islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ФОТИМА САМАРҚАНДИЙЯ – БУЮК ФАҚИҲА

Ислом динида аёлларнинг илм-маърифатли бўлишига катта эътибор берилган. Тарихимизга назар солсак, илм-фан ва маданият тараққиётида беқиёс ҳисса қўшган Нодирабегим, Увайсий ва илм-фан ҳомийси бўлган Бибихоним каби жуда кўп маърифатпарвар олималаримиз ўтишган. Ана шундай олима аёлларимиздан яна бири Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийядир. Олиманинг туғилган ва вафот йиллари тарихи маълум эмас.

Фотима Самарқандийя – буюк фақиҳ Алоуддин Самарқадий (ваф.1144)нинг қизи ва машҳур ҳанафий фақиҳи Абу Бакр Косоний (ваф. 587/1191)нинг турмуш ўртоғидир. Олима таълимни асосан отасидан олган. Самарқандийнинг ислом ҳуқуқига оид “Тухфатул-фуқаҳо” ва Қуръон тафсирига оид “Шарҳу Таъвилоту аҳлис-сунна” каби асарларини ёддан билган. Шунингдек, ўз замонасининг заурурий барча билим ва санъатларини эгаллаган .

Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Фавоидул баҳийя” асарида: “Фотима Самарқандийя машҳур олима, фақиҳадир. Фиқҳ (ислом ҳуқуқи)ни отасидан ўрганган, унинг “Туҳфа”сини ёддан билган!” дея таърифлайди.

Манбаларда олима кўпгина асарлар ёзгани айтилса-да, биргина фиқҳ илмига оид “Мажмаъул-фавоид ли жамъил-авоид шарҳ туҳфатил-мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси асарига Фойдалар жамланмаси номли тўлдириш”) асаридан бошқасининг номи зикр этилмаган” .

Фотима турмуш ўртоғи Абу Бакр Косоний ҳам отаси Алоуддин Самарқандийнинг шогирдидир. Косонийнинг Фотимага уйланиши ҳам бир ибратли воқеа бўлган. У Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфату-л-фуқаҳо” асарига “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” номли ўн жилдлик йирик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этганида асар ҳам мазмунан ҳам услуб жиҳатидан мукаммаллигини кўриб, қизи Фотимани унга никоҳлаб беради ва қизнинг маҳрига эса “Бадоиъ” қўйилади. Бунгача қизнинг юксак илмий савияси, ақл-заковати ва ҳусни жамоли сабаб бир қанча обрўли хонадонлар, жумладан ҳукмдор Салжуқий шаҳзодалардан ҳам совчилар келганида Алоуддин Самарқандий барчасига рад жавобини берган эди. Тўйдан кейин халқ орасида “شَرَحَ تحْفَتَهُ وتَزَوَجَ اِبْنَتَهُ” яъни “устозининг “Туҳфаси”ни шарҳлаб, қизига уйланиб олди” деган гап машҳур бўлиб кетди.

Фотима Самарқандия моҳир хаттот ҳам бўлиб, оилавий ҳайъатдан чиқадиган фатволарни шахсан ўзи оқга кўчирган, шунингдек, ўз муҳрини ҳам қўяр эди. Сабаби унинг фиқҳ, тафсир, ҳадис ва ақида илмлари олимаси бўлгани учун фатво бериш ваколатига эга бўлган. Янги оила қурилганидан сўнг ҳудудда Алоуддин Самарқандий, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиялар номидан муштарак фатволар чиқадиган бўлди.

Абу Бакр Косоний 1146 йил “Зангийлар” давлати пойтахти Ҳалаб ўлкаси – ҳозирги Сурия ҳудудига элчи сифатида боради. У билан аёли Фотима Самарқандия бирга сафар қилади. Зиёли оилани ҳақидаги хабарлардан аллақачон бохабар бўлган Зангийлар султони Нуриддин Нуриддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Зангий (ваф. 1174) катта илтифот билан уларни кутиб олади ва Косонийнинг билим бойлигидан унумли фойдаланиш учун мамлакатнинг асосий илм даргоҳи – Ҳалавийя мадрасасига бош мударрис этиб таъйинлайди. Қисқа муддатда олим минтақада катта шуҳрат қозониб, маҳаллий олимлар таклифига биноан мамлакат уламолар кенгаши раиси бўлади .

Султон Нуриддин Зангий Фотима Самарқандия илмини ҳам муносиб қадрлаб баъзи масалаларда унинг фикрини сўрагани ва маслаҳат олгани манбаларда таъкидланади.

Косоний ўз юрти Мовароуннаҳрга қайтмоқчи бўлганида, Султон Нуриддин ибн Маҳмуд Ҳалабда қолишни илтимос қилади. Косоний юртга қайтишни умр йўлдоши истаётгани ва унинг раъйини қайтара олмаслигини маълум қилади. Шунда султон Фотимага Ҳалабда қолиш илтимоси маъносида хат юборади. Бироқ номани олиб келган эркак киши бўлгани учун, уни қабул қилмайди. Олиманинг тақвосидан ҳукмдор ҳайратланиб, элчи қилиб аёл чопарни юборади ва Фотима илтимосни қабул қилади. Шу билан умрининг охиригача турмуш ўртоғи билан Ҳалабда яшаб қолди.

Фотима Самарқандийя оилавий ишлардан ташқари илм, дарс бериш билан мунтазам шуғулланган. Тарихчи олима Зайнаб Фаввозни хабар беришича, Фотима Самарқандиянинг Ҳалабда алоҳида дарс мажлиси бўлган, унда жуда кўп толиби илмлар иштирок этган ва бир неча мўътабар манбалар бўйича ижозалар олишган.

Шунингдек, Фотима Самарқандийя турмуш ўртоғи раҳбарлигидаги Ҳалавия мадрасасига доим ҳомийлик қилган. Бу ҳақда Ҳофиз Қураший ривоят қилишича, Фотима ўзининг тилла тақинчоқларини сотиб, пулини мударрис ва талабаларга тарқатиб берган. Рамазон ойи давомида уларга ифторлик дастурхонини уюштириб берган. Шундан кейин хозиргача ҳомийлар томонидан мадрасада ифторлик дастурхони ёзиш анъана бўлиб қолган. Шунингдек, Рамазон ойидаги махсус ҳадяларни мадраса устозлари ва талабаларига беришни ҳам биринчи бўлиб Фотима Самарқайдия жорий қилган .

Манбалар Абу Бакр Косоний турмуш ўртоғини кўп қадрлагани, эҳтиром қилганини таъкидлайди. Ҳалаб тарихчиси Камолиддин ибн Адим айтади: “Менинг отам бу аёлни (Абу Ҳанифа) мазҳабини мукаммал билишини, кўп маротаба умр йўлдоши – Косонийнинг жавобларидаги йўл қўйилган камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг маслаҳатларини мамнуят билан қабул қилганини ҳикоя қилиб берган”. Шунингдек Косоний Фотима Самарқандия вафот этганидан сўнг қабрини ҳар жума оқшоми зиёрат қилишни тарк қилмаган .

Фотима Самарқандия 1187 йил Ҳалабда вафот этди ва шаҳар ташқарисидаги Мақоми Иброҳим Халил мақбарасига дафн этилди. Кейинроқ турмуш ортиғи ҳам (1191 йил ваот этганда) ушбу жойга дафн этилиши билан қабристон “Эр ва хотин қабристони” дея, номланди.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандийялар ҳаётидаги илмга хизмат, шунидек, юксак инсоний фазилатлар мажмуаси жамланган. Аҳоли, хусусан ёшлар орасида илм-фан ва маърифатга эътиборни ривожлантирга қаратилган кенг кўламли ишлар амлга ошрилаётган бугунги кунда айнан Фотима Самарқандийялар каби олималаримиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, олиманинг ҳаётидаги оилани қадрлаш каби юксак фазилатлари ҳозирги замон аёл-қизлари тарбиясида муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Зеро келажак авлоднинг комил, етук бўлиши уларнинг тарбиялайдиган оналарнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлишига боғлиқ.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси С.ҒАЙБУЛЛАЕВ

158880cookie-checkФОТИМА САМАРҚАНДИЙЯ – БУЮК ФАҚИҲА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: