islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абул Муин Насафий – мотуридия мазҳабининг етук намоёндаси

Абул Муин Насафий номи билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифлари Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳуммад ибн Макҳул Насафий бўлиб, ҳижрий 438 йилда туғилган. Манбаларда бу зотнинг айнан Насафда туғилганлари аниқ учрамаса-да, уламолар бу зотнинг ушбу шаҳарда туғилганлари мўътабар ҳисобланишини айтганлар.

Абул Муин куняси билан машҳур бўлган. Бу зотнинг боболари Муҳаммад ибн Макҳул ҳам Абул Муин куняси билан аталган, шунинг учун тарихчи уламолар баъзи манбаларда бу зотнинг айрим асарларини боболарига нисбат бериш ҳам учрайди, деганлар.

  Абул Муин Насафий яшаган асрюртимизда ҳам, бошқа ўлкаларда ҳам турли илм соҳалари бўйича жуда кўплаб мўътабар ва машҳур уламолар етишиб чиққан асрдир. Масалан мотуридия мазҳабининг машҳур уламоларидан Умар Насафий (ҳижрий 538 йилда вафот этган), Убулюср Паздавий (ҳижрий 493 йилда вафот этган), Нуриддин Собуний Бухорий (ҳижрий 580 йилда вафот этган) каби уламолар мазкур асрда яшаб ўтганлар.

Бухорий, Самарқандий ва Насафий нисбалари билан танилган уламоларнинг кўп экани мазкур уламолар атрофида илм даражалари ушбу уламолар сингари ёки уларнинг даражаларига яқин бўлган уламолар жуда кўп бўлганига далолат қилади. Ҳатто тарихчи олимлар Насафий нисбали уламолар жуда кўп бўлганидан исми ё куняси айтилмасдан мутлақ зикр қилинса, Умар Насафийни тушуниш лозим деган истилоҳни ишлатишга мажбур бўлганлар.

 Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Бунга уламоларнинг у зотни мадҳ этиб: “Абул Муин Насафийнинг мотуридия мазҳабидаги мартабаси худди ашъария мазҳабидаги Боқиллонийнинг мартабасидек юқоридир”, деганлари яққол мисолдир.

Унвонлари:

Абул Муин Насафийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилган:

  • Фақиҳул ҳанафий, сайфул ҳақ (Ҳанафий фақиҳи, ҳақнинг қиличи);
  • Қомеул мулҳидийн (даҳрийларнинг шубҳаларини бостирувчи);
  • Издуд дин (Ислом ҳимоячиси);
  • Жомеул усул (Аслларни жамловчи);
  • Роису аҳис сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи).

Албатта, Абул Муин Насафийдан бошқа уламолар ҳам ушбу унвонлар билан сифатланган.

Устозлари:

Уламолар Абул Муин Насафий таълим олган устозларининг исми шарифлари ҳақида аниқ маълумот келмаганини айтадилар. Айрим уламолар эса у зот машҳур аҳли илмлар сулоласидан бўлганларига кўра асосий илмларини оталари Муҳаммад ибн Муҳаммаддан олганлар, деганлар.

Шогирдлари:

Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ жуда кўплаб машҳур шогирдлар чиқарганлар. Уларнинг айримлари билан танишсак, бу зотнинг қўлларида нақадар мўътабар уламолар тарбия топганларига гувоҳ бўламиз:

Умар Насафий. Ҳижрий 461 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. “Ақоидун Насафий”нинг соҳиби. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб етишган. “Имомус сақолайн” (инсонлар ва жинлар имоми) номи билан машҳур бўлган;

Алоуддин Самарқандий.  Ҳижрий 450 йилда туғилган. “Туҳфатул фуқаҳо” асари билан танилган бу зот Абул Юср Паздавийнинг ҳам шогирди ҳисобланадилар.

Аҳмад ибн Муҳаммад Абул Юср Насафий Паздавий.  Абулюср Паздавий ҳижрий 481 йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр номи билан аталган.

Булардан бошқа яна кўплаб машҳур уламолар Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ҳисобланадилар.

Асарлари:

Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб қимматли асарлар таълиф этганлар. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

– “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш). Ушбу асар Абул Муин Насафийнинг энг салмоқли асари ҳисобланади. Зеро бу асар муаллифнинг ақида илмига оид асарлари орасида энг аҳамиятлиси, энг  ҳажми каттаси ва уламолар ўртасида энг машҳури ҳисобланади. Кўплаб уламоларнинг Абул Муин Насафийни “Табсиратул адилла соҳиби” деб атаганлари бунинг исботидир. Уламолар Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” асарини “Табсиротул адилла”нинг мундарижаси кабидир, деганлар.

–  “Баҳрул калом” (Калом денгизи). Уламолар бу асарни Имом Мотуридийнинг “Китабут Тавҳид”, Имом Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Лумаъ” ва Имом Жувайнийнинг “Иршод” каби асарлари асосида таълиф этилганини айтадилар. Бу асарга Аллома Бадриддин Ҳасан ибн Абу Бакр Аҳмад Мақдисий “Ғоятул маром фи шарҳи Баҳрул калом” номли шарҳ ёзган.

  • “Тасайюдул қоваид фи илмил ақоид” (Ақоид илмидаги қоидаларни қўлга киритиш);
  • “Шарҳу Жомеул кабир” (Жомеул кабир шарҳи);

– “Ийзоҳул маҳажжа фи кавнил ақли ҳужжа” (Ақлнинг ҳужжатлиги тўрисида тутилган йўлни изоҳлаш;

  • Тамҳид лиқоваидит тавҳид (Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш);

Булардан бошқа ҳам яна кўплаб ҳанафий фиқҳи ва мотуридия эътиқодига доир қимматли асарлар таълиф этганлар.

Ибн Қутлубуғонинг таҳқиқига кўра Абул Муин Насафий ҳижрий 508 йилда Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчи кунида вафот этган.

Аллоҳ таоло Абул Муин Насафийга мўл-кўл мукофотлар ато этиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

16730cookie-checkАбул Муин Насафий – мотуридия мазҳабининг етук намоёндаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: