islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Термизийни чуқур тадқиқ этган ҳиндистонлик алломалар ташрифи

Бугун 9 ноябрь куни Тошкент ислом институтига Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳридаги “Дорул-улум” ислом университети “Ҳадиси шариф ва ҳадис илмлари мутахассислиги” факультети мудири фазилатли шайх, муфтий Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳ ҳамда Мадрос шаҳридаги “Дорул-улум Анбур” ислом университети ректори Салоҳиддин Мадросий ўзларининг шогирдлари ва ходимлари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. Меҳмонларни институт ректори Уйғун Ғафуров, Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Жаҳонгир Мелиқўзиев ҳамда институт устоз ва талабалари кутиб олдилар. Меҳмонлар билан институт масжидида давра суҳбати ўтказилди. Унда ректор У.Ғафуров меҳмонларни юртимиз бўйлаб зиёратлари ҳамда институтга ташрифлари билан қутлаб, уларга миннатдорчилик изҳор қилди ва институт фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Сўнг, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Соатмурод Примов меҳмонларга кафедра таркибидаги фанлар ҳамда унинг ўқув дарсликлари ҳақида сўзлаб берди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров эса мазкур кафедрага оид фанлар ҳамда унда ўқитиладиган мўътабар ҳадис китоблари ҳақида меҳмонларни хабардор қилди.

Институт фаолияти билан танишган муфтий Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳ бундан жуда мамнун эканларини изҳор этдилар. Сўнг шайх Абдуллоҳ Маъруфий бизнинг диёримиздан етишиб чиққан уламоларнинг барча илмларда, хусусан, ислом илмлари ривожида муносиб ҳиссалари борлигини эътироф этиб, бу сўзларига Имом Бухорий, Термизий, Доримий ҳамда Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳумуллоҳлар каби аждодларимизнинг маънавий меросларини мисол қилиб келтирдилар.

Сўнг ўзлари фаолият олиб бораётган Девбанда шаҳридаги “Дорул-улум” ислом университети олим ва тадқиқотчилари томонидан, хусусан, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарида қўллаган мусталаҳул ҳадис илмига оид атамаларининг ўзига хослиги тўғрисида уч ном билан олти жилд китоб чоп этилганини зикр қилдилар. Шунингдек, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарига ҳанафий мазҳаби далилларини ҳадислар билан қўллаб-қувватловчи буюк муҳаддис, фақиҳ, мужаддид олим Анваршоҳ Кашмирий қаламига мансуб “Ал-арфуш шазий” мўжаз ва қисқача, лекин чуқур илмий асосланган шарҳига Абдуллоҳ Маъруфий ўзлари “Ал-арфуз закий шарҳи Жомиъит-Термизий” номли янада кенгайтирилган, енгиллаштирилган батафсил шарҳ ёзаётгани, бугунги кунда унинг беш жилди нашр этилиб, “Рўза” китобининг шарҳи якунига етиш арафасида эканини айтиб ўтиб, маъҳадимиз устоз ва талабаларидан у китобнинг охирига етишига тавфиқ сўраб дуо қилиб туришларини илтитмос қилдилар.

Сўнг фазилатли амаллар ҳамда тарғиб-тарҳиб борасида заиф ҳадисларга амал қилиш тўғрисида тўхталиб, бу муҳим масала эканини таъкидлаб, Имом Бухорий раҳимҳуллоҳ ҳам “Ал-адаб ал-муфрад” асарида фақат саҳиҳ ҳадисларни эмас, балки фазилатли амалларни баён қилишда кам миқдорда заиф ҳадисларни ҳам келтирганини айтиб ўтдилар. Бугунги кундаги илҳ аҳли томонидан ҳадисларни заифга чиқаришда йўл қўйилаётган асоссиз камчиликлар, жумладан, Носириддин Албоний томонидан Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобидаги кўплаб ҳадисларни заиф деб ҳукм қилиниши чуқур илмий тадқиқотга асосланмаганини таъкидладилар. Абдуллоҳ Маъруфий ҳазратлари “Ал-адаб ал-муфрад” асарига аллома, муҳаддис Ниёз Муҳаммад Мийвотий раҳимаҳуллоҳ томонидан ёзилган “Ад-дуррул муназзод фи шарҳил-адабил-муфрод” китобига “Таҳзиб ва таҳзиб” номли тўрт катта жилддан иборат муфассал такмила ёзган эканлар. Айнан шу такмилаларида Носириддин Албоний томонидан заиф деб баҳоланган бир неча юзлаб ҳадислар таҳқиқ ва тадқиқ этилиб, чуқур баҳс ва илмий изланишлар олиб борилиши натижасида заиф эмас, балки улардан бир қанчаси “саҳиҳ” ҳадислар экани, яна бир қанчаси “ҳасан” ҳадислар экани, атига эллик олтита заиф ҳадис борлиги маълум бўлганини айтиб ўтдилар.

Давра суҳбати сўнгида меҳмонимиз ўз қаламига мансуб икки китобларини институт кутубхонасига ҳадя қилдилар. Давра суҳбати ректор У.Ғафуров меҳмонларга бу илмий мулоқотимиз охиргиси бўлиб қолмаслиги, келажакда юртимизга яна кўплаб илмий сафарлар қилишларини тилаб, уларга яна бир бор ташаккур изҳор этишлари билан якунланди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Баҳодиржон Баҳромжон ўғли

106540cookie-checkИмом Термизийни чуқур тадқиқ этган ҳиндистонлик алломалар ташрифи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: