Бутун дунёда Covid-19 пандемияси тарқалиши натижасида кўплаб соҳаларда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муаммолар вужудга келмоқда. Шундай бир оғир шароитда иқтисодий барқарорлик, маънавий-илмий тараққиётга эришиш долзарб вазифалардан биридир.
Халқаро Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – ICESCO Миллий комиссиясининг онлайн тарздаги кенгайтирилган анжумани бўлиб ўтди.
“Covid-19 ва инқироздан кейинги даврда: таълим, фан ва маданият соҳасида қандай ҳаракатлар ва устуворликлар мавжуд” мавзусида ўтказилган онлайн мулоқотда ICESCO ташкилотига аъзо 60 га яқин давлатларнинг вакиллари ҳамда илмий жамоатчилик қатнашди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Бахромжон Мамадиев, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси мудири Давронбек Махсудовлар иштирок этди.
Халқаро анжуманда ҳозирги пандемия шароитидан кейинги даврда таълим, фан ва маданият соҳаларида режалаштирилган тадбирлар ва ҳаракатларнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Кўплаб нуфузли ташкилотларнинг етакчи мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ўз маърузаларида жаҳонда кечаётган бугунги оғир вазият ва уни босқичма-босқич енгиб ўтиш чора-тадбирлари хусусида ўз таклифларини билдирди.
Маълумки, Covid-19 пандемияси тарқалиши натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳалар қатори фан, таълим, маданият йўналишларида ҳам сезиларли даражада ўзгаришлар юз берди. Масалан, аҳолининг турмуш-тарзи издан чиқиши, ёшларнинг маълум вақт мобайнида таълимдан узилиши, иқтисодиётнинг кескин суръатларда камайгани шулар жумласидан.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЖСТ) маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида сайёҳлик оқимларининг пасайиши натижасида 80 миллиард АҚШ доллари миқдорида йўқотишлар қайд этилган. ЮНЕСКОнинг Музейлар тўғрисидаги берган ҳисоботида дунё бўйлаб музейларнинг 90 фоизи ёпилгани, шунингдек, улар қайта ташкил этилганидан (очилганидан) сўнг атиги 10% иқтисодий инқироздан омон қолиши мумкинлиги айтилган. Бундан ташқари дунё бўйлаб умумтаълим мактабларининг ёпилиши натижасида 1,2 миллиарддан ортиқ ўқувчилар таҳсил олишдан маҳрум бўлган.
Конференция давомида пандемия шароитида вужудга келган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, кечиктириб бўлмайдиган муҳим масалаларга эътибор қаратиш, Covid-19 пандемиясига бутун дунё қарши курашаётган бир пайтда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бирлик ва ҳамфикрликда иш кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, анжуман якунида Халқаро Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти – ICESCO Миллий комиссиясининг ҳозирги пандемия шароитида келиб чиқаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлари бўйича амалга оширилиши режалаштирилган таклиф ва тавсиялари тингланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати