islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратди ва уни ердаги халифаси бўлишдек олий мақомга муяссар қилиш билан бирга Ўз лутфу карами ила чексиз неъматлари билан неъматлантирди. Дарҳақиқат, инсоният шу вақтгача Аллоҳ таоло яратган неъматларининг ниҳоясига ета олмаган. Ушбу неъматларнинг барчаси инсониятга синов учун ато этилган.Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Сўнгра ўша кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлардан сўраласизлар» (Такасур сураси 8-оят).

Исроф деганда кўз олдимизга жўмракдан сабабсиз оқиб турган сув, куппа-кундуз куни ёқиб қолдирилган чироқ, йиллаб тўпланган мол-давлатнинг бир кунда ниҳояланишига сабаб бўлаётган дабдабали тўйлар кўз олдимизга келади. Исроф турларини ўрганиб чиқиш борасида кўплаб манбаларга мурожаат қиларканман, унинг турларининг саноғига ета олмадим, десам муболаға қилмаган бўламан. Шу жумладан, исроф барча нарсаларда, барча амалларда бўлишига гувоҳ бўлдим. Уларнинг турларини санаб ўтадиган бўлсак: сувнинг исрофи, таомнинг исрофи, кийимнинг исрофи, ўлимдаги исроф, вақтдаги исроф, илмдаги исроф, умрдаги исроф ва бошқалар…

Бугунги кунда ер юзида тоза ичимлик сувининг камайиб бораётганлиги долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсониятга қарата шундай марҳамат қилади:

«Сизлар ўзингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?» (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).

Биз ҳаётимизнинг бир кунини ҳам сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Сув нафақат инсоният, балки бутун махлуқот, ҳайвонот олами ва ўсимликларнинг ҳам ҳаёти ҳам тириклик манбаидир.

Демак, сув, хусусан, истеъмол ва покланиш учун ишлатадиган сувларимиз бизга Аллоҳ берган буюк неъматлардан биридир. Аллоҳ таоло бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Шу жумладан, кўз олдимиздаги бебаҳо неъматни қадрлаш ва ўзгаларни ҳам шунга тарғиб этиш елкамиздаги фарз эканлигини, Аллоҳ Ўзи исатган пайтда уни қайтариб олиб қўйиши, ёки аччиқ ва шўр қилиб қўйиши ҳеч гап эмаслигини тушуниб етишимиз лозим.

Таомнинг, кийимнинг ва мол-дунёнинг исрофи.

Аллоҳ таоло бандаларини тежамкорликка чорлайди:

«Еб ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Еб ичиш мубоҳ, исроф қилиш эса улкан гуноҳдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар (Имом Бухорий ).

Бугунги кунда ер юзидаги кўплаб минтақалар аҳолиси айнан семизликдан азият чекаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Ҳозирги даврдаги кўплаб хасталикларга ҳам айнан еб-ичиш борасидаги исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони карим илмидан бехабар бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етганлар. Қадимда яҳудийлардан бири бир саҳобийга:

«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу оятга ишора қилган экан.

Басранинг амири Утва ибн Ғизвон бир куни шундай хутба қилдилар:

«Бизнинг овқатланишимиз учун дарахт баргидан бошқа нарса йўқ эди. Биз уни еяверганимиздан оғизларимиз атрофи шилиниб кетар эди. Бир куни мен устки кийим топиб олдим. Уни ўртасидан бўлиб Саъд ибн Моликка бердим. Ярмини ўзимга иштон қилиб олдим. Саъд ҳам ўзига теккан ярмини иштон қилиб олди. Ўша пайтдагиларнинг барчалари бутун бир шаҳарга амир эдилар. Мен Аллоҳ ҳузурида кичик бўлатуриб ўзимни юқори санашдан Аллоҳ номи ила паноҳ тилайман», дедилар. (Имом Муслим ривоятлари).

… Яқинда бир танишимни кўрдим. У мени тикувчиникига бирга боришни таклиф этди. Сабабини сўрасам, бир ҳафтадан сўнг бўладиган дугонасининг тўйи сабабли кўйлак тиктираётганлигини айтди. Гап орасида кўйлагининг фасонидан ҳали ҳеч ким киймаганлигини ҳам айтиб ўтди. Бир кунлик тўй учун тиктираётган кўйлагининг пули бир фақир оиланинг камида уч ойлик таомига кифоя қилар эди…

Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳо бизнинг ҳузуримизга бир кўйлак ва дағал иштон олиб чиқиб: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу иккисини кийиб вафот этдилар», деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Умома Илёс ибн Саълаба Ансорий ал Ҳорисийдан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бир куни у зотнинг ҳузурида дунёни зикр қилишди, шунда у зот: «Эшитмадингларми? Эшитмадингларми? Албатта, кўримсиз кийимларни кийиш (яъни, дабдаба кийимларни тарк этиш) иймондандир», дедилар. (Абу Довуд ривояти).

Юқорида зикри келтириб ўтилган саҳобалар амир, волий каби лавозимларда ишлашган. Агар улар чиройли, дабдабали кийимлар кийишни истаганларида бемалол бунинг имкони бор эди. Аммо улар унинг уволидан, охиратдаги ҳисобидан қўрққанликлари боис нафсларини жиловлай олганлар.
«Албатта исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббга ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 27-оят).

Исрофчилар ношукр бўлганидан ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, маъсият ва ёмонликка сарф қилади. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Неъматларни қадрламаган, Аллоҳдан ҳаё қилмасдан уларни исроф қилган инсондан ҳар нарсани кутиш мумкин. Неъматларнинг мўл-кўл бўлиши ёки уларнинг йўқолиб кетиши сиз билан бизнинг тежамкорликка қай даражада риоя қила олишимизга ҳамда виждонимизга боғлиқдир.

Ўлимдаги исроф.

Буни қарангки, ўлимда ҳам исроф бўлар экан:

«Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса майли. Кимки, мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин».

Яъни мусулмонлардан ким ноҳақдан ўлдирилса, ўша ўликнинг валийсига қасос олиш ҳаққи берилган бўлиб, у хоҳласа, қасос олиб, қотилни ҳам ўлдиришни талаб қилиши, хоҳласа, хун олиб, қотилни ўлдирмай қўйиши, хоҳласа, умуман, авф қилиб юбориши мумкин.

«Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин».

Яъни ўлган бир одамнинг ўрнига қасос учун икки ёки ундан кўпроқ одамларни ўлдирмасин. Айни вақтда ўлган одамнинг ўрнига қасос олиш у ёқда турсин, минглаб бегуноҳ инсонларни қириб юбораётган ИШИД аъзоларининг қилаётган қабиҳликлари, эртасини ўйламасдан бутун ер шарини дахшатга солаётган фитналари борасида нима дейиш мумкин?!

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда исроф юқорида зикри келган нарсаларда эмас, балки, бизга битмас-тугамасдек туюлган газ ва электр энергия каби маҳсулотларда ҳамда Аллоҳ таоло буюк неъмат ўлароқ ато этган бир сиқим умримиз ва қимматли сонияларимиз мисолида ҳам намоён бўлаётганлиги ғоятда ачинарли ҳолат. Аллоҳ таолонинг ўз каломида «У барча нарсани ўлчовли қилиб яратгандир» дея қилган хитобини унутмайлик азизлар.

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти 403-гуруҳ талабаси Аҳмедова Муаттар

131850cookie-checkИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: