Замзам суви ер юзидаги энг яхши сув ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ :« خَيْرُ مَاءٍ عَلَى وَجْهِ الْأَرْضِ مَاءُ زَمْزَمَ، فِيهِ طَعَامُ الطُعْمِ وَشِفَاءٌ مِنَ السَّقَمِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِي.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер юзидаги энг яхши сув Замзам сувидир. Унда очга таом, касалликдан шифо бордир”, дедилар”. Табароний ривоят қилган.
“Замзам” сўзига луғавий жиҳатдан тўрт хил маъно берилган:
1. Мўл-кўл. Яъни, ушбу қудуқнинг суви кўп бўлгани учун “замзам” (мўл-кўл) деб номланган;
2. Тўпланган. Яъни, Ҳожар онамиз ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда сувга қараб: “Эй муборак сув тарқалиб кетма, тўпланиб тургин” маъносида“зам, зам”, деган. Сув ёйилиб кетмасдан тўпланиб қолган. Шундан ўша “тўхта-тўхта” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
3. Тўсилган. Яъни, ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда Ҳожар онамиз тупроқ билан унинг атрофини тўсиб чиққан. Шу сабабли ўша “тўсилган” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
4. Замзам. Яъни, замзам номи бошқа бирор маънодан олиниб унга ном бўлиб қолган эмас.
Истилоҳда эса замзам деганда Масжидул Ҳаромдаги машҳур қудуқдан олинадиган сув тушунилади. Каъба ва замзам қудуғи орасидаги масофа 21 метрдир.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим