عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه قال قال رسول الله إذا أدرك أحدكم سجدة من صلاة العصر قبل أن تغرب الشمس فليتم صلاته وإذا أدرك سجدة من صلاة الصبح قبل أن تطلع الشمس فليتم صلاته
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аср намозининг саждасини қуёш ботишидан олдин топса намозининг қолганини ўқиб тугатсин ва кимки бомдод намозидан бир саждани қуёш чиқишидан олдин топса у намозни ҳам ўқиб тугатсин”.
Шарҳ: Демак намозхон аср намозининг бир ракатини топса, намозини ўқиб тугатсин дейилишидан мақсад намози намоз бўлиши ва вақтини топганлигидан дарак. Бомдод намозининг бир ракатини ўқишга улгурса, уни ҳам ўқиб тугатсин. У намоз вақтини топган саналади. Зикри келган ҳадиси шарифдан олинган аниқ ва равшан далил шу.
Аср намозини масаласи тўрт мазҳаб олимлари томонидан иттифоқ қилинган. Аммо Бомдод намозида Имом Шофеъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар наздида шундай, яъни матнда келган фиқҳий ҳукм сингари.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида “Субҳи намози” қуёш чиқиши билан ботил бўлади, чунки бу ўринда бу намознинг масаласи аср намозининг хилофида намоз ўқишдан қайтарилган вақт эканлигидир. Мусанниф айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқаётганида намоз ўқишдан қайтарганлари ҳақида мутовотир ҳадислар бисёр, лекин ана шу вақтда намоз ўқиш мубоҳлиги тўғрисида ҳадислар саҳиҳ бўлсада мутовотир эмас. Шундан келиб чиқадики, агар бир ўринда қайтарилган (ҳаром қилинган) ва мубоҳ (рухсат этилган) ҳукмлар рўбарў келса, қайтарилган ҳукм кўпдан–кўп хабарлар мутовотир ҳадислар билан келса, мубоҳлиги мутавотир бўлмаган ҳукм мансухга (ҳукми тўхтаган) айланади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳужжат қилиб келтирган ҳадислардан бири, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Субҳи намозини” то улардан фавт (бутунлай вақти ўтган) бўлиб, қуёш кўтарилгунча кечиктирдилар ва қуёш кўтарилишидан олдин у намозни ўқимадилар”.
Шундай қилиб ушбу ҳадиси муборак умумий ҳолда фарзларни, нафл ва хос нафл намозларини ўқишдан қайтарилганлигига далилдир. Матндаги ҳадис “Сизлардан бирингиз” дея якка шахсга қарата айтилган ва ҳанафийлар учун далил бўлган ҳадиси шарифда эса оммага (бир қанча, балки эллик кишидан ортиқ) саҳобаларга қарата айтилгани бу ривоятни аввалгисидан ҳукм жиҳатидан кучлироқ эканлигини англаймиз.
Бадруддин Айнийнинг. “Умдат ал–қорий шарҳ Саҳиҳ ал–Бухорий”. (Cаҳиҳ ал–Бухорийни шарҳлашда ўқувчини таянчи) асари асосида тайёрланди.
Тошкент ислом институти ҳодими Асроров Козимхон