islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қандай тақинчоқлардан фойдаланиш мумкин?

Мамлакатимиз мустақил бўлганига чорак асрдан кўпроқ вақт бўлишига қарамай, унинг ҳар жабҳада изчил ва босқичма-босқич ривожланиши аҳолининг турмуш тарзини янада яхшиланишига сабаб бўлмоқда. Халқимизнинг маънавий салоҳияти ортиши билан бир қаторда моддий имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Юртимиз аҳолисининг аксар қисми мусулмонлардан иборат эканлигини инобатга оладиган бўлсак, қон-қонимизга сингган динимизнинг софлигини асраб, унга ҳар хил бидъату хурофотларнинг аралашишига йўл қўймаслик эзгу вазифамиздир. Аҳолининг моддий имконияти кенгайиб бораётганини бежиз тилга олмадик. Чунки, биз ёритиб бермоқчи бўлган мавзу ҳам айнан мусулмон киши ҳаётида фойдаланадиган қимматбаҳо буюмлар борасидадир. Қимматбаҳо тақинчоқларнинг тури кундан кун кўпайиб боргани сайин инсон ундан фойдалангиси, ўз манфаати йўлида ишлатгиси келади. Бунинг учун авваламбор ислом шариатида мўътабар ҳисобланадиган ислом алломаларининг фикрларидан ва уларнинг ёзиб қолдирган асарларидан фойдаланишимиз ўринли бўлади. Айниқса бу борада Имом Бухорий, имом Термизи Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий каби юртимиз алломаларининг бу борада қўшган ҳиссалари беқиёсдир.

Тилла ва кумушлар аслида пул сифатида яратилгани боис ундан тақинчоқ сифатида фойдаланса шариатда белгилаб қўйилган миқдорга етганда закот вожиб бўлиши фиқҳ китобларида баён қилинган. Аммо тақинчоқлардан фойдаланишда кўпчилигимиз эътибор бермайдиган муҳим жиҳати борки, биз айнан шу ҳақида, яъни, исломда қандай турдаги қимматбаҳо тақинчоқлардан фойдаланиш мумкинлиги борасида сўз юритамиз.

Аллоҳ таоло ўз бандаларига уларнинг ташқи кўринишларини чиройли қилиб турадиган неъматларни берганини  Қуръони каримда бундай дейди:

«Эй одам болалари, батаҳқиқ сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят белгиларидандир»1.

Яна бошқа оятда бундай дейилган:
“Сен: “Аллоҳ ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?! деб айт”2.

Ояти карима ер юзидаги зийнатлар ҳаром эмаслиги, ундан фойдаланиш мумкинлигини ифода этяпти. Бу ҳукм ҳаммага эркагу аёлга, ёшу қарига баробардир. Зийнат бу умумий сўз бўлиб кийим-кечак, тақинчоғу ҳушбўй мушкларни ҳам ўз ичига олади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир ўринда: «Аллоҳ гўзалдир гўзалликни яхши кўради»3. деган бўлсалар, яна бир ўринда: Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин (парвариш қилсин)”4, деганлар.

Бу икки ҳадис билан у зот инсоннинг ички дунёси Аллоҳнинг тавҳиди билан гўзал бўлиши билан бир қаторда, унинг ташқи кўриниши ҳам Аллоҳ берган неъматлар билан чиройли ҳолатда бўлишини таъкидлаяпти.

Лекин бу ер юзидаги зийнатнинг ҳамма туридан фойдаланиш мумкин дегани эмас. Зеро, Исломда зийнатланишнинг аёллар учун алоҳида, эркаклар учун алоҳида истисно ҳолатлари бор. Фиқҳий манбаларнинг хулосаси шуки аёллар тақинчоқ сифатида тилла ва кумушдан фойдаланишлари мумкинлигини, эркаклар эса, фақатгина кумушдан узук тақишда фойдаланишлари мумкинлигини баён этади5.

Далил сифатида имом Термизий ва бошқа муҳаддислардан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисларга мурожаат қиламиз: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг аёлларига тилла ва ипак ҳалол қилинди эркакларига эса, ҳаром қилинди»,- деганлар6.

Юртимиз алломаларидан Бурҳониддин Марғиноний ўзларининг “Ҳидоя“ асарларида шу каби оят ҳадисларни келтириб бундай дейдилар: Эркак киши тилла тақинчоқдан фойдаланиши ҳалол эмас. Худди шунингдек кумуш ҳам шу маънодаги буюм бўлгани учун эркаклар фойдаланши мумкин эмас. Узук, камар, қилич ва пичоқлар безагида кумушдан фойдаланса бўлади7.
Бу узук тақиш суннат дегани эмас.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Румга мактуб ёзмоқчи бўлдилар. У зотга: “Улар фақат муҳр босилган мактубларнигина ўқийдилар“, дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзига муборак исмлари зарб қилинган кумуш узук тақа бошладилар. Мен ҳозир ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида ўша узукнинг ялтирашини кўриб тургандекман ва унга «Муҳаммад Росулуллоҳ» деган сўзларнинг нақши туширилган эди”8.

Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узукдан муҳр сифатида фойдаланганлари маълум бўлади. Шунинг учун уламоларимиз султон, қози ва улар сингари муҳр босишга эҳтиёжи тушадиган кишиларга узук тақиш суннатлигини айтиб ўтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муҳр босишга эҳтиёжлари тушгани учун узук таққанлар. Ким масъул шахс бўлиб узукка эҳтиёжи тушса ва узук тақса, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашган бўлади, дейилган. Юқоридагилардан маълум бўладики, масъул шахсдан бошқаларнинг узук тақмаганлари афзал. Лекин тақишлари жоиз9.

Имом Муҳаммад «Жомиус Сағир» китобида: «Эркаклар узукни фақат кумушдангина тақишлари мумкин. Тош, темир, мис ва бошқа маҳсулотлардан узук тақишлари мумкин эмас», деб ёзганлар10.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Темир узук таққан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот: «Негадир сенда дўзах аҳлининг зийнатини кўряпман-а», дедилар. Бас у тақишни тарк қилди. Кейинроқ сариқ мисдан узук тақиб келди. Шунда у зот: «Негадир сендан бутнинг ҳидини сезаяпман-а», дедилар. Бас у тақишни тарк қилди. Ҳалиги киши: «Нимадан узук тақсам бўлади?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кумушдан, вазнини бир мисқолга етказмагин», дедилар11. Ушбу ҳадисга биноан эркак киши тақадиган узукнинг вазни бир мисқол (4.25грамм12)дан ошиб кетмаслиги маълум бўлади.

Ундан ташқари ҳадис тилла ва кумушдан бошқа тақинчоқларнинг ҳаромлиги борасида умумий айтилгани боис уламоларимиз мис, темир каби металлардан эркаклар ҳам аёллар ҳам фойдаланиши мумкин эмас деган ҳукмни айтганлар13.

Демак, аёлларимиз ҳозирги кунда урф бўлган тилла ва кумушдан ясалган билагузук, узук, соат ҳамда бўйинга занжир, шунингдек қулоқ, бурунларига сирғалар тақишлари жоиздир. Лекин бу тақинчоқларнинг тилла ва кумушдан эканлигига алоҳида диққат қилишлари лозим. Эркакларга эса кумуш узукдан бошқа барча тақинчоқлар ҳаромдир. Агарчи, улар кумушдан ясалган бўлса ҳам.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки мусулмон киши шариат томонидан фойдаланиш таъқиқланган нарсалардан дарҳол тийилгани, истеъмолнинг турли йўлларини қидирмагани маъқул. Чунки шариат гарчи у нафсга ўгир бўлса ҳам бандани манфаати бор ишгагина буюради, фойдаси бўлмаган ишдан эса қайтаради.

Бунинг исботи ўлароқ ҳозирги кунда тиббиёт тасдиқлаган маълумотлардан бирини айтишимиз мумкин. Олимлар фикрига кўра эркак киши доим тилла узук тақиб юриши унинг соғлигига зарар экан. Сабаби қимматбаҳо металл вақт ўтиши билан оксидланиб ўзидан кимёвий модда чиқаради. Бу моддалар эркакларнинг жинсий безларига салбий таъсир кўрсатади. Тилланинг софлик даражасидан қатъий назар ҳатто бир мисқол оксид ҳам жинсий безлар фаолиятини издан чиқариши мумкин экан14.

Шундай экан, ҳозирги кунда ёшлар ўртасида оммалашиб кетаётган, нафақат динимизга балки, миллийлигимизга ва инсониятнинг соғлигига ҳам тўғри келмайдиган, инсонларни ахлоқий бузилишига сабаб бўладиган тақинчоқларни тақишдан ва уларни омма орасида урфга айланиб қолишидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Аждодларимиз томонидан бизга соф ҳолатда етказилгамн ислом динини биздан кейинги авлодга бус-бутун қилиб етказиш ҳам улкан вазифаларимиздан биридир.

«Жўйбори Калон» ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси Султонова Диловар

1. Аъроф сураси, 26-оят.Тафсири ҳилол. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
2. Аъроф сураси 32-оят. Тафсири ҳилол. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Шарқ. Тошкент – 2008. – Б. 154.
3. Саҳиҳи Муслим. Муслим ибн Ҳажжож. Дорус салом. Қоҳира – 1429. Иймон китоби. Кибр ҳаром экани боби. 91-ҳадис.
4. Сунани Абу Довуд. Сулаймон ибн Ашъас. Дорул фикр. Байрут – 2010. Соч тараш китоби. Сочларни парвариш қилиш боби. 4-жуз. – Б. 76.
5. Ал-фиқҳ ал-Исламий ва адиллатуҳу. Ваҳбат Аз-Зуҳайлий. Дарул фикр. Дамашқ – 2008. 9-жуз. 234.
6. Сунани Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Альтаф анд Сонс. Покистон, Карачи –2015. Либос китоби. Эркаклар ипак ва тилладан фойдаланиши боби. 1720-ҳадис.
7. Ал-Ҳидоя шарҳу Бидаятул мубтадий. Бурҳониддин Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдужалил ал-Марғиноний. Дарул-кутубул илмия. Байрут – 1990. – Б. 364.
8. Сунани Термизий. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Либос китоби. Узукка нақш солиш боби. 1720-ҳадис.
9. Мавсуатул Фиқҳийя Визоратул авқоф ваш шуунил исломийя. Мактабатул ол. Қувайт – 2013. – Б. 234.
10. Ал-фатавол ҳиндийятун Низом. Шайх низом ва бир қанча Ҳинд уламолари. Дорул маърифа. Байрут – 1310. 5-жуз. – Б. 335.
11. Сунани Абу Довуд. Сулаймон ибн Ашъас. 4-жуз. – Б. 78.
12. Ан-Найм Ул-Кабир. Одилжон Носиров, Муҳаммад Юсупов, Маҳмуджон Муҳиддинов, Юнусхон Раҳматуллаев Абдулҳай Нишонов. Наманган нашриёти. Наманган – 2014. – Б. 83.
13. Ҳошияту ибн Обидин. Муҳаммад ибн Обидин. Дорул кутубул илмийя. Байрут. 3-жуз. – Б. 277.
14. orif.uz сайти. Орифжон Мадалиевнинг «Взгляд» газетасидан тайёрлаган маълумотлари.

110660cookie-checkҚандай тақинчоқлардан фойдаланиш мумкин?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: