islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Адолат

Адолат – барча замонлар ва барча жамиятларда энг устувор таянч ҳисобланган. Тарихда адолат ҳукм сурган давлатлар ва тузумлар узоқ давом этганини кўришимиз мумкин, аксинча адолатсизликка юз бурганида норозиликлар ва бош кўтаришлар ва тузум ўзгаришларни мушоҳада қиламиз. Лекин адолат нима эканини ва уни қандай амалга ошириш мумкинлигини биз бандаларга Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбари ва Китоби орқали таълим берган. Аллоҳ таоло жуда кўп ўринда адолат қилишга буюради. Жумладан, одамлар орасида ҳукм қилганда, етимларга васий бўлганда, эр-хотин ўртасида ҳакам бўлганда, бошқа дин вакиллари ҳукм сўраб келганда ва бошқа барча ижтимоий муомалаларда адолатли бўлишга чақиради. Аллоҳ таоло Моида сураси 42-оятида шундай дейди: “Агар ҳукм қилсанг, ораларида адолат ила ҳукм қил. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади”.

Адолат араб тилида тенглик, инсоф, ва ҳақ билан ҳукм қилиш каби маъноларини англатади. Албатта Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатни энг ёрқин намунасидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғларида ҳам адолат, ишонч ва омонатдорлик сифатлари билан одамлар қалбларини забт этган эдилар. Улар бирор нарсада баҳслашиб қолсалар, у зотдан ҳукм сўраб келардилар ва ҳаммалари рози бўладиган адолатни топардилар. Қурайш қабиласи ҳаммалари учун қадрли бўлган Каъбани қайтадан қурганларида, Ҳажарул-асвадни жойига қўйиш масаласида келиша олмадилар. Бу шарафга эга бўлиш учун улар уруш қилишга ҳам тайёр эдилар. Одатда араблар арзимаган сабаб туфайли қирғинбарот урушлар олиб боришарди. Шу воқеада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида уруш келиб чиқиши тайин эди. Эшикдан биринчи кирган киши бўлишлари, Ҳажарул-асвадни жойига қўйишлари, ҳар бир уруғдан бир киши вакил бўлиб кийимни ҳар тарафидан кўтаришларини буюришлари барчани рози қиладиган адолат бўлди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга бориб уларни исломга даъват қидилар, лекин улар эси пастларга тошбўрон қилдириб У зотни қонга беладилар. Шунда Аллоҳ таоло фаришта юбориб, уларни дуо қилсалар, жазолашини билдирди. Лекин У зот: “уларни ҳидоят қилгин, чунки улар билмайдилар” , деб дуо қилдилар. Бу бағрикенглик ва адолат эмасми? Қурайш халқи У зотни тўхтатишдан умиди узилганидан сўнг, хаммалари бирлашиб суиқасд режасини ишлаб чиқишди. Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ишдан хабардор қилиб, Мадинага ҳижрат қишга изн беради. Улар суиқасдни амалга ошириш кечасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларига Али розияллоҳу анҳуни қўйиб чиқдилар. Сабаби, У зотга маккаликлар омонатларини ишониб топширишган эди. Омонатларни эгаларига қайтариш учун Али розияллоҳу анҳуни вакил қилиб кетган эдилар. Макка халқи У киши келтирган диндан нафратлансалар ҳам, У зотга қаттиқ ишонар эдилар. У зотни адолатлари ва омонатдорликларини қарангки, ўзларини ўлдирмоқчи бўлган кишиларни моллари учун қайғуриб, эгаларига етказиш учун Али розияллоҳу анҳуни қолдириб кетдилар. Бундай адолатли қарорни бошқа ҳеч ким қила олмас эди.

Аммо у зот мисли кўрилмаган тенглик ва адолат асосларини ўрнатдиларки, бутун дунё ҳозиргача бундан ҳайратдадир. Авваллари жамиятда жуда катта табақаланиш юзага келган эди. Қулнинг ҳуқуқи ҳайвон билан тенг, аслзодалар эса жуда шарафланар эди. Аёл кишиларни умуман ҳуқуқи йўқ бўлиб аслзодаларга валийлари томонидан чекланмаган миқдорда бериб юбориларди, ёки жоҳилона ор ва номус туфайли тириклайин кўмиб юбориларди. Шу тарзда узоқ давом этган зулматга тўла ҳаёт тарзидан сўнг вазиятларни ўзгартирувчи ва ақлларни лол қилувчи инқилобий ғояни эълон қилдилар:” Эй одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан фарқи фақат тақво биландир”. Ушбу эълонда башариятни бирлаштирувчи, тинчлик ва омонликни таъминловчи икки асос бор эди. Инсонлар бир-бирига икки тарафлама биродардирлар. Робб бирлиги ва ота бирлиги туфайли эди. Зулматдан нур бўлиб янграган бу шиор Билол розияллоҳу анҳу каби зотларга иззат тожини кийдириб, араб аслзодалари билан бир қаторга қўйди. Нубувват мактабидан таълим олган саҳобаларнинг ҳар бири борган юртларини ҳайратда қолдирар эди. Уларнинг юриш-туриши бир хил, гап-сўзи бир хил, фикрлаши бир хил бўлган бошқа жисмдаги бир жон каби эдилар. Умар розияллоҳу анҳу адолати тилларда достон бўлди ва адолат деса Умар розияллоҳу анҳу тушуниладиган бўлди. Албатта улардан кейин келганлар ҳам уларнинг изларидан боришди ва бир неча аср дунёни бошқаришди.

Адолат бугунги тараққиёт даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади. Охирги йиллар юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда катта кўламда олиб борилмоқда. Қисқа давр ичида шундай ўзгаришлар бўлдики, -уч-тўрт йил олдин буни тасаввур қилиб бўлмасди. Ижтимоий тармоқларда шахсан Президентнинг сайтлари фаолият юритаётгани, ваколатли вазирликлар ва ҳокимликлар халқни тинглаб, муаммоларни бартараф этаётгани, матбуотда кўрсатилган камчиликлар тезда ечим топаётгани, бугунги Ўзбекистонни илдам қадамларини дунё эътироф этаётгани, Президент ва ҳукумат томонидан халқ манфаатини таъминлайдиган қарор ва қонунлар тинимсиз ишлаб чиқилаётгани бу ўлкада адолат ҳукмронлик қилаётганининг ёрқин далилидир.

ТИИ 2-курс сиртқи бўлим талабаси Абдуллаев Акром

111890cookie-checkАдолат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: