islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нуҳ алайҳиссаломга берилган ўнта хусусият

(1-қисм)

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ўнта хусусиятни берди:

  • У зот “Улул азм” пайғамбарларнинг биринчиси эди;
  • Унинг шариати аввалги шариатни бекор қилди;
  • Идрис ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатларини тўхтатиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз шариатини давом эттирди;
  • У инсониятнинг иккинчи отаси деб эътироф этилади;
  • У ҳамма одамларга пайғамбар қилиб юборилган;
  • Қиёмат куни Нуҳ алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин қабрдан тирилади;
  • У пайғамбарлар орасида энг узоқ умр кўрган пайғамбар ҳисобланади. Ҳатто, 950 ёшида ҳам унинг барча тишлари бутун эди, сочлари оқармаган ва танаси заифлашмаган эди;
  • У бутун умрини одамларни Ҳаққа даъват қилишга бағишлаган;
  • Ҳар куни етти юз ракъат намоз ўқиган;
  • Одамлар уни жиннига чиқаришди, лекин У зот уларни иймонга чақиришда давом этди. У кечалари одамларнинг эшикларини тақиллатар ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб иймонга чақирар эди. Қавми уни мажнун деб масхара қилишарди.

Унинг чақириғига жавобан қалблари тошдан ҳам қаттиқ одамлар унга тош отиб азоб бердилар. Нуҳ алайҳиссалом ҳамма нарсага бардош берди. Бир гал, унга шунчалик кўп тош отдиларки, тошлар унинг устига  қабрга ўхшаб уюлиб қолганди. Уни ўлди деб одамлар тарқаб кетишди. Аммо Жаброил алайҳиссалом пайдо бўлиб, уни тошлар тагидан тортиб олди. Тонг отганда, у яна одамларга “Эй қавмим! “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деб айтинглар, дея даъватини давом эттирди.

Хабар қилинишича, унинг қавми зодагонлари орасида Қусай исмли кекса одам бор эди. Унинг Жаруд исмли ўғли бўлиб, бир куни ўғлини қўлларидан ушлаб, Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига олиб келди. Ва ўша ерда ўғлига “эй ўғлим, бу ақлдан озган одамнинг ёлғон, тўқима сўзларига ишонишдан эҳтиёт бўл ва ҳеч қачон ота-бобонгнинг динини тарк қилма. Унга қанчалик куч-қувват соҳиби эканингни кўрсатиб қўйгин”, деди. Ўғил дарҳол отасининг таёғини ушлаб, пайғамбарнинг муборак бошига урди, шунда юзи ва соқолига қон оқди.

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга ибодат қилиб: “Эй Роббим! Қара, қулларинг мен билан қандай муомила қилмоқдалар. Уларга ҳақиқат йўлини кўрсат. Агар улар ҳидоятга келмаса, менга сабр бер. Агар улар орасида ҳеч бўлмаганда битта одам менинг даъватимга эргашадиган бўлса, менга хабар бер”, деб дуо қилди. Аллоҳ таоло Нуҳга: «Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин (Ҳуд сураси, 37), деб жавоб берди.  Нуҳ алайҳиссалом: “Роббим! Ҳақиқатан ҳам, уларнинг авлодлари орасида иймон келтирадиган бирон кимса чиқмайдими?” деб сўради. Аллоҳ таоло: “Бу оталар сулбидан ва бу оналар раҳмидан иймон келтирган ҳеч ким туғилмайди”, деди. Буларни эшитиб Нуҳ алайҳиссалом уларнинг иймон келтиришидан умидини узиб “Эй Роббим! Ер юзида битта ҳам иймонсиз одамни қолдирмагин, ҳаммасини ҳалок қил!”, деб илтижо қилди ва дуоси қабул бўлди. Аллоҳ таоло Нуҳга:

“Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди” (Ҳуд сураси, 37).

Ривоят қилинишича, Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломга кема ясашни буюрганида, у: “кема нима?”, деб сўради. Аллоҳ таоло: “бу сув устида сузадиган ёғоч “уй””, деб жавоб берди. “Атрофимда сув йўқ-ку, қайси сув ҳақида айтаяпсан?”, дея яна сўради Нуҳ. Аллоҳ: “бу сувни мен юбораман. Барча иймонсиз бандалар ўша сувга ғарқ бўладилар”, деди. “Эй Роббим, мен кемани қайси дарахтдан ясайман?”, дея сўради пайғамбар. Аллоҳ Жаброилни жаннатдаги бир нечта кўчатлар билан Нуҳнинг ҳузурига юборди. Нуҳ алайҳиссалом бу дарахтларни экди ва Аллоҳнинг амрини кутди. Шундай қилиб, қирқ йил ўтди. Бу йилларда пайғамбар одамларни даъват қилмади ва улар уни масхара қилишдан тўхтадилар.

Мана шу қирқ йил давомида бирор марта ёмғир ёғмади. Аллоҳ таоло ўша дарахтларни кесишни буюрди. Нуҳ, Жаброил унга кўрсатганидек, қайиқни қуришни бошлади. Энди, бу гал одамлар Нуҳ алайҳиссаломни кема ясаётгани учун масхара қила бошлаган эди: “Аввал пайғамбарман деди, энди дурадгор бўлиб қолибди? Бир томчи сув бўлмаган жойда қайиғинг қандай сузади?”, дея истеҳзо қилдилар.

Шунга қарамай Нуҳ алайҳиссалом ва ўғиллари Аллоҳнинг буйруғини бажариб кемани қуриб битказдилар.

(давоми бор…)

“Пайғамбарлар тарихи” китоби маълумотлари асосида

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

105230cookie-checkНуҳ алайҳиссаломга берилган ўнта хусусият

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: