ҳам, эътиқод қилишни тақиқлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам янгиланаётган Ўзбекистон тақиқлаш сиёсатидан воз кечди.

Бироқ давлат маълум бир мафкура ёки ғояни бузғунчи деб аташи мумкин. Бунга унинг ҳуқуқи бор. Бугун айрим диний оқимларнинг ғояларини оддий фуқаролар ҳам бузғунчи деб ҳисобламоқда ва уларни тақиқлаш лозимлигини давлатдан талаб қилмоқда. Лекин давлат уларни тақиқлаш йўлидан бормаяпти. Чунки ушбу мафкуралар ва ғоялар алоҳида фаолият юритадиган ташкилот эмас, балки нотўғри бўлса ҳам, қарашлар, фикрлар, эътиқодлар тизимидир. Бу давлат бундай бузғунчи мафкура ва ғоялар билан курашмайди, дегани эмас. Давлат мазкур мафкура ва ғоялар тарқалишининг олдини олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, албатта.

Бу нима дегани? Ҳар кимнинг эътиқоди унинг шахсий ишидир, лекин агар кимда-ким зарарли мафкура ва ғояларни тарғиб қилса, бошқаларни унга мажбурласа, бундай ҳолда давлат тегишли чоралар қўллаш ҳуқуқига эгадир.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати бузғунчи мафкура ва ғоялар билан курашишда фақат ахборот, тушунтириш ҳамда профилактика ишларига урғу бермоқда ва буни барча бирдек эътироф этмоқда.

Экстремистик ва террористик ташкилотларнинг бузғунчи ғояларига қарши курашиш, мамлакатда бу борада амалга оширилаётган ишларни тушунтириш бўйича барча вилоятларда экспертлар, диншунослар ва имом-хатиблардан иборат тарғибот гуруҳлари фаолият олиб бормоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушган шахсларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, мазкур ишлар сифатини янада юксалтириш зарур.

Бугун мамлакатимизда диний соҳада етарли билимга эга тажрибали диншунослар ва экспертлар мавжуд. Лекин шунга қарамай, диний соҳа вакилларининг диний ҳамда дунёвий билимларини янада ошириш, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати ҳамда бошқа соҳаларда дадил баҳсга кириша олишлари учун уларга кўмак кўрсатилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда имом-хатиблар, имом-ноиблар учун турли йўналишларда ўқувлар ташкил қилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, миллий ҳамда диний қадриятларни асраб-авайлаш, бой илмий-тарихий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний маърифий соҳада фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз ва яхлит тизими ҳам яратилганини қайд этиш жоиз.

Хусусан, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда Калом ва Ҳадис, Бухорода Тасаввуф, Қашқадарёда Ақида, Фарғонада Фиқҳ илмий мактаблари ташкил этилди.

Бундан ташқари, биринчи марта вертикал диний таълим тизими яратилиб, ислом фанлари бўйича фалсафа доктори ҳамда фан доктори илмий даражаларини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ва докторантура йўналишлари жорий этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Фонднинг асосий вазифаси этиб масжид ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, ободонлаштириш, диний соҳа ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кабилар белгилаб қўйилди.

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муқаддас зиёратларни адо этиш билан боғлиқ бир қатор имкониятлар яратилди.

Маълумки, илгарилари Умра зиёратига белгиланган квота асосида бир мавсумда фақат 10 минг фуқаро борар эди. 2018 йил октябрдан бошлаб бу квота механизми олиб ташланди. Натижада жорий йилдагина 30 мингдан зиёд фуқаролар Умра амалларини адо этиб қайтди.

Муқаддас Ҳажга борувчи зиёратчиларнинг сони 5,2 мингдан 7,2 минг нафарга оширилди, сафар харажатлари арзонлаштирилди.

Бундан ташқари, мамлакатда турли диний ташкилотларнинг ўз фаолиятларини амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даврида республикамизда 6 та янги христиан черкови рўйхатга олинди ва бугун ноисломий конфессияларга оид диний ташкилотларнинг сони 182 тани ташкил этади.

Шу билан бирга, православлар учун Исроил, Греция ва Россия, католиклар учун Исроил ва Италия, арманлар учун Исроил ва Арманистон, яҳудийлар ва баҳоийлар учун Исроил, кришначилар учун Ҳиндистон ва буддавийлар учун Корея Республикасида жойлашган муқаддас жойларга зиёратлар ташкил қилинмоқда.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, давлат жамият аъзоларининг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлашда жуда катта ишларга бош-қош бўляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Диний соҳадаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган эди. Бугун жамият, чиндан ҳам, ана шундай концепцияга эҳтиёж сезяпти. Ушбу ҳужжатда диний ташкилотлар билан алоқалар, жамиятда диннинг ўрни каби масалаларда давлатнинг аниқ ва тизимли қарашлари ҳамда йўналишлари акс этиши зарур. Умуман, Концепция диний соҳадаги давлат сиёсатини очиқ ва шаффоф акс эттирувчи ҳамда стратегик вазифаларни қамраб олувчи ҳужжат бўлиши керак.

Концепцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда, биринчи навбатда, давлат манфаатларидан келиб чиқиш, шу билан бирга, жамиятнинг барча қатлами ва гуруҳлари манфаатларини ҳисобга олиш лозим.

Азизбек МАҚСУДОВ,

сиёсатшунос

“Халқ сўзи” газетаси 220-сон

Манба: religions.uz

105030cookie-checkАндишанинг отини қўрқоқ қўйманг!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: