islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мактубга жавоб

Почтадан ҳар ҳафта ўттизга яқин хат оламан. Уларни радиодаги тингловчиларим ёки газета-журналлардаги мақолаларимни ўқиган кишилар юборишади. Лекин кеча келган хат аввалгиларига асло ўхшамас эди. Бир она юборган бу хат Оналар кунида ёзилган бўлиб, иборалари унчалик ҳам фасоҳатли, чиройли бўлмаса-да, балоғат жиҳатидан айни мўъжиза эди. Аслида балоғат ҳам инсоннинг кўзлаган мақсадига элтувчи гапни айтиши эмасми?!
«Оналар куни деган байрамни эшитганман, лекин кўрмаганман. Оналар фарзанд сабабли азобу машаққат чекишини биламан, лекин фарзанднинг онага яхшилик қилганини, у сабабли бахтли ҳаёт кечиришини билмайман», деб ёзган эди у. Йўқ, бу онанинг фарзандлари унга оқ бўлмаган, бу хатни уларнинг итоатсизлигидан шикоят қилиш учун ёзмаган, чунки улар ҳали кичкина, ота-онага оқ бўладиган ёшга етишмаган. Мактубни ёзган она қашшоқлигидан, фақирлигидан, оиланинг таянчи бўлган турмуш ўртоғини йўқотганидан, йўқчиликка ҳар қанча сабр қилмасин, баъзан сабр косаси тўлиб кетаётганидан шикоят қилади. У мендан «Нима қилсам экан? Болаларимни мактабдан чиқариб олиб, бир бурда нон топиш учун бирор ишга берсаммикан? Мактабнинг бошқа харажатлари у ёқда турсин, ҳатто мактаб формасига ҳам пул топиб бера олмасам, ахир улар бу эски жулдур кийим-у, бўм-бўш чўнтак билан ўқишни қандай қилиб тамомлашади?» деб сўрабди.
Очиғини айтсам, шу кунгача бой бўлишни орзу қилмаган эдим. Аммо шу бугун мана шу аёлга қаламим, сўзим билан эмас, балки мол-дунёим билан ёрдам бериш, тасалли бериш учун бой бўлгим келиб кетди. Лекин начора, мен бир ёзувчи бўлсам, ёзувчининг эса қалами-ю тилидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.
Лекин хатни ўқиб, қалбимдан отилиб чиққан икки гапни айтишга барибир қарор қилдим. Синглим, бири сенга. Иккинчиси эса ўқувчиларимга.
Синглим, сенга айтадиган гапим бир қарашда одамларга ғайритабиий туюлиши мумкин, чунки ёзувчилар одатда бундай гапларни айтишмайди. Чунки улар одамларга ўзларининг асл кўринишларини эмас, балки, таъбир жоиз бўлса, бироз қалам теккизилган, безалган, тузатилган шаклларни намойиш қилишади. Эҳтимол, бундай расм гўзал ва жозибалироқ бўлиши мумкин, лекин бу уларнинг ҳақиқий сурати, ҳақиқий кўриниши бўлмайди. Бундай ёзувчилар ўз ўқувчиларига қалби билан эмас, балки ақли билан хитоб қилишади. Аммо мен назарда тутган бу услуб ҳам янгилик эмас, у француз адиблари орасида кенг тарқалган.
Айтмоқчи бўлган гапим – ҳақиқий ҳаётий воқеа. У бирор ёзувчининг хаёлий тўқимаси эмас. Уни ёзувчининг қалами таълиф қилмаган. Унинг бўлимларини мана шу сиз билан биз яшаб турган реал воқелик, ҳаёт битган. Уни сенга қандай бўлса, шундайлигича ҳикоя қилиб бераман. Синглим, уни айтишдан мақсадим – сен ва сен каби умидсиз ҳолга тушган ҳар бир онага, фақирлик ва мискинликда улғаяётган ҳар бир фарзандга шараф ва улуғворликка икки нарса орқали эришиш мумкинлигини етказиб қўйишдир. Уларнинг бири Аллоҳ азза ва жалланинг тавфиқи, иккинчиси эса билим ва ғайратдир. Аллоҳ ихлос билан амал қиладиган ҳар бир бандага тавфиқ беради..
Синглим, энди воқеани эшит.
Бундан қирқ йилча муқаддам Дамашқда олий мартабали, саховатли, фазилатли бир олим яшаган. Унинг эшиги қариндош-уруғлар, меҳмонлар ва толиби илмлар учун доим очиқ бўлиб, дастурхони ҳам тўкин эди. Одамлар Биринчи жаҳон уруши даврида танг ва оғир аҳволда қолган бўлса-да, Аллоҳ бу кишидан Ўзининг фазл-марҳаматини дариғ тутмаган, шунинг учун бу олим асло қийинчилик кўрмаган эди. Унинг ўзи юқори лавозимларда ишлар, одамлар уни жуда ҳурмат қилишар эди.
Унинг фарзандлари ҳам ана шундай хонадонда на фақирлик машаққатини, на эҳтиёжмандлик хорлигини кўрмай улғайишар эди. Лекин бир кун (1925 йили) уларнинг бошига оғир мусибат тушди – ўша олим вафот этди. Катта ўғли ўн олти ёшда, ўртанча ўғил ўн ёшда, кичиги эса бир ойлик эди.
Ота вафот этгач, парда кўтарилди. Отадан мерос қолган мол-мулк одамлардан олинган қарзларгагина етар экан, холос. Уйдаги жиҳозларни ўша қарзларни тўлаш учун сотишди. Кейин эса Солиҳиядаги катта уйларини ташлаб, ҳар бир уй бирма-бир тафтиш қилинадиган, тинмай отишмалар бўлиб турадиган нотинч бир жойга кўчиб ўтишди (инқилоб пайтлари эди). Топган уйлари Дамижия маҳалласида бўлиб, бир кулба, молхона ва сомонхонадан иборат эди. Дамижияни эшитганмисан? У Уқайбанинг охирида. Ери нотекис, кўчалари торлигидан одамлар «У ерда маймун ҳам боласини йўқотиб қўяди» дейишади. Хуллас, бу ер ана шундай жой эди, ишонавер, синглим. Давами бор…

Алий Тантовийнинг «Мин ҳадисин-нафс»
китобидан Нодирбек Носир

110730cookie-checkМактубга жавоб

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: