Ҳадиси шарифда: “Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдир”, дейилган. Таҳорат деганда эса шариат тайин қилган аъзоларни сув билан поклаш тушунилади. Аммо сув топа олмаган ёки уни топса ҳам ишлатиш имкони бўлмаган киши сув ишлатмасдан ҳам покланиши мумкинми? Шариатда ана шундай ҳолатларда таяммум билан покланиш имконияти жорий қилинган. Қуйида ана шу покланиш воситасининг таърифи ва унинг ҳукмлари билан батафсил танишиб чиқамиз:
“Таяммум” луғатда “мақсад қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса покланиш мақсадида пок ер жинси билан юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортиш таяммум деб аталади.
Таяммумнинг ҳикмати бандалардан покланишдаги машаққатларни аритиб уларга енгиллик яратишдир.
Таяммум ҳақида Қуръон каримда Нисо сурасининг 43-ҳамда Моида сурасининг 6-оятларида бир хил лафздаги қуйидаги буйруқ келган:
“Агар бемор бўлсаларингиз, ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).
Шунга кўра, таяммум ушбу сураларнинг қайси биридаги оятлар билан билан жорий қилинган деган савол туғилиши табиийдир. Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ таяммум Моида сурасидаги оят билан жорий қилингани ҳадислар билан исботланганини айтган.
Таяммум ҳақида Имом Абу Довуд Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«التَّيَمُّمُ كَافِيكَ وَلَوْ إِلَى عَشْرِ حِجَجٍ مَا لَمْ تَجِدِ الْمَاءَ».
“Модомики сув топа олмас экансиз, ўн йилгача бўлса ҳам таяммум сизга кифоя қилаверади”.
Демак, мазкур далилларга кўра, сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш мумкин ҳисобланади.
Шунга кўра ҳукмий покланиш тўғри бўлиши учун яъни, халқимиз ибораси билан айтганда “сув бўлмаса таяммум” бўлиши учун тўртта асосий шарт топилиши лозимдир:
1. Ният;
2. Пок ер жинси;
3. Пок ер жинсига икки марта қўлни уриш;
4. Сув ишлатишдан узрли бўлиш.
Ушбу тўртта шартни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқиш таяммум масаласини тўлиқ тушунишга сабаб бўлади:
1. Ният.
Уламоларимиз таяммумда ният фарз бўлишининг иккита сабабини баён қилганлар:
1. Таяммум луғавий жиҳатдан “мақсад қилиш” маъносидан келиб чиққан. Шунга кўра “ният қилмасдан туриб таяммум қилиш мумкин” дейиш, “фикр юритмасдан туриб тафаккур қилиш мумкин” дейиш каби маъносиз бўлиб қолади. Шунинг учун таяммум ниятсиз бўлмайди.
2. Таяммум қилинаётган тупроқнинг ўзида ҳақиқий покловчилик хусусияти йўқ. Шунинг учун унинг покловчига айланиши ниятга боғлиқ бўлади. Масалан: биров қўлини сувга тутса ният қилса ҳам, қилмаса ҳам сув унинг қўлини поклайверади. Аммо тупроқда бундай эмас. Бунинг мисоли шуки биров шаррос ёмғир остида қолиб таҳоратда ювиладиган барча аъзоларига сув етган бўлса, ният қилмаган бўлса ҳам, таҳоратли кишига айланиб қолади. Аммо бир одам чанг-тўзон ичида қолиб ҳамма ёғи чангга беланган бўлса ҳам, ният қилмаган бўлса, чанг етишининг ўзи таяммум бўлмайди. Демак тупроқ покловчи бўлиши учун у албатта таяммум нияти билан баданга етиши шарт. Шунга кўра қўлларни тупроқққа уриш олдидан покланишни ният қилиш шарт бўлади.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим