1997 йили ёзда Халқаро Амир Темур жамғармасининг ўша вақтдаги раиси академик Бўрибой Аҳмедов (1924–2002) олдига биз – қўлёзмалар бўйича мутахассислар бориб, Қашқадарё воҳасига палеографик (қўлёзма манбаларни излаш ва ўрганиш) экспедициясига чиқиш истагимизни бунинг учун фонд бизларга ёрдам бериши имкониятини билмоқчи бўлдик. Шунда домла Б.Аҳмедов илмий сафармиз қўллаб-қувватладилар ва бунга Амир Темур жамғармаси ёрдам кўрсатажигини маълум қилдилар.
Август ойида Қашқадарёга қараб йўлга чиқдик. Гуруҳимизда мендан ташқари ҳозирда тарих фанлари доктори Шодмон Воҳидов, филология фанлари докторлари Қосимжон Содиқов ва Қудрат Омоновлар бор эди. Бизнинг айнан Қашқадарё воҳасини илмий сафар учун танлаганимиз бежиз эмасди. Шодмон Воҳидовнинг волидаси айтган маълумот шу йўналишни танлашимизда сабаблардан бири эди. Унга кўра Қашқадарёда бир ғор бор экан, унда бир тўн кийган инсон қўлидан Қуръонни қўймай, қучоқлаб турар экан, деган афсонавий гап бор экан.
Аммо маҳаллий аҳоли қўлидаги қўлёзмалар билан танишиш осон бўлмади. Сабаби яхши маълум: совет тузуми даврида халқ қўлидаги қўлёзмалар атеистик кураш доирасида йўқотилган. Уйидан қўлёзма чиққан одамлар таъқиб остига олинган. Орадан вақт ўтган бўлса-да, ўша давр қўрқуви ҳали инсонлар хотирасида сақланиб қолганди.
Биз аҳоли ишончини қозониш йўлидан бордик: Шаҳрисабз маҳаллий телевидениесидан чиқиб, олим эканлигимиз, аҳоли қўлида мавжуд қўлёзма манбаларни ўрганиш ниятимиз борлигини билдирдик. Эртасигаёқ биз билан Жўрахон ака Асомов исмли инженер учрашиб, қайнотаси – Файзуллохўжа Равнақий (1892–1978)нинг қўлёзмалардан иборат кутубхонаси мавжудлиги ва у билан бизни таништиришини маълум қилди.
Жўрахон Асомов бизни мана шу Қуръон нусхасини ўша қишлоққа олиб бориб кўрсатадиган бўлди. 1997 йил 10 август куни йўлга чиқиб, ниҳоят Катта Лангарга етиб бордик. Қишлоқдаги Катта Лангар зиёратгоҳ кираверишида ёзувларга эга қадимий қабртошлар мавжуд. Биз учун энг муҳими Қуръоннинг қадимий нусхасини кўриш эди. Катта Лангар Қуръони Зиёратгоҳ ичидаги ёғоч сандиқда сақланар экан. Катта Лангар масжиди имоми у билан бизни таништирди. Қуръоннинг жуда қадимийлиги яққол кўриниб турарди. Сабаби у терига ёзилганди. Шахсан мен фақат илмий китоблардаги маълумотлар орқалигина кийик терисига ёзилган қўлёзмалар борлигини билардим. Ҳозир эса умримизда биринчи марта қўлимизда терига ёзилган қўлёзма, яна энг муқаддас китоб – Қуръоннинг дунёдаги энг қадимги нусхаларидан бирини ушлаб турардик. Қўлёзмашунос олим учун бу бахтли онлар эди.
Таъкидлаш ўринлики, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида мазкур манба янада кенг тадқиқ этилди. Юртимизда ва хорижда лойиҳа доирасида ўтказилган йирик анжуманларда бу қутлуғ қўлёзма ҳақида қатор қимматли маълумотлар тўпланди. “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимил нусхалари чоп қилиниб, илмий муассасаларга етказилди.