باسم الله الرحمن الرحيم
Ушбу мақола Аллоҳ таолони осмонда жойлашган деб эътиқод қиладиган ҳамда «Аллоҳ таоло макон тутмаган, Арш устида қарор топмаган, «истиво» оятини эгаллаш маъносида деб Ашъарий ва Мотуридийдан аввал ҳеч ким айтмаган, салафи солиҳларнинг бирортасидан ҳам далил йўқ» дейдиганларга раддия сифатида ёзилди.
Мақолада «Аллоҳ таоло макон, замон ва жиҳатдан холи экани» ҳамда «Қуръони каримдаги «истиво» ояти эгаллаш, подшоҳлик ва қудрат маъносида экани» ҳақида машҳур саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар ва дастлабки уч асрда яшаган салафи солиҳлардан ҳамда улардан кейин то йигирманчи аср охирига қадар яшаб ўтган ақида ва калом уламолари, фақиҳлар, муфассирлар, муҳаддислар, тасаввуф аҳллари, тил ва луғат олимларидан иборат аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг юздан ошиқ имомларининг гаплари, уларнинг вафот этган йилларига кўра тартибда жойлаштирилган шаклда, ишончли манбалар асосида иқтибос қилиб келтирилган бўлиб, улар ичида имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳматулоҳи алайҳимо ҳам бўлиши билан бирга, кўпгина масалаларда аҳли сунна уламоларига хилоф қилган ва охирида тўғри йўлга қайтиб тавба қилган (Аллоҳ билгувчироқ! Ўзи қабул айласин!), Аллоҳ таолони осмонда жойлашган деган даъводагилар унинг сўзларини далил қилиб келтирадиган шайх Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг шогирдлари ҳам бор. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳақ йўлни топган, ҳақ йўлга эргашган ва ҳақ йўлга даъват қилган зотларнинг барчаларидан рози бўлсин!
- Хулафои рошидинларнинг бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ва амакиваччалари улуғ саҳоба Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу (40-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:
كان الله و لا مكان و هو الآن على ما كان
Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир. (Абу Мансур Бағдодий «Ал-фарқу байнал фирақ» китобида келтирган)
الاستواء غير مجهول والتكييف غير معقول والإيمان به واجب والسؤال عنه بدعة لأنه تعالى كان ولا مكان فهو على ما كان قبل خلق المكان لم يتغير عما كان
Истиво номаълум эмас, унга кайфият бериш ақлдан эмас, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир. Чунки Аллоҳ таоло бўлган ва бирорта макон бўлмаган. У маконни яратишдан олдинги ҳолатидадир, Олдин бўлганидан ўзгармаган (Имом Насафийнинг «Мадорикут-Танзил» номли тафсирида келган).
- Қуръони карим муфассири дея ном олган саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (68-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:
نعرف ربنا بما عرف به نفسه ونصف بما وصف به نفسه لا يدرك بالحواس ولا يقاس بالناس قريب من الأشياء غير ملاصق بعيد منها غير مفارق تحقق بلا تمثيل ووحد بلا تعطيل
Биз Роббимизни У зотнинг Ўзи уларда Ўзини таништирган хабарлар орқали таниймиз. Биз У зотни Ўзини Ўзи васф қилган сифатлар билан сифатлаймиз. У зот ҳис қилиш воситалари ила идрок этилмайди. У зот инсонларга қиёс қилинмайди. Нарсалардан яқиндир, лекин ёнма-ён турувчи эмас. Нарсалардан узоқдир, аммо буткул ажралувчи эмас. Уни ҳеч нарсага ўхшатмасдан тасдиқ этилади ва сифатларини инкор этмасдан якка-ю ёлғиздир дейилади (шайх Фузайлнинг «Жавоҳирул-калом» китобида келтирилган).
- Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидин Алий ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:
انت الله الذى لا يحويك مكان
Сен – бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан! («Соҳийфатус сажжадия» китобидан).
- Улуғ тобеин Абу Муҳаммад Саъийд ибн Мусайяб ибн Ҳазн Махзумий раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:
نقول: استوى بلا كيف ولا نثبت مكان لأن الله كان قبل خلق المكان والآن على ما كان قبل
У зот «қаердалик»сиз истиво қилган деймиз. Маконни исбот қилмаймиз. Чунки Аллоҳ маконни яратишидан олдин ҳам бор эди ва ҳозир ҳам олдин қандай бўлса ўшандекдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»да келтирган).
- Машҳур улуғ тобеинлардан яна бири, олиму зоҳиду фақиҳ имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи (110-ҳижрий санада вафот этганлар) «жория ҳадиси»даги «في السماء» калимаси ҳақида айтган қуйидаги гаплари Ибн Ашурнинг «Аҳкомул-муташабиҳот» китобида нақл қилинган:
لا يعقل فيه ولا يجهل منه ولا يشتغل بالكيف
У ҳақида ақл юритилмайди, у борада жоҳиллик ҳам қилинмайди, қандайлигига киришилмайди.
- Улуғ тобеинлардан яна бири муфассир имом Абу Бакр Муҳаммад Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳи (110-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Тафсирул-аҳком» номли тафсир китобида айтганлар:
قال تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أي حكمه ويقال كان فوق العرش حين خلق السماوات والأرض ويقال استوى استولى وملك كما يقال استوى فلان على بلد كذا يعني استولى عليها وملكها فالله تعالى بين لخلقه قدرته وتمام ملكه أنه يملك العرش وله ما في السماوات وما في الأرض
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Раҳмон Аршга истиво қилди» (Тоҳо сураси, 5). Яъни, Аршга ҳукмдор бўлди. Аллоҳ Осмонлару ерни яратган пайти Аршнинг устида эди деган гап ҳам айтилган. Яна, «истава» бу эгаллади, подшоҳ бўлди маъносида деб ҳам айтилган. Худди, фалончи бундоқ шаҳарни эгаллади деб айтилганидек, яъни эгаллади ва подшоҳ бўлди дегани. Аллоҳ таоло бандаларига Ўзининг қудратини ҳамда ҳукмронлигининг мукаммал эканини баён қилган. Албатта У зот Аршнинг подшоҳидир. Осмонлардаги барча нарсалар ҳам, ердаги барча нарсалар ҳам фақат Уникидир.
- Яна бир улуғ тобеин Абу Муҳаммад Ато ибн Абу Рабоҳ Аслам ибн Сафвон раҳматуллоҳи алайҳи (114-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:
ولا نقول الله قائم على العرش بل الله يعلم مراده
Аллоҳ Аршнинг устида қоимдир демаймиз. Балки ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ ўзи билади (Шайх Абу Шарифанинг «Тавҳид» китобида келган).
- Яна бир тобеин имом Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳи (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:
من زعم أن الله في شيء، أو من شيء، أو على شيء، فقد أشرك؛ إذ لو كان على شيء لكان محمولا ولو كان في شيء لكان محصورا، ولو كان من شيء لكان محدثا
Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади (Қушайрий «Ар-рисолатул Қушайрийя»да келтирган).
- Тобеинлардан яна бирлари мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (150-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-фиқҳул абсат» китобларида шундай деганлар:
كان الله تعالى و لا مكان كان قبل ان يخلق الخلق كان و لم يكن اين و لا خلق و لا شيء و هو خالق كل شيء
Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У зот халойиқни яратишдан олдин бўлган, бирор макон ҳам, бирор халойиқ ҳам, бирор нарса ҳам бўлмаган. У барча нарсанинг яратувчисидир.
Ушбу китобда яна келадики:
قال أبو حنيفة: من قال لا أعرف ربّى فى السماء او فى الأرض فقد كفر و كذا من قال أنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء او فى الأرض
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганлар: Кимки Роббим осмонда ё ердалигини билмайман деса, ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, У Аршнинг устида, лекин мен Аршнинг осмонда ё ердалигини билмайман деб айтган киши ҳам!
Ва яна «Ал-фиқҳул акбар» китобларида айтганлар:
لا يشبه شيئا من الاشياء من خلقه و لا يشبهه شئ من خلقه
Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамайди, ва яратган нарсаларининг ҳам бирортаси Унга ўхшамайди.
Яна айтганларки:
و الثالث نقرّ بأنّ الله على العرش استوى من غير أن يكون له حاجة و استقرار عليه و هو حافظ العرش و غير العرش من غير احتياج فلو كان محتاجا لما قدر على إيجاد العالم و تدبيره كالمخلوقين و لو كان محتاجا الى الجلوس و القرار فقبل خلق العرش أين كان الله تعالى الله عن ذلك علوّا كبيرا
Учинчидан, биз Аллоҳни Аршга, унга муҳтож бўлмасдан, унга қўним топмасдан истиво қилди деб иқрор бўламиз. У Аршни ҳам, Аршдан бошқа нарсаларни ҳам, ҳеч қандай эҳтиёжсиз ҳифзу ҳимоя қилувчи Зотдир. Агар муҳтож бўлганида эди, худди махлуқларга ўхшаб, оламни яратишга ҳам, бошқаришга ҳам қодир бўлмасди. Агар ўтиришга ва жойлашишга муҳтож бўлса, у ҳолда Аршни яратишдан олдин Аллоҳ таоло қаерда бўлган?! Аллоҳ ушбулардан олий ва буюк Зотдир! («Васийят» китобидан)
- Тобеинлардан имом Абу Амр Абдурраҳмон ибн Амр ибн Юҳмад Авзоий раҳматуллоҳи алайҳи (157-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:
إن الله لا يشبه شيئا من خلقه ولا يشبهه شيء من خلقه وهو في السماء ملكه وقدرته لا عين ذاته والتمكن والاستقرار والجلوس من صفات الخلق فالله سبحانه عن ذلك
Дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи яратган бирор нарсага ўхшамайди ва Ўзи яратган бирор нарса ҳам Унга ўхшамайди. У – айни зоти эмас, балки подшоҳлиги ва қудрати самода бўлган Зотдир. Макон тутиш, қарор топиш ва ўтириш халойиқнинг сифатларидандир. Аллоҳ эса ушбу нарсалардан покдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ақоиду аҳлис-сунна»да келтирган).
(Давоми бор)
Тошкент ислом институти битирувчиси
Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли
Alloh Motrudiy va Aha’riylarni isloh qilsin! Alloh taolo xohlaganini qiladigan zot. Xohlasa arshda bo’lur,xohlasa osmonda bo’lur, xohlasa birinchi osmonga tushar va bandalaridan duosini qabul qilur, Xohlasa do’zoxning ustiga oyog’ini qo’yur. Ushbular qur’ Va sahih hadislarda vorid bo’lgan. Ushbu ishlar Allohga noloyiq deb aql torozusiga solmang! Dinda Xolis bo’ling! Mutaassiblik qilmang! Odamlarni nohaq yo’lga boshlamang! Xohlaganini qiladigan zotga ibodat qiling !
Аллоҳ қандайлигини ўзи билади. Тамом вассалом. Биз фақат борлиги, ягоналиги, холиқлиги каби сахих далиллар қурон ва хадисдан биламиз.