CАВОЛ: Бир ҳадисда Мудинаи мунавварага ўлат ва Дажжол кирмаслиги айтилган экан. Ҳозирда коронавирус Саудия арабистонидаги шаҳарларда, шу жумладан Мадинаи мунавварда ҳам кузатилмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадислари рост ва ҳақ эканига шубҳа йўқ. Лекин уни қандай тушунишимиз кераклигини батафсил изоҳлаб берсангиз.
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Имом Молик Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يدخل المدينة الطاعون ولا الدجال
яъни: “Мадинага ўлат ва Дажжол кирмайди”.
Ушбу ҳадиси шариф саҳиҳ ҳадис бўлиб, уни Имом Бухорий (1880-ҳадис) ва Имом Муслим (1379-ҳадис) ўз саҳиҳларида ривоят қилишган. Анас ибн Молик ва Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумоларнинг ривоятида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
لا يدخل المدينة الدجال ولا الطاعون إن شاء الله
яъни: “Мадинага Дажжол ва ўлат кирмайди, иншааллоҳ” – деб, Дажжолнинг кирмаслигида жазм қилган бўлсалар, ўлатнинг кирмаслигида жазм қилмай Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлаганлар.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (раҳимаҳуллоҳ) ушбу ҳадис шарҳида вабо ва ўлат касалликлари бир-биридан фарқ қилишини, аввалги уламолардан Ибн Қутайба ҳам “Маъориф”да худди шу гапни қатъий айтганини ва кўпчилик шу фикрни қўллаб қувватлаб, “Ўлат Мадинага асло кирмайди”, деганларини айтиб ўтганлар (“Фатҳул Борий” 10-жилд, 181-191 бетлар).
Шунингдек, баъзи уламоларга кўра Мадинаи мунавварага ўлат касаллиги кириши ҳам мумкин. Бунга ушбу уламолар Анас разияллоҳу анҳунинг ривоятидаги Расул алайҳиссаломнинг “иншааллоҳ” деганларини далил қиладилар.
Аллома Кашмирий раҳимаҳуллоҳ “Файзул Борий” китобида: “Мадинага Дажжолнинг киролмаслиги аниқ. Аммо, ўлат шу пайтгача кирмади ва бундан кейин ҳам кирмаслиги умид қилинади. “Иншааллоҳ” қайди эса, ўлатга тегишли”, деганлар.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ “Ал Муфҳим лима ашкала мин талхийси китаби Муслим” китобида: “Ўлат – оммавий ўлим касаллиги бўлиб, бу бошқа диёрларда масалан Амвос ва Жорифда содир бўлганидек Мадинада бўлгани йўқ. Аллоҳ ўз Расулини ростгўйлигини изҳор қилди. Шу пайтгача бирор кишидан Мадинада оммавий ўлат бўлганлиги нақл қилинмаган. Бу Пайғамбаримизнинг: “Эй, Аллоҳ! Мадинани бизларга суюкли қилгин”, деган дуолари баракасидандир”, деганлар.
Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Имом Нававийдан нақл қилиб айтадилар: “Ўлат бу маълум касаллик бўлиб, унинг белгилари тошма тошиш, шиш пайдо бўлиш ва кучли оғриқ бўлади. Табибларнинг хулосасига кўра: “Ўлат – инсон танасининг юмшоқ жойлари хусусан, қулоқнинг орқаси, қўлтиқ каби баданнинг кўринмайдиган жойларида шишлар пайдо қиладиган, ўлимга олиб борувчи касалликдир. Бундай ҳолат вабо тарқалган пайтда ҳам кўп учрайди. Шу эътибордан ўлат сўзини вабога ёки вабо сўзини ўлатга нисбатан қўлланилади. Аммо вабо – ҳавонинг бузилишидан пайдо бўлувчи касалликдир”.
Шундан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда дунёнинг жуда кўп жойларида шу жумладан Мадинаи мунавварада ҳам тарқалган Коронавирус Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зид бўлмайди.
Хулоса ўрнида қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:
Биринчидан: Дажжолнинг Мадинаи мунавварага киролмаслиги қатъий ва аниқ. Аммо, ўлат касаллигининг кириши борасида уламолар орасида ихтилоф мавжуддир. Баъзи уламолар Аллоҳ ирода қилса Мадинага ўлат кириши мумкин” деганлар. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Дажжолнинг кирмаслигини қатъий айтганлиридек, ўлатнинг кирмаслигини қатъий айтмаганлар.
Иккинчидан: Ўлат ва вабо касаллигининг орасида фарқ бор. Ўлат – маълум сифатларга эга бўлиб, терида унинг белгилари кўринади ҳамда ўлатга чалинган инсоннинг ҳаёти ўлим билан якунланади.
Вабо – касалликларнинг оммавий тарқалиши бўлиб, гоҳо инсонни ҳалок қилади, гоҳида эса йўқ. Короновирус ҳам жуда тез тарқалувчан бўлса ҳам, одамларнинг ундан тузалиши кўп кузатилмоқда. Шунга кўра ўлат Мадинага кирмайди, вабо эса бошқа ерларга кирганидек Мадинага ҳам кириши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
@diniysavollar