islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар (6-фасл)

Ҳадисни  инкор қилувчилар қуйидаги даъволарни қилади.

Биринчи даъво.

Қуръони карим динга тегишли барча ишлар  ва ҳукмларни ҳеч бирини четда қолдирмай ҳаммасини ўзида қамрайди. Аллоҳ таоло айтади:  

4 مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْء

“Китобда ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (Анъом, 38 -оят).

Барча ҳукмларни мукаммал тарзда баён қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақида  хабар бериб айтади:  

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

“Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик.” (Наҳл, 89-оят).

Агар  ҳадис ва суннат Қуръони каримни баён қилади дейилса Аллоҳнинг  сўзига тўғри келмайдиган гап айтилган бўлади. Оятда келган маънога тескари фикр туғилган бўлиб чиқади. Аллоҳ таолонинг каломига эса ҳеч ҳам хилоф қилиб бўлмайди.

Биринчи даъвога жавоб.

Ҳақиқатдан ҳам Қуръони карим дин асосларини ва умумий ҳукмлар қоидаларини ўзида мужассам қилди. Айримларига очиқ далил келтирди. Бошқаларининг баёнини эса Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирди. Модомики, Аллоҳ таоло инсонларга динларининг ҳукмларини баён қилиш учун пайғамбар юборар экан, ўша пайғамбар ҳукмларни баён қилиши Аллоҳнинг Китобига баён бўлади. Бунда эса Қуръони карим ва ҳадиснинг тармоғи бўлган бўлган ижмо ва қиёсдан олинган шаръий хукмлар Аллоҳнинг китобидан ҳукм ёки насс (матн) ёки далолат бўлади. Бундай ҳолда ҳадисни ҳужжатлиги ва Қуръони карим ҳар бир нарсага баён бўлиб келганида бир-бирига зиддият йўқ. Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳ: “Бирор кишига дин ишидан бирон нарса келса, албатта, унга Аллоҳни китобида кўрсатма бор”, деганлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтди:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик. (Наҳл, 89-оят)

Баён бир неча фаръий қоидалар жамланмасининг маъноларини ўзида қамраган исм. Аллоҳ таоло бандаларга ибодат қилишни баён қилиши ҳар-хил жиҳатлардан бўлган.

Шулардан:

  1. Бандаларга насс тарзда баён қилган. Масалан, бандаларга намоз, закот, рўза ва ҳажни фарзлиги, фаҳш ишларнинг зоҳири-ю ботини ҳаромлиги, зино қилиш, ўлимтик ейиш, қон ва чўчқа гўшти ҳақидаги насслар.
  2. Фарзлигини Қуръон карим билан ҳукм қилиб Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали кайфиятини баён қилди. Масалан, намозни неча ракатлиги, намоз вақти, закотни ҳукмлари, закотнинг миқдори. Уларни Қуръони каримда Аллоҳ айтган, бошқа жиҳатларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар.
  3. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб, унда Аллоҳ таоло тарафидан ҳукмга насс йўқ. Аллоҳ таоло Китобида Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, ҳукмларда У зотга мурожаат қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳ таолонинг фарзи билан қабул қилган бўлади.
  4. Аллоҳ таоло бандаларига ижтиҳод қилиб топишни фарз қилган. Фарз қилинган ишларда бандаларнинг итоат этишини синагани каби ижтиҳоддаги бўйсунишларини ҳам имтиҳон қилди.

Хулоса ўрнида айтганда, банда Қуръони каримдаги фарзларни Аллоҳдан қабул қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир инсон Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни ва ҳукмларга бўйсунишни фарз қилди. Демак инсон Аллоҳ таолонинг ҳукмларини Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қабул қилади. Ҳукмларни Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳдан қабул қилган бўлади. Аллоҳ таолонинг Китоби  ва  Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукмларни қабул қилиш юзаки қарагандан икки хил йўл. Лекин ҳукмларни Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиш ҳам Аллоҳ таолодан қабул қилиш билан баробар.

“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси
Ойбек Хошимов

109620cookie-checkҲадисни инкор қилувчиларнинг даъволари ва уларга раддиялар (6-фасл)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: