islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

2-ҳадис. Намоз бошлашда икки қўлнинг кўтарилиши ҳақида

حدثنا عبد الله بن مسلمة عن مالك عن بن شهاب سالم بن عبد الله عن أبيه أنَ رسول الله كان يرفع يديه حذو منكبيه إذا افتتح الصلاة

Абдуллоҳ ибни Маслама Моликдан у ибн Шиҳобдан у Солим ибн Абдуллоҳдан у эса отасидан ривоят қилади: “Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар намозга киришсалар икки қўлларини елкалари баробарида кўтарардилар”.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдаларининг биринчиси намозга киришаётганда қўлни елкалар баробарида кўтариш.

Ибни Мунзир айтадилар: “Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришаётган пайтларида қўлларини кўтарганликлари борасида ҳеч қандай ихтилоф қилмаганлар”.

Шарҳул Муҳаззаб асарида: “Мусулмон уммати биринчи такбир айтилаётганда қўлларни кўтаришликка ижмо қилишган”– дейилган.

“Фатавои Қаффол” китобида: “Абул Ҳасан Аҳмад ибни Сайёр Марвазий шундай деган: Агар намозхон намозга киришаётган пайтда қўлларни кўтармаса намози дуруст бўлмайди. Чунки бу такбир вожибдир. Шунга мувофиқ қўлларни кўтариш ҳам вожиб бўлади. Қолган такбирлар эса бундай эмас (яъни вожиб эмас). Шунинг учун уларда қўллар кўтарилмайди.”

Ибни ҳазм айтадилар: “Намозни аввалида қўлларни кўтаришлик фарздир. У амалсиз намоз дуруст бўлмайди”. Бу гап имом Авзаъийдан ҳам ривоят қилинган.

Уламолар қўлларни қўтаришни кайфияти борасида турлича йўналишга юрганлар. Имом Таҳовий бу борада: “Қўлларни бармоқларини ёзиб кафтининг ички тарафини қиблага юзлантирган ҳолатда кўтаради”– деганлар. “Муҳит” китобида: “Бармоқларнинг орасини очиб юбормайди”– дейилади.

Имом Мовардий: “Ҳар иккала кафтнинг ички тарафларини бир–бирига қаратади”–деган.

Саҳнун раҳимаҳуллоҳдан кафтларнинг ташқи тарафини юқорига, ички тарафини эса пастга қаратишлиги ривоят қилинган.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бармоқларнинг орасини бир–бирига ўта ёпиштириб, ёки уларни бир–биридан ўта узоқлаштирмайди. Балки уларни ўз ҳолича қўяди”.

Шунингдек, қўлларни кўтариш вақти борасида ҳам турлича фикрлар мавжуд. Уларнинг энг машҳури имом Бухорийнинг ривоятлари бўлиб, у қўлларни такбир билан бир вақтда кўтаришдир.

Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ: “Аввал қўлларни кўтариб, сўнг такбир айтади” – деганлар. У кишидан келган бошқа бир ривоятда эса: “Аввал такбир айтиб, сўнг қўлларни кўтаради” – дейилган.

Тавзиҳ асарининг соҳиби айтади: “Асҳобларимиздан ривоят қилинган бу кўринишларнинг барчаси жоиз. Бироқ уларнинг энг тўғриси қўлни такбир билан бир вақтда кўтаришдир”. Имом Аҳмад ва Имом Моликлар ҳам шу фикрни тасдиқлаганлар.

Қўлларни такбир вақтида қайси миқдорда кўтарилиши борасида ҳам уламоларнинг қарашлари турличадир. Юқоридаги ҳадиснинг зоҳиридан келиб чиқиб, имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳумуллоҳлар қўлларни елка баробарида кўтаради деганлар. Имом Моликдан келган бошқа бир ривоятда эса қўллар кўкрак баробарида кўтарилиши айтилган.

Имом Таҳовий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини бармоқлари қулоқларининг юмшоқ жойига яқинлашгунига қадар кўтарганликларини ривоят қилган. Бу ривоятларнинг барчаси қўлни кўтаришликда кенгчилик берилганлигига далолат қилади. Ҳанафий мазҳабидаги машҳур ривоят Имом Таҳовийдан келтирилган ривоятдир.

Бадруддин Айнийнинг. “Умдат ал–қорий шарҳ Саҳиҳ ал–Бухорий”. (Cаҳиҳ ал–Бухорийни шарҳлашда ўқувчини таянчи) асари асосида тайёрланди.

Тошкент ислом инстиути ҳодими Асроров Козимхон

105200cookie-check2-ҳадис. Намоз бошлашда икки қўлнинг кўтарилиши ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: