islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (биринчи мақола)

Маълумки, минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган бой миллий маънавий меросимиз, асосан, араб тилига оид манбалар ҳисобланади. Араб тили ва ёзуви Мовароуннаҳрга VII асрнинг иккинчи ярмида кириб келган бўлса, VIII аср бошларидаёқ уни ўзлаштирилган ва истеъмолда қўллана бошланган.

Ўрта Осиё ҳудудида араб ёзувида битилган дастлабки ҳужжат Панжикент ҳукмдори Диваштич томонидан Араб халифалигининг Хуросондаги ноиби Амир ал-Жарроҳ номига 719 йилда ёзилган мактуб бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу даврдан бошлаб XIII асрларга қадар битилган ҳужжатлар ва илмий манбалар асосан араб тилида ва қисман форс-тожик, эски туркий тилларида таълиф этилган.

Араб тилини маълум илмий қоидалар асосида ўрганиш тарихи Ислом дини, аниқроғи, ушбу диннинг асосий манбаи – Қуръони карим билан боғлиқ. Чунки Қуръони карим айнан араб тилида нозил бўлган. Унинг фасоҳат ва балоғат (стилистик) жиҳатдан ўта мукаммаллиги ўша даврда етук араб шоирларини ҳам лол қолдиргани аниқ тарихий ҳақиқат.

Исломнинг илк даврида Қуръони каримни тушуниш, ундаги оятларни мазмун-моҳиятини ва нозил бўлиш сабабларини идрок этиш арабларда қийинчилик туғдирмаган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Қуръони карим оятларини тушунишда юзага келган муаммоларни ҳал этганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг эса саҳобалар Қуръони карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодлари-илмий малакаларига суянган ҳолда уни изоҳлашган ва ўзлари учун зарур йўл-йўриқларни олишган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита олган илмлари орқали шаръий меъёр ва асосларни жуда яхши тушунишган. Қуръони карим оятларининг моҳияти, нозил бўлиш сабаблари ва қўлланиш ўринларини пухта англаб етганлар. Шунинг учун ҳам улар белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.

Вақт ўтиши билан Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида кенг тарқалди. Бошқа кўплаб миллатлар мусулмонлар билан қўшилиб, ўзгача шароит юзага келди. Ушбу миллатларнинг ўз тиллари, урф-одатлари ва маданиятлари бор эди. Улар Қуръони каримни ўқиб, тушуниш ва сўзларини тиловат қилишда қийинчилик сезардилар. Бу ҳолат эса уни нотўғри ўқишга, натижада эса нотўғри тушунишга олиб келиши мумкинлигини тақозо қилар эди. Буни яхши англаб етган тўртинчи халифа ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз шогирдларидан бири Абул Асвад ад-Дувалийга араб тили граматикасига оид умумий қоидаларини тартибга келтириб, алоҳида қўлланмада қайд этишни тавсия қиладилар. Шу тариқа ҳижрий I асрнинг иккинчи ярми, мелодий VII асрнинг охириларидаёқ наҳв фанининг тамал тоши қўйилди.

Кейинги даврлардаги Халил ибн Аҳмад, Себавайҳи, Ахфаш ва Фарро каби наҳв олимларининг илмий изланишлари бу борадаги ишларнинг кўламини янада кенгайтирди. Уларнинг барча илмий изланишларининг самараси Қуръони карим ва ҳадиси шарифга улкан хизмат бўлиши билан бир қаторда араб тилига ҳам беқиёс хизмат эди. Шунинг учун ҳам Абу Умар Солиҳ ибн Исҳоқ нинг “Мен Сибавайҳининг “ал-Китоб” асаридан инсонларга ўттиз йил фатво бердим” , деган гапи бежиз эмас эди. Чунки у мазкур наҳвий олимнинг тартибга солган қоидалари асосида Қуръон оятларидан ҳукмларни чиқариб олган ва инсонларга фатво берган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулатиф Турсунов

117760cookie-checkҚуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (биринчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: