Ҳаётдан ибратланиш вақт ўтган сайин инсон умрининг мазмун ва моҳиятини тўлдириб, кечинмалар ва таассуротларимиз ҳақида айрим мулоҳазалар чиқаришимизга ундаб турар экан. Бу борада фарзанд тарбияси ва унинг камолотига бевосита даҳлдор қайнона-келин муносабатларининг нозик жиҳатларига тўхталиб ўтишга баҳоли қудрат ҳаракат қилсак.
Оилада, дейлик, ота-она, ўғиллар-келинлар ва неваралар… Яратганга шукрлар бўлсинки, бизнинг ўзбек оилаларида кексалар ва ёшлар динимиз, азалий қадриятларимизга кўра бирга умргузаронлик қиладилар. Айнан шу муҳитда невара-чевараларимизга ибрат бўлиш, уларнинг онги, салоҳияти ва маънавиятига таъсир қилувчи қайнона ва келин муносабатларида ўйлаб иш кўришимизга тўғри келади.
Аксар болалар жуда кузатувчан ва зийрак бўладилар, билиб билмаганга, эшитиб эшитмаганга оладилар. Руҳшуносларнинг фикрига кўра, фарзандларимиз ота-оналари бува-бувилари билан яхши муносабатда бўлишларини хоҳлайдилар, ҳатто ота-оналариданда кексаларни яхши кўрадилар, меҳр ва адолатни кўпроқ улардан кутадилар.
Лекин қайнона невараларининг кўз олдида келинини кўп койиса, иззат-нафсига тегувчи сўзлар айтса, камситса… Ёки аксинча, келин қайнонасига гап қайтарса, бўлар-бўлмасга аразлаб, гап кўпайтирса, ҳурматини жойига қўймаса, хўрласа…
Бундай манзарадан фарзандларимизнинг қалби ларзага келади, чил-чил синади. Бора-бора у бунга кўникади, қалби қаттиқлашиб, бемеҳр ва худбинга айланиб боради. Ҳатто ўз ота-онасини ҳам ёмон кўра бошлайди.
Невара бувам ёки бувим бу ишни шундай қилгин деган эдилар деса, келин эса “Ҳа, бувинг айтаверади, менинг айтганимни қил”, деб турса, ёки қайнона неварасига ўз келинининг қилмишларини ёмонлаб турса. Аросатда қолган болада бувиси ёки онасига нисбатан нафрат уйғона бошлайди.
Таътил пайтида устозимни кўргани бордим. Хоналари тўла китоб.
– Неваралар сиз билан мазза қилиб китоб ўқишар эканда, – дедим. Устозимнинг кўнгиллари тўлиб турган экан, шекилли:
– Бу ишим келинимга ёқмайди. Болаларимни китоб ўқитиб, эскича гапларингизни гапириб, замондан орқада қолдираяпсиз дейди, – дедилар.
Назаримда ҳаммамиз аравани ҳар тарафга тортаётгандай. Арава эса ҳамон жойида.
Араванинг силжиши кимга боғлиқ экан, деб айбдорни қидирамиз. Келиннинг кўнглига йўл топа олмаган қайнонами, ёки катталарнинг ҳурматини, уларнинг тажрибасини менсимаган келинми? Лекин энг ачинарлиси, бу чигал муносабатлардан эзилган невараларимизнинг аҳволи.
Мен ўйлайманки, ота-она ҳурмати ва қадрини билиш, кичикларга иззат кўрсатиб, меҳр-шафқат қанотларини ёзиш, ўзаро самимият, камтарлик ва адолатли бўлиш каби азалий қадриятларимиз бизни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимига ёрдам беради. “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “қайтар дунё”, “олманинг тагига олма тушади”, деганлари шу бўлса керак.
Тошкент ислом институти,
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
У.Ҳафизова