islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саҳобалар Қуръон ёдлашга бўлган эътиборлари

Саҳобалар Қуръони Каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита қабул қилиб олган зотлардир. Улар ушбу жараённинг тирик гувоҳларидирлар. Кўпчилик саҳобаларнинг Исломдан олдинги ҳаёти ҳам, кейинги ҳаёти ҳам тарихдан маълум. Уларнинг ақл-заковати, қарашлари, ўлчовлари, одамгарчилиги, умуман, инсоний хусусиятлари бугунги одамларникидан фарқ қилмайди, яъни улар ҳам худди биз каби инсонлар бўлишган. Улар ҳам рост билан ёлғонни, сохталик билан ҳақиқийликни жуда яхши ажратишган. Балки инсоф билан айтилса, улар бу борада бугунгилардан кўра юқори ва мусаффо бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил қилинган ваҳий Қуръон оятларини кишиларга ўқиб эшиттирар эканлар, уни тинглаган эркагу аёл, каттаю кичик, бой-камбағал, кучли-кучсиз барча бирдек унинг қаршисида тиз чўкишга мажбур бўларди. Саҳобалар соф араб эдилар, араб тилининг имконияту сир-асрорларини яхши биладиган, ўрни келса, бу борада беллаша оладиган одамлар эди. Улар Қуръонни тинглар эканлар, унинг инсоний калом эмаслигини англаб бордилар. Зеро, бу Калом инсон сўзлайдиган каломдан тамоман ўзгача, кўз илғамас даражада юксак эди.

Саҳобаларнинг ҳар бири Қуръоннинг илоҳий калом эканига ана шу зайлда, комил ишонч билан, худди кўриб, ушлаб турган нарсасига ишонгандек, қалби буткул таскин топган ҳолда иймон келтирган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга даъват қилишда, аввало, уларга Қуръон тиловат қилиб берардилар. Мусулмон бўлганларга илк ўргатадиган нарсалари ҳам Қуръон оятлари бўларди. Янги мусулмон бўлган кишиларни олдинроқ Исломга кирган саҳобаларга йўллаб, «Биродарларингизга Қуръон ўргатинглар», дердилар.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлишига кўп гувоҳ бўлишарди. Қуръон кўпинча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида ўтирганларида, кишилар у Зотни саволга тутиб турганда, йўлда, уловда, масжидда эканларида нозил бўларди. Ваҳий тушганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини қуйи солганча жим бўлиб қолар, бутун вужудларида ўзгариш юз бериб, ранглари қизариб, ҳансираб, терлаб кетардилар. Саҳобалар баъзан ваҳийнинг шарпасини эшитишарди ҳам. Бир сўз билан айтганда, Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобаларнинг кўз ўнгида нозил бўларди. Шунинг учун саҳобалар Қуръони Каримнинг илоҳий калом эканига ваҳийни қабул қилиб олаётган Зотнинг иймонидек ишончга эга эдилар.

Ваҳий нозил бўлиши биланоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги инган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб берардилар. Саҳобалар шу заҳоти оятларни ёдлаб, ёзиб олишга киришишар эди.

Қуръони Карим воқеликка мувофиқ равишда, тарқоқ нозил бўларди. Бир у сурадан, бир бу сурадан оятлар тушарди. Баъзи суралар тўлиқ нозил бўлса, бошқалари бўлак-бўлак нозил қилинарди. Мисол учун, Анъом сураси биттада нозил қилинган бўлса, энг қисқа суралардан Моъун сурасининг ярми Маккада, ярми Мадинада нозил бўлган. Оятлар басмала билан бошланса, бу унинг янги суранинг аввали эканини билдирарди. Бошқа оятларнинг қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилиши ваҳий асносида белгиланарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийда бор гапни тўлиғича саҳобаларга етказардилар. Ваҳийдан бирор нарсани ўтказиб юбормаслик учун айрим саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида навбатлашиб шай турар, баъзи саҳобалар ишдан тўғри масжидга келиб, ҳар кунги оятларни ўрганиб борар эди.

Шундай қилиб, Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига иниб, тилларига ўтиб, саҳобалар ўртасида яшин тезлигида тарқар, Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонларнинг қалбида жамланиб борар эди. Сура ва оятларнинг юз бериб турган ҳодисаларга боғлиқ равишда, ижтимоий талабларга мувофиқ равишда, воқеий суратда туширилиши ҳам уларнинг кишилар қалбида мустаҳкам ўрнашиб боришини таъминларди. Қуръони Карим саҳобаи киромларнинг хотирасига худди ҳаёт тарзидек сингиб борарди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръони Каримда бирор оят йўқки, унинг қачон, қаерда ва нима сабабдан нозил бўлганини билмасам», дея бежиз даъво қилмаган эди.

Қуръон саҳобаларнинг бутун борлиғини ўзгартириб юборди. Улар Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янги оятлар нозил бўлишини интиқлик билан кутишарди. Маккада Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз уйига бир намозгоҳ қилиб олиб, ўша ерда Қуръон ўқирди. У кишининг тиловатини тинглаш учун уй атрофида катта-кичик, эркагу аёл тўпланар эди. Бундан ташвишга тушган Макка мушриклари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга овоз чиқариб қироат қилишини ман қилишгача боришган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқ қилишга қилич яланғочлаб турган Умар ибн Хаттоб синглисининг уйида Тоҳо сурасини тинглар экан, ўзини йўқотиб қўйди ва беихтиёр «Бу инсоннинг сўзи эмас», деди-ю, мусулмон бўлишга азму қарор қилди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзи яқиндагина мусулмон бўлган эди. Жисмонан заиф, ҳимоячи йўқ бўлишига қарамай, мушрикларга Қуръон эшиттиришга аҳд қилди. Раҳмон сурасини баралла ўқиб берди. Бироқ мушриклар у кишини чалажон қилиб калтаклашади. Лекин бу «жазо» у кишини Қуръон ҳақидаги ниятини ўзгартира олмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни энди қабул қилган ясриблик (мадиналик) мусулмонларга Қуръон ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактумни Мадинага юбордилар. Маккада нозил бўлган янги оятлар элчилар, мактублар орқали Мадинага етказиб турилди. Бу сура ва оятлар ҳали Пайғамбар алайҳиссалом келмай туриб, Мадинадаги хонадонларда янграй бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида саҳобалар Қуръондан билганларини ўқиб беришди. Эндигина ўн бир ёшга тўлган Зайд ибн Собит Аъло сурасига келган эди, ўшани у Зотга ўқиб топширди. Зайднинг уқувини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сурёний тилини ва ёзишни ўрганишни буюрдилар.

Мадинада Қуръон ўрганишга ва ўргатишга ниҳоятда кенг имконият пайдо бўлди. Котиблар сони қирқтага етди. Улар «ваҳий котиблари» деб аталарди. Масжидда Қуръон ўрганиш ва ўргатишга қаттиқ бел боғлаган кишилар бўлиб, қорилар деб дастлаб ўшаларни айтишарди, янги мусулмон бўлган қабилаларга Исломдан таълим бериш керак бўлганда ҳам айнан ўшалардан вакил тайинланарди.

Қуръон ўқиш саҳобаларнинг жону дили эди. Ҳар бир саҳобанинг Қуръондан кунлик вазифалари бор эди. Тонгда Мадина кўчаларини айланган киши қироатларнинг садосидан ари уяга кириб қолдиммикин деб ўйлаб қоларди. Айрим саҳобалар ҳар ҳафтада Қуръонни хатм қилишарди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга ўхшаб ҳар куни хатм қиладиганлар ҳам бор эди. Саҳобаларнинг бу борадаги шижоатлари ҳаддан ортиқ жўшиб кетганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бир ойда ё бир ҳафтада хатм қилишни тавсия қилиб, уч кундан оз фурсатда хатм қилишдан қайтаришга мажбур бўлгандилар.

Саҳобаларнинг ичида Қуръонни шундай гўзал қироат қиладиганлари бор эдики, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам улар билан фахрланар, уларнинг Қуръон қандай нозил бўлган бўлса, худди шундай ўқиётганларига гувоҳлик берар, уларга улкан савоб ва даражаларни ваъда қилардилар, бошқаларга Қуръонни улардан ўрганишни буюрар эдилар. Мисол учун, «Ким Қуръонни худди нозил бўлганидек ўқишни истаса, Ибн Умму Абднинг (Абдуллоҳ ибн Масъуднинг) қироатида ўқисин», дердилар. Ибн Масъуднинг қироатидаги ушбу етуклик сабабидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тиловат қилдириб, тинглаб ўтиришни яхши кўрар ва қироатидан таъсирланиб йиғлардилар ҳам.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қироатдаги маҳорати боис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Баййина сурасини унга ўқиб беришлари буюрилганди. Саҳобалар одатда Қуръони Каримни бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз оғизларидан ўрганишар, бунга имкон топа олмаганлар эса улардан таълим олишар эди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссаломга қилиб берган сўнги хатмларига гувоҳ бўлган эди.

Саҳобалар Қуръоннинг маъноларини англашда ва унга амал қилишда ҳам беназир эдилар. Нозил бўлган оятларга эшитилган ондан амал қилишарди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганидек, беш-ўн оятдан таълим олишар, уларда қаерда тўхтаб, қаердан бошлаб ўқишдан тортиб, уларнинг ҳукмларигача ўрганишар, уларга амал қилмай туриб кейинги оятларга ўтишмас эди.

Саҳобаи киромларнинг Қуръонга бўлган муносабатларидаги яна бир нозик нукта уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига боғламаган ҳолда фаҳмлашлари эди. Бу жуда ҳам улкан ҳодиса бўлиб, кўплаб ҳақиқатлардан дарак беради.

Хавла бинт Саълаба розияллоҳу анҳо уни зиҳор қилган эри хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишди. Ҳарчанд уринмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодлари асосида «Эрингга ҳаром бўлибсан», деявердилар. Шунда Хавла розияллоҳу анҳо: «У ҳолда шикоятимни ёлғиз Аллоҳга айтаман», дея чиқиб кетди. Ниҳоят, Мужодала сураси нозил бўлди.

Нима учун Хавла розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан қониқмай, Аллоҳга шикоят қилмоқда? Чунки у ушбу диннинг Эгаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эмас, Буюк Аллоҳ эканини тўла ҳис қилар эди.

Оиша розияллоҳу анҳога қарши бўҳтон уюштирилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илгари ҳеч рўй бермаган тангликка тушиб қолдилар. Бир ой вақт ўтгач, Оиша розияллоҳу анҳонинг поклиги ҳақида қатор оятлар нозил бўлди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен ўзим поклигим сабаб Аллоҳ нима қилиб бўлса ҳам, мени оқлашига ишонардим-у, аммо мен ҳақимда тиловат қилинадиган оятлар нозил бўлишини сира кутмаган эдим», дерди.

Эътибор берилса, Пайғамбарнинг ёстиқдоши бўлган аёл «Эрим мени оқласа керак деб тургандим», деяётгани йўқ, аксинча, «Аллоҳ нима қилиб бўлса ҳам, мени оқлашига ишонардим», демоқда ва Аллоҳ мен ҳақимда оят нозил қилишини кутмагандим, демоқда!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога риҳлат қилганларида ўнлаб, балки юзлаб саҳобаларнинг қалбларига Қуръони Карим тўла нақшланган эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида Рамазонда таровеҳ намозида Қуръонни хатм қилиш жорий қилинди. Ушбу хатмда йигирма ракъатда икки юз оят ўқишар эди. Саҳобалар бошлиқ жамоат узоқ тургандан баъзан ҳассага таяниб қолар эди.

Саҳобалар Қуръони каримни хатм қилиш борасидаги ишлари ҳам ибратлидир. Абул Аҳвасдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қуръонни етти кунда хатм қилинглар,уч кундан оз муддатда хатм қилманглар. Киши туну кун (қироат, зикр, истиғфордан иборат) вазифасини тўлиқ адо этсин!” деган. Бизга ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд рамазонда Қуръонни уч кунда, бошқа ойларда жумадан жумагача хатм қиларди. Убай ибн Каъб Қуръонни саккиз кунда, Тамим Дорий етти кунда хатм қиларди. Усмон ибн Аффон кечаси билан ибодат қилиб чиқар, бир ракатда Қуръонни хатм қиларди” .

Салафларнинг хатм қилиш муддати ҳар хил бўлган. Абу Довуд ривоят қилишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу хатми Қуръонни жума кечасида бошлаб, пайшанба кечасида тугатарди. Умар ибн Мурра айтади: “Салафлар Қуръонни туннинг ёки куннинг аввалида хатм қилишни яхши кўришарди”.

Баъзи саҳобалар Қуръонни етти кунда хатм қилишарди. Айримлари бир ойда ёки икки ойда хатм қилишган. Баъзи аҳли илмлар Қуръонни уч кундан кам муддатда хатм қилишга рухсат беришган. Муҳаммад ибн Наср “Қиёмул лайл” китобида: “Саид ибн Мусайяб икки кечада хатм қиларди. Собит Буноний Қуръонни бир кечаю бир кунда хатм қиларди, ҳар куни рўза тутарди. Абу Ҳарра Қуръонни бир кечаю бир кунда, Ато ибн Соиб эса ҳар икки кечада бир марта хатм қиларди”, деган.

Оиша розияллоҳу анҳодан сўралди: “Баъзилар Қуръонни бир кечада икки-уч мартадан хатм қилишаётган экан. Шу иш тўғрими?” Оиша онамиз жавоб бердилар: “Улар Қуръон ўқишибди, аммо маъносини уқишмабди”.

“Қиёмул лайл”да ривоят қилишича, Мансур ибн Зодон “енгил” ўқирди, чошгоҳ намозида Қуръонни хатм қиларди. У бир кунда икки марта, рамазон ойида шом билан хуфтон орасида икки марта хатм қиларди!

Саҳобалар қаерга бормасинлар, барчага Қуръондан таълим берардилар. Улар ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор сура ва оятни қандай ўрганган бўлсалар, худди шу тарзда ўргатардилар. Қироатлар ўртасида баъзи ихтилофлар пайдо бўла бошлагач, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу раҳнамолигида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бошлиқ хаттотлар гуруҳи томонидан илк Мусҳафдан бир неча нусха кўчирилди. Қироатлар Ислом оламининг марказий шаҳарларида ўша мусҳафлар асосида ўргатиладиган бўлди. Шу тариқа саҳобаи киромлар умматни Қуръон байроғи остида жамлашга муваффақ бўлдилар.

Саҳобаларнинг Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатишда қўллаган, нубувват илмидан сизиб чиққан илмий манҳажлари, айниқса, Қуръонни китоб шаклида келтиришдаги илмий усуллари суннати мутаҳҳаранинг софлигини сақлашда муҳим рол ўйнади. Қуръонни асраш ва ўргатишдаги услублар ҳадис илмининг ривожига ҳам бевосита асос бўлди. Айни пайтда, бу илмий манҳаж саҳобаларнинг шахсиятларини очиқлаб, уларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотга нозил қилинган Қуръонга қанчалар ақлу мантиқ асосида иймон келтирганларига ишора қилади.

Ўтмишда Қуръони каримга қанчадан-қанча хуружлар бўлди: уни йўқотишга уриндилар, ўтда ёқдилар, сувга оқиздилар, ерга кўмдилар. Аммо Қуръон асл ҳолича қолди. Қуръони карим Аллоҳнинг марҳамати билан мўминлар қалбида ҳам, китоб саҳифаларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай нозил қилинган бўлса, шундай сақлаб келинмоқда.

Хулосаси ўлароқ шуни айтиш мумкинки, Қуръондан руҳланган, у билан зийнатланган ва қуролланган саҳобалар ер юзида тарихда мисли кўрилмаган тараққиёт босқичини бошлаб берганлар ва инсониятни икки дунё саодати томон етаклаганлар.

Манбалар асосида Ўктам Қурбаниязов Амударё тумани “Нўғой эшон” жомеъ масжиди имом хатиби Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлим битирувчи талабаси

146760cookie-checkСаҳобалар Қуръон ёдлашга бўлган эътиборлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: