islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Лаънатланган тоифалар

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Коррупция – (лот. Corrumpere) бузмоқ яъни “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатади.

Имом Журжоний- “Пора (Ришва)- Бир киши томонидан ботилни ҳақиқатлаш ё ҳақдорнинг ҳаққини поймол қилиш”, дейди. Пора моддий ва маънавий ҳам бўлиши мумкин. Динда пора моддий эътиборга олинади.

Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, 2020 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. 6 боб ва 34 моддадан иборат ушбу қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ва меъёрлар белгиланган.

 عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: “لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا” رواه أحمد.

Савбон розияллоҳу анҳу айтади:

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).

Пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар. Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди, дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ وَمَنْ يَلْعَنِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ نَصِيرًا

 «Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз». Нисо сураси 52-оят.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ҳукмдаги пора куфрдир. Одамлар орасидаги эса ҳаромдир» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِ‌يقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз!

(Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўллар билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!» (Бақара сураси, 188-оят).

Яъни, бошқаларнинг ҳаққини сизларга ўзлаштириб беришлари учун ҳокимларга пора берманглар.

Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Яна бир ривоятда: «Ўртадаги кишини ҳам», дейилган.

Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Биронта ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин» (Табароний ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир биродари учун воситачилик қилса-ю, бунинг эвазига унга ҳадя берганда ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрликнинг катта эшикларидан бирига яқинлашибди», дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биродарингнинг ҳожатини билиб, уни раво қилсанг-у, (бунинг эвазига) сенга ҳадя берганда, қабул қилсанг, бу ишинг ҳаромдир».

سماعون للكذب أكَّالون للسحت

Масалан, порахўрлик ҳукми ҳақида тўхталиб, ушбу ояти каримани далил қилган: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қу­лоқ соладиган ва ҳаромни ейдиганлардир…” (Моида сураси, 42-оят). Олим оятдаги “ҳаром” деб таржима қилинган “суҳт” калимаси илдизи билан суғуриб ол­моқ, йўқотмоқ маъноларини англатишини таъкидлайди ва бундай ёзади: «“Суҳт” сўзи порани англатади. Зеро, пора баракани йўқотиб, гуноҳкорни ҳалок қилади»[1].

Абу Бакр Жассос фикрини қувватлаб, саҳоба ва тобеинларнинг “суҳт” сўзи маъноси ҳақида айтган фикрларини келтиради:

Бир ривоятда Масруқ ро­зияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­дан суҳт ҳақида сўрагани­да, у зот: “Суҳт порадир”, деб жавоб берган. Али кар­рамаллоҳу важҳаҳу ҳам суҳтнинг пора эканини таъкидлаган. Тобеин­лардан Иброҳим, Ҳасан, Му­жоҳид, Қатода, Масруқ ва Заҳҳок раҳимаҳумуллоҳлар ҳам “суҳт”нинг маъноси пора эканини айтганлар. Савбон раҳимаҳуллоҳ Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­дан қилган ривоятда бундай дейилган: “Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасида восита бўлувчини лаънатладилар”

(Давоми бор)

ТИИ битирувчиси Аҳрорбек Мадаипов

[1] Абу Бакр Жассос «Аҳкомул Қуръон». – Б. 606

117790cookie-checkЛаънатланган тоифалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: