Исломга қадар, дунёнинг деярли барча юртларида инсон ҳуқуқлари турли йўсинда поймол қилиниши кучайиб кетди. Айниқса, аёлларга муносабат жуда тубан даражада тушиб кетди. Уларга инсон сифатида эмас, балки бир буюм сифатида қаралар, ҳақлари топталар эди. Араб жазирасидаги аксар оилаларда қиз фарзанд дунёга келса, уни тириклай кўмилар эди. Ота вафот этса, ўғилга отасининг аёллари матоҳ ўлароқ мерос бўлиб қолар, агар ўғил хоҳласа уларга уйланиши ҳеч кимни ажаблантирмас эди…
Ҳинд диёрларида эри ўлган аёл яшашга ҳаққи йўқлиги туфайли, эри билан бирга ёқиб юборилар эди. Қисқаси, аёл зоти ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эмас эди.
Бу ҳол ўз-ўзидан мукаммал бир низом, одил ижтимоий тизимга бўлган эҳтиёжни тобора тақозо қилиб бораверди. Ниҳоят, ислом дини келиши билан аёл зотининг жамиятда ўзига хос мавқеъи намоён бўла бошлади. Уларнинг ҳақлари улуғланди.
Аёлни она, жуфти ҳалол, опа-сингил, қиз сифатида ҳурмат қилиш, ҳақларига риояда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари намуна бўлдилар. Нафақа, маҳр, талоқ, хулуъ, идда ҳукмлари жорий бўлди. Нафақат ҳур аёлларга, балки одам сифатида кўрилмаган чўриларга ҳам хос ҳукмлар жорий қилинди.
Аёлнинг нафақаси кимнинг зиммасида?
“Нафақа” – қарамоғидаги кишини етарли таом, кийим, турар жой билан таъминлашдир. Аёл кишини мана шу нарсалар билан таъминлаш никоҳдан сўнг эрининг зиммасига вожиб бўлади. Турли сабаблар билан ўртага талоқ, ажрим тушганда ёки эр вафот этганда-чи?
Афсус-ки, аксар ҳолларда эр талоғини бериб ёки бермасдан, аёлини кўч-кўрони билан ота уйига жўнатишига гувоҳ бўламиз. Аслида, талоқдан сўнг ҳам аёлнинг таъминоти бир муддат эрининг зиммасида бўлади. Бунинг учун аввал идда ва унга тегишли масалаларни тушуниб олиш муҳим.
Динимизда аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга “идда” дейилади.
Талоқ қилинган аёл иддаси. Аёл ҳайз кўрувчи аёллардан бўлса, унинг иддаси учта ҳайз кўриш билан тугайди. Агар ҳайзли ҳолатида талоқ тушган бўлса, у ҳайз ҳисобга ўтмай, балки, кейинги ҳайзидан бошлаб ҳисобланади. Агар аёл ҳайз кўрмайдиган аёллардан бўлса, унда талоқдан сўнг тўлиқ уч ой идда сақлайди.
Эри ўлган аёл иддаси. Бундай аёллар тўрт ой-у, ўн кун идда сақлайдилар.
Ҳомиладор аёлнинг иддаси. Агар талоқ қилинган, ёки эри ўлган аёл ҳомиладор бўлса, иддаси ҳомиласини туғиши билан тугайди.
Юқорида санаб ўтилган талоқ иддаси давомида, у ҳоҳ ражъий, хоҳ боин талоқ бўлсин, аёлни озиқ-овқат, кийим, маскан билан таъминлаш эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Аёл иддани эрининг уйида сақлайди. Идда ўтирган манзилидан ташқарига заруратсиз чиқиши мумкин эмас. Фақат аёлнинг ҳолати борасида фарқ бор.
Яъни ражъий талоқ тушган аёл иддаси давомида, эрини олдида ўзига оро берган, ҳушбўйланган, ўзига жалб қилган ҳолатда юриши мустаҳаб бўлса, боин талоқ иддасида ўтирган аёл эри билан ўзи ўртасида парда тутиши, худди номаҳрамдан сақлангани каби авратларини яшириши лозим. Эри вафот этган аёл ҳам идда муддатини эрининг уйида ўтказади. Лекин у кундуз куни чиқиши мумкин, чунки унинг таъминоти ўзининг зиммасида бўлгани учун, тирикчилик қилишга эҳтиёж сезади. Аммо кечаси эрининг уйида тунайди.
Нега энди эр аёлини талоқ қилсаям, маълум вақтгача яна таъминлаб туриши керак? Келинг, масалага бошқачарооқ ёндошайлик!
Ислом ҳар доим насл поклигини биринчи ўринга қўяди. Шунинг учун ҳам зинонинг ҳар қандай кўринишини мутлақ таъқиқлайди. Битта аёлнинг кўп эркак билан никоҳда бўлишини ҳам рад этади. Чунки, бу иккита ҳолда ҳам насл бузилиши аниқ.
Ҳатто бугунги ривожланган тиббиётдаги пробиркада уруғлантириш масалаларида ҳам ислом ўзининг аниқ ечимларини тақдим қилган ва бунда ҳам наслнинг поклигини юз фоиз сақлашни буюради.
Масала шунда-ки, идда – аёлнинг ичида шу эрнинг фарзанди бор-йўқлигини аниқлаш учун жорий қилинган муддатдир. Яъни, насл кимга тегишлилигини аниқ билиб олиш жараёни. Демак, эр ўз наслини ҳимоя қилиш учун аёлни сақлашга, уни сақлаб туриш учун эса, таъминлашга мажбур!
“Ақоид ва диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Зойирова Ҳафиза