Қуръони карим Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлган илоҳий китоб бўлиб, у нафақат мўминлар учун дастури амал, балки мусулмон инсоннинг саломатлиги учун ҳам ниҳоятда фойдалидир. Қуръоннинг инсондаги дардларга шифо бўлиши Исро сурасининг 82-оятида ўз тасдиғини топган: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур”.
Ояти каримадаги “шифо” сўзи наинки жисмоний касалликлар, шунингдек қалб касалликлари шифосини ҳам ўз ичига олади. Қуръони каримда шундай оятлар борки, улар тушкунликка тушган ёки ғам-ташвиши бор, безовта инсонларга хослаб тиловат қилинса, қалбга ва руҳга сакинат беради, хотиржамлик бағишлайди.
Ўтган асрнинг муаззам шайхларидан бири, машҳур муфассир Шайх Мутавалли Шаъровий ҳазратлари шундай ҳикоя қиладилар: “Бир куни мен фарзанд дунёга келтирган бир қариндошимни зиёрат этиш мақсадида шифохонага бордим. Унинг нафас олиши оғирлашган, ҳеч ким билан кўришишни ҳам, гаплашишни ҳам истамас эди. Уни бу ҳолатда кўрганимдан сўнг унинг олдида ўтириб сокинлик берувчи оятларини ўқидим. Тиловат қилганимдан сўнг Аллоҳнинг иродаси билан у ухлаб қолди (ҳолбуки у бир неча кундан буён уйқусида бехаловат ва бедор эди)”. Шундан сўнг шайх уйларига қайтадилар. Тонг отмасиданоқ ўша хоним шайхга қўнғироқ қилди ва: “Худо ҳаққи, сиз менга нима қилдингиз? Мен кеча худди бўшаштирувчи укол қилингандек хотиржам ухладим. Уйғониб, боламни қўлимга олдим, аҳволим яхшиланди, нима деб ўйлайсиз, бунинг сабаби нима?”, деди. Аёлнинг дарддан халос бўлиш сабаби – Аллоҳнинг изни билан сокинлик берувчи оятлари унга тиловат қилиниши эди.
Сокинлик (хотиржамлик) берувчи оятлар қандай оятлар? Нима учун айнан “сакинат” (сокинлик) деб номланган?
Сакинат (сокинлик) бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига соладиган хотиржамлик туйғусидир. У шундай кучки, қўрқинчли онларда ҳам қалбни бир маромда ушлаб туради, у туфайли қийинчиликлар унга таъсир қилмайди, балки ишончи янада ортади. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг ғордаги йўлдошлари бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) билан ғорда бўлган вақтларида, душман уларга шу даражада яқин келадики, агар оёқ остиларига қараганларида, албатта уларни кўрар эдилар. Бундай вазиятда ҳар қандай инсон қўрқув ёки жазавага тушиши мумкин. Аллоҳ ушбу лаҳзаларда ҳам, шиддатли кечганидан дунё кўзларига тор келиб бир қанча мусулмонлар ортларига қараб қоча бошлаган Ҳунайн ғазотида ҳам ёки Ҳудайбия сулҳидек мўминлар қалби кофирларнинг уларга қилган ҳукмидан изтиробга келган кунда Аллоҳ Ўз сакинати (хотиржамлик бахшида этиши) билан мўминларга ёрдам берди.
Қуръони каримнинг жами олти ўрнида “сокинлик” сўзи зикр этилган. Буларнинг барчаси Аллоҳ мўмин бандаларига ва муқарраб расулларига ато этган виқор ва ҳайбат маъноларини ўз ичига олади.
Ибн Қайюм роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Бу мартаба (сакинат) – Аллоҳ тарафидан тортиқ этилувчи мартабалардандир, инсон ўзи эгаллайдиган даражалардан эмас”.
Қийин дамларда, юрак торайиб, руҳ сиқилган чоғларда уламолар Қуръонда зикр келган қуйидаги сокинлик берувчи оятларни тиловат қилишни маслаҳат берганлар:
1. Бақара сураси, 248-оят: “Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди”.
2. Тавба сураси, 26-оят: “Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир”.
3. Тавба сураси, 40-оят: “Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади”.
4. Фатҳ сураси, 4-оят: “У иймонларига иймон зиёда бўлиши учун мўминлар қалбига сокинликни нозил этган зотдир”.
5. Фатҳ сураси, 18-оят: “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди. Бас, уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофотлади”.
6. Фатҳ сураси, 26-оят: “Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар”.
Сокинлик берувчи (сакинат) оятлари ўқиш тавсия этилган вақтлар:
– бирор нарсадан даҳшатга тушиб, уни буткул қўрқув эгаллаб олганда;
– бирор хато ёки гуноҳ содир этганидан қўрқиб, шубҳага тушган вақтида;
– қаттиқ қайғу чекиб, маҳзунликни ҳис қилганида;
– Шайтон уни муайян бир гуноҳ ишни содир этишга васваса қилиши кучайганида;
– қаттиқ касалликка чалинганда;
– шунингдек, Аллоҳ ибодатида ҳамиша собит бўлиш учун.
Шуни таъкидлаш керакки, бу оятларни тиловат этиш бирорта шаръий далиллар билан собит эмас – на Қуръон ва на ҳадис, ҳаттоки саҳобалар амалида ҳам кузатилмаган. Лекин кейинги халаф уламолар ўзларининг ҳаётий тажрибаларига асосан (мустаҳаб деб санашдан ва шаръий зикрлардек ибодат тусини беришдан холи тарзда) тавсия қилганлар. Модомики, Аллоҳ таоло Қуръон тиловатида мўминларга шифо борлиги ваъдасини берган экан, унинг оятлари билан руҳимиз ва қалбимизга шифо излашда (қатъий эътиқод қилмаган ҳолда) ҳадиси шарифларда мазаммат қилинган бидъат кўринишлари намоён бўлмайди.
203-гуруҳ талабаси Юсуфий Рокия