Ишончлилик ва шаффофлик
Исломий ижтимоий молиянинг фойдали томонларини кўриб чиққан ҳолда яна бир муҳим мавзуга эътиборни қаратишимиз лозим бўлади. Муҳтожларга ёрдам беришни истовчилар ўзлари эҳсон қилган маблағнинг ҳеч қандай камайишларсиз тўғридан-тўғри ҳақли одамларга етиб боришини хоҳлашади. Хайрия фондлари ўзининг эмас, жамиятдаги одамларнинг пули устига амалиёт олиб борар экан ўз фаолиятини тўлақонли шаффоф ва ишончли кўринишда олиб боришга мажбурдирлар.
Одамлардан йиғилган маблағнинг ўз жойига ишлатилишини таъминлаш ва шаффофликни ошириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш ғоялари баъзи ташкилотлар томонидан илгари сурилди. Масалан, БМТ ТД бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда закот молларини йиғишдан муҳтожларга топширишгача бўлган ишлар шаффофлигига эришиш учун блокчейн (инглиз: блоcкчаин) технологияси асосидаги вақф молларини бошқариш платформасини тузмоқчи. Блокчейн технологиясида платформадаги барча амалиётлар тарихи доим ўзгармас ҳолда сақланади, ҳеч ким киритилган маълумотларни таҳрирлай олмайди. Бу ўз ўрнида вақф мулкидан нотўғри мақсадда фойдаланишнинг олдини олишда ёрдам беради. Лекин бу технологиялар нақд пул асосида бўлаётган амалиётларни кузатиш ва бошқаришда тўлиқ бошқарув имкониятини бермаслиги мумкин. Нақд пуллар асосидаги амалиётларни тўлиқ кузатиш мақсадида Миср ва Кеня давлатларида ижтимоий ақлли карталар ишлаб чиқарилган бўлиб , бу ёрдам сифатида ажратилган маблағдан бундан бошқа мақсадда фойдаланишининг олдини ола олади.
Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, юртимиз аҳолисининг аксар қисми мусулмонлар ва улар исломдаги молиявий ибодатлар эҳсон, садақа, закотларга алоҳида эътибор берадилар. Лекин, афсуски, бу маблағлар ҳар доим ҳам керакли ўринларга сарфланмаяпти. Дабдабали эҳсон дастурхонлари, кетма-кет уланадиган ифторликлар, масжидларни меъёрдан ортиқча зийнатлаш кабиларга кетаётган миллионлаб пуллардан тўғри фойдаланилса, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилса жамият учун фойдалироқ бўлар эди. Тошкентда вафот этган одам учун тўйхонада қилинадиган битта ўртача эҳсонга 8-10 миллион сўм пул сарфланади. Aгар шу маблағ жамият учун манфаатли бўлган соҳада ўқиётган иқтидорли талабага сарфланса, аввало бутун бошли миллат учун фойдалироқ бўлган, қолаверса, марҳум учун йиллар давомида савоби етиб турадиган садақаи жорияга айланган бўлар эди.
Aсрлар давомида, аждодларимиз ижтимоий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган вақф амалиётлари советлар даврида бутунлай унутилиб кетди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил қилинган “Вақф фонди” ана шу унутилган қадриятга қайта жон бағишлади. Эндиликда, диний олимларимиз олдида ушбу вақф амалиётларини халқимизга тўғри тушунтириб бериш вазифаси долзарб бўлиб турибди.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, исломдаги молиявий ибодатлар натижасида камбағллар учун жуда катта маблағлар ажратилади ва агар исломий ижтимоий молиялардан тўғри фойдаланилса, дунё бўйлаб камбағаллик даражасини пасайтиришда салмоқли натижаларга эришиш мумкин.
4-курс талабаси Мурод Умархўжаев