“Намоздан кейинги қилинадиган дуоларни бидъат экани борасида бир инсоннинг маърузасини кўриб қолдик. Кўпчилик нима қилишини билмай ҳайрон бўлмоқда” деган мазмунда савол келиб тушди.
Албатта, йиллар давомида, намозни бошлагандан бери намоздан кейин дуо қилиб келаётган инсонлар бу сўздан ҳайратга тушишлари аниқ. Энди бу иш ҳақиқатда бидъатми ёки йўқми, шунга жавоб изласак.
Қуръони каримнинг Шарҳ сурасида “Қачон фориғ бўлсанг урингин” деган оятни аксар муфассирлар “Қачон намоздан фориғ бўлсанг дуога урингин” деб тафсир қилганлар. Мазкур тафсир Ибн Аббос, Ибн Масъуд ва Қатода розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. (“Аддурул мансур” ва “Ибн Жарир тафсири” га қаранг.)
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам намоздан кейин дуо қилганлари ва бу ишга буюрганлари борасида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Мақола ўта чўзилиб кетмаслиги учун уларни барчасини келтирмадик.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда фарз намозларидан кейинги дуо ижобатга энг яқин дуо экани таъкидланган.
Мўътабар тўрт мазҳабда ҳам намоздан кейин дуо қилиш шариатда бор нарса эканлиги таъкидланади.
Ҳанафийларинг “Баҳрур роиқ” китобида “Намознинг охири ва намоздан кейинги ҳолат дуонинг ижобатига яқинроқ ва мустаҳаб бўлишга муносиб вақтлардир” дейилган.
Моликийлардан Ибн Ҳожнинг “Мадхал” китобида “Жорий суннат шуки, намоздан кейин зикр ва дуо тарк қилинмайди” дейилади. Имом Шофеъийнинг “Алумм” китобида қуйидаги иборалар келади: “Ёлғиз ўқиганга ҳам, имомга иқтидо қилганга ҳам намоздан кейин зикр ва дуони кўпайтирмоғи мустаҳабдир. Ибн Қудома Ҳанбалий “Муғний” да “Салом бергандан кейин Аллоҳни зикр қилиш ва дуо мустаҳабдир” дейди. Демак, тўрт мазҳаб иттифоқига кўра намоздан кейин дуо қилиш бор нарса экан. Буни имом Нававий ҳам таъкидлаган. У “Мажмуъ” китобида “Уламолар иттифоқига кўра намоздан кейин дуо қилиш мустаҳабдир” деган.
Баъзиларнинг фикрига кўра намоздан кейин дуо қилишга буюрилган ҳадисларда намознинг охири яъни салом беришдан олдинги ҳолат назарда тутилган. Бу фикр ҳам хато фикр. Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий”да ҳадисларда “дубра кулли солатин” (ҳар намоз орқасида) деган иборадан уламолар ижмосига кўра саломдан кейинги ҳолат ирода қилинмоқда” дейди.
“Саҳиҳи Абу Ҳотим”да Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам намоздан бурилиб “Аллоҳим, менинг динимни ислоҳ қилган…” деб дуо қилганлари ривоят қилинган. Ҳоким ривоят қилган ҳадисда Абу Айюб Ансорийдан “Набиййингиз орқасида қачон намоз ўқиган бўлсам, у зот намоздан бурилганларида “Аллоҳим, хатоларимни мағфират қилгин…” деганларини эшитдим” дейилади”. Саҳиҳу Ибн Ҳиббон”да Ҳорис ибн Муслим розияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бамдодни ўқисанг саломдан кейин, гапирмасдан олдин етти марта, Аллоҳим, дўзахдан сақлагин” деб айтгин, дедилар” .
Мазкур ҳадислар ва уламоларнинг сўзларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, намоздан кейин дуо қилиш бидъат эмас, балки мустаҳаб ҳамда ушбу вақт ижобатга энг яқин вақтлардан бири экан.
Яна кимдир “Намоздан кейинги дуо бор, лекин унда қўл кўтариш ва жамоа бўлиб дуо қилиш бидъат бўлиши мумкинку?!” деса, навбатдаги мақолада ушбу мавзуга ҳам батафсил тўхталамиз, Иншаа Аллоҳ.
ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор