islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Cавол: Қуёш ёки ой тутилганда мусулмон киши қандай йўл тутиши керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Динимизда Қуёш ёки ой тутилганда бу ҳодиса ибрат назари билан қараш лозимлиги таъкидланади ва бу ҳолатда нафл намоз ўқиш суннат ҳисобланади.

Қуёш тутилганда жума намозини ўқиб берадиган имом бошчилигида жамоат бўлиб, азон ва такбирсиз нафл намоз ўқилади. Унда хоҳлаган сураларини махфий ўқийди, қироатни узун қилиш афзал. Намоздан кейин токи қуёш очилиб кетгунча дуо қилиб турилади. Агар масжидда имом ҳозир бўлмаса, одамлар ёлғиз-ёлғиз намоз ўқийдилар. Бу намозни уйда ўқилса ҳам ёки намоз ўқимасдан бир жойда йиғилиб фақат дуо қилиб турилса ҳам жоиз бўлади. Қуёш очилиб кетгандан кейин бу намоз ўқилмайди. Қуёшнинг тутилиши шом пайтига тўғри келса аввал шом намози ўқилади. Қуёш тутилиши жаноза намози билан бирга келиб қолса, аввал жаноза ўқилади. Қуёш тутилиши намоз ўқиш мумкин бўлмаган пайтга тўғри келса у пайт намоз ўқилмайди. (“Фатавои Ҳиндия” китоби).

Қуёш тутилганда намоз ўқиш ҳақида Абу Бакра разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
خسفت الشمس على عهد رسول الله صلى الله عليه و سلم فخرج يجر رداءه حتى انتهى إلى المسجد وثاب الناس إليه فصلى بهم ركعتين فانجلت الشمس فقال ( إن الشمس والقمر آيتان من آيات الله وإنهما لا يخسفان لموت أحد وإذا كان ذاك فصلوا وادعوا حتى يكشف ما بكم ) رواه الامام البخاري)

яъни: “Пайғамбар алайҳиссалом даврларида Қуёш тутилди. У Зот ридо (уст кийим)ларини судраб (яъни, шошилиб) масжидга келдилар. Одамларни намозга чақириб, уларга икки ракатли намозда имомлик қилдилар. Шундан кейин қуёш очилиб кетди.

Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ва ой Аллоҳ таолонинг оят мўжизаларидандир. Улар бирор кишининг ўлими сабаб тутилмайди. Агар улар тутилса, токи очилиб кетганча намоз ўқинглар ва дуо қилинглар”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳим (ўнинчи ҳижрий йилда 18 ойлик бўлганда) вафот этгани учун Қуёш тутилди деганларида бу сўзни жавобан айтган эдилар.

Ой тутилганда ҳам худди юқоридаги каби намоз ўқиш мумкин. Фақат уни ҳамма ёлғиз ўзи ўқийди.

Бундан ташқари қаттиқ шамол турганда, ҳаддан зиёд кўп ёмғир ва қор ёққанда, оммавий касаллик тарқаганда, зилзилалар, душман хавфи бўлганда, худди мана шундай намоз (яъни, нажот сўраб) ўқиш жоиз. “Бадоиъус саноиъ” китобида уни ўз манзилларида ўқийдилар, дейилган (“Фатавои Ҳиндия” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати

157420cookie-checkCавол: Қуёш ёки ой тутилганда мусулмон киши қандай йўл тутиши керак?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: