Ислом Каримов Президентлик йиллари тақдиримга унинг мамлакатимиз ва хориж сафарларида журналист сифатида ҳамроҳлик қилиш насиб этган. Ҳар бир ташрифнинг ўз тарихи бўлган. Бугун улардан бири ҳақида ёзмоқдаман. Зеро, бу мана, кўринглар, мен давлат раҳбарига ҳамроҳ эдим дея мақтаниш учун эмас. Асло. Гап Ўзбекистон, унинг халқи бойлиги ҳақида. Иссиқ жон, тўсатдан дунёни тарк этсам бу гаплар ичимда қолиб кетмасин, дедим.
1991 йил, декабрь. Ислом Каримов Ўзбекистон Президентлигига биринчи сайловда иштирок этар, вилоятларга чиқиб одамлар билан учрашарди. Шундай сайловолди учрашувларидан бири 22 декабрь куни Фарғона шаҳрида бўлди.
Ўшанда мамлакатда “кенгаш” (совет) деган тизим бўлиб, Фарғона вилоятида унга собиқ обком секретари Ғуломжон Фозилов раис эди.
Шаҳардаги оммавий маданий марказ (собиқ сиёсий-ўқув, ҳозирги тадбиркорлар) уйининг катта зали одам билан тўлиб кетган. Минбарга иккита курси қўйилган. Бирида Каримов, иккинчисида вилоят кенгаши раиси. Биринчи қатордаги бир неча бўш жойларга биз, Президент ҳамроҳлари ва журналистлар ўтирдик.
Дастлаб Президентнинг ишончли вакили Мўсажон Шербўтаев номзоднинг таржимаи ҳоли, амалга ошираётган ишлари ҳақида гапирди.
Фарғонада Шербўтаевни ҳамма танир, нотиқликда раҳбарлар ичида унга бас келадигани кам эди.
– Ҳурматли фарғоналиклар, ҳурматли Президентим Ислом ака! – дея гапини давом эттирди у. “Президентим” сўзи айтилиши билан Каримов унга ярқ этиб қаради. Тушунишимча, Ислом Каримовга илгари бундай сўз билан мурожаат қилмаганлар. Президентим… Дарҳақиқат таъсирчан ва “сеҳрли” сўзни топиб меҳр билан мурожаат қилган эди Шербўтаев. –Сиз бизнинг Президентимизсиз, бизга мустақилликни берган инсонсиз. Ўнта номзод бўмайдими, фарғоналиклар Сизни танлашган ва бунга ишонинг! Тўғрими?
Шербўтаев охирги сўзларга урғу бериб баланд овозда икки қўлини залда ўтирганларга қарата кенг очиб айтган эди. Бирдан одамлар қалқиб ўринларидан туриб, узоқ қарсак чалдилар.
– Мен Қуванинг ҳар бир фуқароси билан сиз ҳақингизда гаплашганман. Керак бўлса бутун Ўзбекистон бўйлаб юриб, Сизнинг номзодингизни тарғиб қилишга тайёрман.
Яна гулдурос қарсак чалинди.
Каримов минбар томон юрди, Шербўтаев эса у томон. Улар бир бирларига қўл бердилар, кейин қучоқ очиб кўришдилар. Шербўтаев Ислом Каримовнинг ўнг қўлини тепага кўтариб:
- Мана бизнинг Президент! – дея хитоб қилди.
Ҳамма ўрнидан турди. Бу гал “президент, президент!” дея олқишладилар.
Очиғи, учрашув бундай тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Ҳолбуки, Фарғонада ҳам “Эрк” халқ демократик партияси вакиллари бўлиб, уларнинг бир нечтаси залда ўтирардилар. Аммо улар оқимга, йиғилиш руҳига қарши боришга жазм қилолмадилар.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон ва унинг келажаги ҳақида узоқ гапирди. Ҳамма маҳлиё бўлиб қолганди бундай орзу ва режаларга.
Кейин ЎзХДП Фрунзе (ҳозирги Данғара) тумани кенгаши раиси Р.Раҳмонов, Киров (ҳозирги Бешариқ) тумани Киров номли давлат жамоа хўжалиги директори Сотволди Абдумажидовлар сўзга чиқди ва сайловда бу номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди. Раислик қилувчи рўйхат бўйича яна кимгадир сўз бермоқчи эди Каримов уни тўхтатди.
– Азиз фарғоналиклар, – деди у ғоят самимий оҳангда. –Келинг, қоғоз орқали эмас, юракдан сўзлашайлик. Мен сизларни нима ташвишга солаяпти, агар ишонч билдирсангиз қайси масалага бирламчи эътибор қилишимиз керак, шуни айтинг.
Шунда биринчи қаторда ўтирган йўл-йўл чакмонли, бошида катта салла, кўз ойнак таққан, барваста бўйли, узун соқоли селкиллаган одам қўл кўтариб сўз сўради. Жавобини олмасданоқ минбарга томон юрди.
– Ассалому алайкум, вараҳматуллоҳи ваборакот!
Оқсоқол бир оз тин олди. Ўтирганлар жим қолишди. Гўё ҳозир бир нарса бўлгандек ёки бўладигандек. Чунки партия ўқув уйи минбаридан бундай сўзлар илк бор айтилаётганди-да.
– Танийсизми, бу Тоҳир ҳожи ака, – деди секин қулоғимга шипшип ёнимда ўтирган вилоят кенгаши масъул ходими.
– Оллоҳ таборака таоло ҳар ишни ўзи билгучи ва ўзи қилгучи. Сизнинг бу ёруғ оламга келишингиз ҳам хосиятли эди. Яратган сизга жон ато қилганда ота-онангиз қалбига ислом нурини солган, унинг амри билан қулоғингизга азон айтилган ва сизга Ислом деб исм қўйганлар!
Тоҳир ҳожи ҳар бир сўзни маъносига қараб ширали овозда оҳиста-оҳиста ифода қилар эди. Залда ўтирганлар ҳам, Ислом Каримов ҳам бир нуқтага –нотиқнинг оғзига қараб қолгандилар.
– Буюк яратувчимиз Сизнинг дунёга келишингиз билан боғлиқ яна бир ҳикмат кўрсатди. Ўша кунлари ақл бовар қилмас мўъжизасини, қудратини намоён этди. 40 кунда, бир чақалоқ чилласи муддати Катта Фарғона канали бунёд бўлди. Юз йил, минг йиллар ўтар, аммо бу мўъжиза абадий қолажак.
Тоҳир ҳожи аста овозини кўтара бошлади.
–Бу инсонга Оллоҳ яна бир амр бердики, у мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Энди айтинг, эй ҳалойиқ шундай инсон, Оллоҳнинг ердаги сояси бўлиб турган Ислом ака Каримов президент бўлмай ким бўлсин!
Зал ҳаяжондан увиллаб юборди. Қарсак тўхтамасди. Ислом ака ўрнидан туриб бир залга, бир минбарда турган Тоҳир ҳожига таъзим қилди.
Нотиқ бир неча бор ўтирганларни тинчитиш учун қўлида ишора қилди. Сўнг, яна ҳамманинг диққати минбарга қараганда, тўсатдан йиғлаб юборди.
Ҳа, минбарда бошида катта салла, оппоқ соқоли кўксига тушган уламо мақомидаги нотиқ йиғлаб юборди.
– Мен ўла-ўлгунча сизни дуо қиламан, – деди у ўзини тўхтатиб олиб. – Ота-боболарим умр бўйи динимизга не азобларда, яширинча, шўродан қўрқиб хизмат қилдилар. Отам қўлимда жон бераётиб ҳаж армонини айтдилар.
Мен ҳам динимизга, исломга хизмат қилиб келдим. Менда ҳам шу армон бор эди. Сиз, Ислом ака, сизнинг жасоратингиз туфайли юзлаб мусулмонлар қатори мен ҳам Ҳажга бориб келдим. Ўша муқаддас Маккаи мукаррама ва Мадинаи Мунавварада туриб сизнинг ота-онангиз ҳаққига дуо қилдим, Оллоҳдан унинг Ўзбекистондаги соясига тани-сиҳатлик, бир умр элга бошчилик қилишни тиладим. Мана шу устимдаги чакмонни ҳам Маккадан атайин сиз учун сотиб олгандим. Бугун табаррук бўлсин деб биринчи марта кийиб келдим ва ҳозир уни Сизга, ҳақиқий эгасига топширай!
Тоҳир ҳожи устидаги чакмонни еча бошлаганидаёқ Ислом Каримов ўрнидан туриб у томон юрган эди. Одамларнинг баъзилари кўзида ёш пайдо бўлди. Ҳамма тинимсиз қарсак чаларди. Елкасига чакмон ташланган Каримов Тоҳир ҳожи ёнида туриб:
– Сизга, қалб сўзларингиз, бу совғангиз учун раҳмат. Мен ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан. Ахир мен ҳам, алҳамдилуллоҳ мусулмонман! – деди.
Учрашув иштирокчилари яна оёққа турди, қарсак тўхтамасди.
Улар бир-бирларини қучдилар.
1991 йил 22 декабрида Фарғонада шундай бўлган эди.
Кейинги воқеалар қисман сизга аён. Ислом Каримов Ўзбекистон Президентлигига сайланди.
Ислом ака унга садоқат кўрсатганларни унутмади. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Мўсожон Шербўтаевнинг обрўсини “жойига қўйди”. Вилоят ҳокимлари ҳам у билан “ҳисоблашадиган”, унинг тавсияларига қулоқ соладиган бўлиб қолдилар. Ислом Каримов Мўсожон Шербўтаевни ўзининг хориж сафарларига бирга олиб борадиган бўлди. Ҳатто 1992 йилда Саудия Подшоҳлигига қилган ташрифларида ҳам у президент ҳамроҳлари сафида эди.
Қирол Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд Ислом Каримовни илгари ҳеч кимга кўрсатилмаган юксак илтифот билан кутиб олди. Унинг ўзи шахсан аэропортга келиши, самолёт зиналари олдида меҳмонни қаршилаши дунё матбуотида катта шов-шув бўлган.
Албатта, бунинг асосли сабаблари бор эди.
Биринчидан, Ўзбекистон атеист шўролар даврида дин деярли тақиқланган шароитда бўлсада, одамлари имон-эътиқодини йўқотмаган мамлакат бўлган.
Иккинчидан, Ислом Каримов мамлакат мустақиллигини эълон қилган президент эди. Қолаверса, бошқарувининг дастлабки давридаёқ шу юртда туғилиб ўсган ислом оламининг буюк намоёндалари Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом ат-Термизийлар номларини улуғлаш, қабрларини обод зиёратгоҳларга айлантириш устида иш бошлаганди.
Учинчидан, Саудия Арабистони подшоҳи қирол Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд билан қалин шахсий муносабатлари бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қиролга сафаролди мурожаатлари ўз таъсирини кўрсатганди.
Бу мухтасар мақолада Ислом Каримовнинг Саудияга давлат ташрифи тафсилотларига тўхталмоқчи эмасмиз. Фақат унинг бир жиҳатига эътиборингизни қаратамиз.
Давлат ташрифи тугагач қирол Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд Ўзбекистон Президентини кузата туриб унга икки бебаҳо совға топширди. Бири олтин зар ипи билан оятлар ёзилган Каъба устига ёпилган кабапўштдан икки сандиқ ва яна олтин сувида ҳаттот ҳар бир саҳифасига безаклар бериб ёзган Қуръон китобининг дунёда ягона, атайин тайёрлатилган нусхаси эди. Қуръон китобининг муқоваси бурчакларига соф олтиндан нақшинкор қопламалар кийдирилган. Муқоваси ўртасида диаметри 8-10 сантиметрли қуббасимон яна бир ёмби олтин ўрнатилган. Умуман, гап китоб учун сарфланган камида 3-4 килограмм соф олтинда ҳам эмас, гап унинг дарҳақиқат ноёблигида эди. Ҳаттот ҳар бир оят, сураларни шу қадар гўзал ҳуснихат ва ниҳоятда мураккаб, жимжимадор нақшлар билан безаган эдики, унга бир боқишнинг ўзида илоҳий куч қалб ва танани қамраб оларди.
Саудия сафаридан келгач Ислом Каримов кабапўштни муфтият ихтиёрига топширди ва у кейинчалик масжид ҳамда музейга қўйилди. Аммо… қирол совға қилган Қуръонни ўзида олиб қолди.
Орадан уч-тўрт ой ўтди. Президент Ислом Каримов билан (телемухбир сифатида) Андижон ва Фарғона вилоятига келдик.
Фарғонада Ислом Каримов дастлаб Тоҳир ҳожи Йўлдошев хонадонига борди. Унинг уйи шаҳар жомеъ масжиди ёнида эди. Тор кўчалар бўйлаб кетардик. Одамлар ҳайрон. Гарчи ичида Президент борлигини билмасаларда бу каби “қиммат” машиналар илгари эски маҳалла кўчаларидан юрмаганди.
Тоҳир ҳожи йўлакдаги хонада ўтирган экан. Ҳужра чоғ ва оддийгина эди. Аммо хонтахта усти, ён-атрофида бир неча арабий ёзувдаги қадимий китоблар сочилиб ётарди.
Улар қучоқ очиб кўришдилар. Президент хонтахта ёнига чўкалади.
– Ислом ака, кечирасиз, кутмагандим, менинг мутоалахонам бу, ҳамма ёқ…
Президент ташаббусни қўлга олиб ҳожи акани хижолатдан чиқарди.
– Ҳечқиси йўқ. Бир сизни зиёрат қилиб дуоингизни олай дедим. Биласиз, энди мен ҳам ҳожиман, – деди Президент лабларини жуфтлаганича бир оз ғурур, бир оз табассум билан.
Тоҳир ҳожи кўзига ёш олиб яна дуога қўл очди. Узоқ дуо қилди.
– Биз сайлов олдидан Фарғонада учрашганимизда Сиз Маккадан атайин мен учун олиб келган чакмонни совға қилган эдингиз. Қарздор бўлиб қолмай. Мен ҳам сизга Маккадан бир совға олиб келдим. Саудия подшоси Фаҳд совға қилган Қуръон китоби. Ўйлашимча, бундай илоҳий китоб Сиз каби ислом олимларида бўлиши керак. Сизни Тошкентда кутаман, -деди Ислом Каримов ва ўрнидан турди.
– Энди менга рухсат, Фарғонада қиладиган ишларимиз кўп, аммо вақт оз.
Президент елкасидан тоғ тушгандек енгил тортиб машинага ўтирди.
Биз ҳокимиятга келдик. Ҳамма жамул-жам, Президентни кутар эди. Ислом Каримов Исмоил Жўрабеков билан ҳоким хонасига кириб кетдилар. Бир оздан сўнг халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Унда Мирзажон Исломов вилоят ҳокими этиб тайинланди.
Биз Тошкентга қайтгач мен Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи ҳақида кўрсатув тайёрладим. Шубҳасиз, унда Қуръон китоби, Тоҳир ҳожи ака уйига борилгани, Президентга Саудия Подишоҳлиги қироли совға қилган Қуръон китобини Тоҳир ҳожига бермоқчилиги ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ эди. Чунки видеотасвир ҳам йўқ эди-да. Бу воқеа ҳақида кўпчилик билмас, билганлар эса гапирмас эди.
–Биз дадам билан айтилган куни Тошкентга бордик, -деб хотирлайди Тоҳир ҳожи Йўлдошевнинг кичик ўғли Абдурашид ҳожи. – Президент дадамни қабул қилди ва ваъда қилган Саудия подшоҳи тортиқ қилган Қуръон китобини берибди. У олтин сувида ёзилган, тиллодан қопламалари бор эди.
Мана, шунга ҳам 27 йил бўлибди. Мен кейинчалик Тоҳир ҳожи ака уйига бориб китобни қўлимга олиб тавоф қилган бўлдим. Дарҳақиқат, у Қуръоннинг ғоят нодир, балки ягона нусхаси эди. Муқовани очаётгандаёқ бармоқларингиз ёмби олтин қопламалар вазнини сезади. Зарҳал ёзув, нақшинкор безак, ҳар бир сўзидан нур таралиб турган илоҳий гўзалликдаги ҳуснихатли саҳифалар… Уларни ўқий олмасамда юрагимни ҳовлиқтириб юборганди. Мен титроқ босган қўлларим билан уни оҳиста ўпиб пешонамга тутдим.
– Ҳожи ака, – дедим оҳиста. – Мени маъзур тутасиз, Ислом ака Сизга чексиз илтифот кўрсатдилар. Лекин бу китобнинг ўрни аслида диний идора, муфтият кутубхонаси. Бир муддат ўтиб уни ўша ерга ўзингиз олиб борсангиз обрўйингиз яна икки ҳисса ошган, мусулмонлар меҳрини олган бўлардингиз.
Бу гап Тоҳир ҳожи акага ёқмади.
– Сизни ҳурмат қилиб қабул қилганим менга ақл бўлинг, деганим эмас, – деди суҳбатдошим жаҳли чиқиб ва дарҳол қўлимдан китобни олди-ю, жомадонга жойлади. – Энди сизга рухсат.
Йиллар кетидан йиллар келди.Саудия Арабистони қироли Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд ҳам, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам, Тоҳир ҳожи ака ҳам оламдан ўтдилар…
Олтин суви билан ёзилган, муқоваси олтин ёмби билан жилоланган, энг муҳими, ҳуснихати ва ноширликнинг такрорланмас намунаси бўлган тарих мулки – Саудия Арабистон подшоҳи Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауднинг Ўзбекистонга, унинг Президенти Ислом Каримовга қилган совғаси ҳамон Тоҳир ҳожи авлодларида сақланиб турибди.
– Ўз вақтида мазкур китоб Фарғона масжидларига қўйилиб, намозхонлар томонидан тавоф қилинганди, -дейди Қўштепа туманидаги “Мўйи муборак” масжиди имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев.- Менимча, унинг жойи Усмоний Қуръон сақланаётган музей ёки Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида эмасми? Шундай қилинганда адолатли иш бўларди. Чунки Саудия қиролининг совғаси бир шахсга эмас, балки inЎзбекистон давлати, унинг халқи ва мусулмон фуқароларига берилган деб ўйлайман.
Муҳаммаджон ОБИДОВ, журналист
ЎзА
Assalomu alaykum hurmatli maqola mualliflari!
Mazkur maqolada keltirilgan masala yuzasidan meni fikrim bu kitob aynan Tohir hoji aka tegishli, zero kitobni aynan Prezident Islom Karimovning o’zi bergan ekan siz bilan biz uni kimga tegishli ekanini, qayerda saqlanishini muhokama qilishimiz to`g`rimikan, bunga bizning haqqimiz bormikan. Kimningdir shaxsiz mulkini garchi ezgulik niyatida bo`lsa ham undam tortib olishga harakat qilmayapmizmi? Siz “Saudiya Arabistoni podshohi Fahd bin Abdulaziz as-Saudning O’zbekistonga uning Prezidenti Islom Karimovga qilgan sovg`asi hamon Tohir hoji avlodlarida saqlanib turibdi”debsiz huddiki ular mazkur kitobni tortib olishgandek, zotan bu kitob ularning shaxsiy mulki. Ha aynan shaxsiy mulki siz bilan biz buni o`zgartira olmaymiz. Endi o`ylab ko`raylik bu maqolada ushbu quron kitobi diniy idorada, kutubxonada yoki muzeyda turishi kerak degan mano kelib chiqyapti (yoki men shunday tushundim). Hop mayli shunday bo`lsa bu ish xayrli bo’larmidi? Zotan Alloh taola uning yerdagi soyasi Prezident janoblari kitobni aynan ushbu shaxsda turishini ihtiyor etgan bo`lsa, shunday bo`lishi maqul emasmi? Nega endi biz kitobni o`zlarida saqlab qolishgani uchun ularni qaysidur manoda aybdor ko`rsatib maqola yozishimiz kerak? Nega biz “ulkan qimmatga ega Quroni Karim hozirgi kunda Tohir hoji aka xonadoni e’zozlab, asrab-avaylab saqlab kelinmoqda , buning uchun ulardan Alloh rozi bo`lsin” deb maqola chiqarmayapmiz? (balki shunisi xayrli va barakotlidir) Naga biz yomonlik izlamayapmiz? Nega yaxshi niyat , yaxshi gumon qilmayapmiz? Nega bu kitob hozir ham yurtimizda saqlanayotganiga shukur qilmayapmiz? Nega bu kitob hozir palon joyda palon shaxsning uyida yolingiz tushganida kirib ziyorat qilib qo`yinglar azizlar deyolmayapmiz?
Meni shaxsiy fikrim shu.
Топпа тогри бу одамга китоп мухуммас ака йозган нарсасини етибор бн укин тилло сузини такрор такрор йозган буни оркасидан котта даромат кимокчи
Mening fikrimcha bu Muborak QUR’ONI KARIM ushbu oilada saqlanishi ya’ni Toxir xoji aka avlodlarida qolishi maqsadga muvofiq bóladi.
Chunki KABA ning kaliti ham Makka ahli qabillarining birida turadi ekan va qanday mehmon bu yurtga tashrif buyurishidan qat’iy nazar KABA ga kirish uchun ushbu qabila a’zolaridan izin zórab kiriladi ekan.
Shunday ekan Nega biz bunday baxtdan bu oila vakilllarini quriq qóyishimiz kerak ekan . Ya’ni Toxir xoji aka avlodlarini.
Ushbu aziz sovgani birinchi Prezidentimiz óz xoxish istaklariga binoan va ushbu oila vakillariga óziga bildirilgan ishonch va ular oldida qarzdorliklarini xis etkan xolda chin qalbdan va Tangri Taoloning inoyati ila bu Muborak QUR’ONI KARIM kitobini ushbu xonadonga nasib etishi bir iloxiy ish.
biz bu oiladan bu kitobini olib muzeyga qóyish xaqida emas ushbu oiladan
Yurtimizning ulug’ farzandi
Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahulloh
singari ulamolar chiqishini tilab qolaylik azizlar .
Baraka topkurla xadyani xoxlasa topshiradi xoxlasa yo‘q. Nima bu xadyaniani zo‘rlab olishmi bu?
yaxshi bo’lar edi!
Биринчидан ҳадя қайтариб олинмайди. Иккинчидан Қуръони Карим ўқиб турилса яхши. Музейда ўқилмайди. Безаш учун бўлса ашар моҳир усталарга тилласини берса бундаг ҳам яхшисини қилиб беришади. Музейга қўяверасиз.
Биринчидан ҳадя қайтариб олинмайди. Иккинчидан Қуръони Карим ўқиб турилса яхши. Музейда ўқилмайди. Безаш учун бўлса ашар моҳир усталарга тилласини берса бундаг ҳам яхшисини қилиб беришади. Музейга қўяверасиз.
Qirol Fahd berdimi Islom Karimovga bo’ldi. Uni xalqqa boshqaga deyishning keragi yo’q.
Qolaversa Qur’onni o’qigandan ajr bor. Reklama qilib qo’yib qo’ygandan emas. Muzeyda tursa kimga manfaat tegadi?
Janob muhbir bu hadyani topshirib siz nima manfaat topasiz tushunmadim. Bu dunyodan o’tgan odamlarni ruhlarini bezovta qilish yaxshimas Allohdan qo’rqing!
Сизга ким хукук берди сиз бунаклип йозяпс квтеги йог журналисакансиз холос йо сизга китопти кимдалиги алам кимаяпти сизга ичидеги тилоси мухум
Хадя эгасида колсин, яхши булади ИншаАллох
Аввалом бор Ассалому алаейкум ҳурматли Муҳаммаджон ОБИДОВ!!!
Ўйнаб ёзсанг ҳам ўйлаб ёз деган ҳалқимизда бир нақил бор. Cизнинг бу мақолангизни ўқиб ичингизда бошқаларга нисбатдан ҳасад бор деган шубҳага бордим. Агар хато шубҳа гумонга борган бўлсам Аллоҳ кечирсин. Лекин бу китоб ҳадия қилинган экан Қуръони Карим шу Тоҳир ҳожи ака ва у кишининг авлодлари томонидан ўқиб турилган экан бундан чиққан савобу самаралари шу Саудия Арабистон подшоҳи Фаҳд бин Абдулазиз ас-Сауд ҳамда биринчи Президентимиз Ислом Каримовга қолаверса бутун Ўзбекистон аҳлига етиб туради ИншаАллоҳ.
Сиз ушбу Қуръони Каримнинг тақдиридан кўра тилла ҳарфлари қизиқтиряпди чоғи Ва Аллоҳу аълам. Ман журналист эмасману лекин журналистикадан озроқ ҳабарим бор. Юқорида барча биродарларимиз томонидан билдирилган фикрлар ҳам сизни ниятингиз нима эканлигини тасдиқлаб турибди. Сиз бунданда чиройлироқ мақола ёзган бўлардингиз агарда кўнглингизда яхшилик бўлганида бу мақолани ёзмаган ва бировга берилган ҳадяга бунчалик ошиқмаган бўлардингиз. Холис жавоб беринг Ислом Абдуғаниевич Каримов шу ҳадияни сизга берганида сиз шу мақолада ёзган ишни қилган бўлармидингиз яъни музейга топширган бўлармидингиз. Буни ҳалққа айтишингиз шартмас. Қалб амрингизга қулоқ солиб Аллоҳ олдида шу саволни ўзингизга бериб кўрингчи!!!!
Муҳаммаджон ОБИДОВ!!! мени кечирасиз-у шу саволларимизга сиздан жавоб кутиб қоламиз. Журналист холис ёндошмоғи керак Ассалому алаейкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу. Шу Қуръони Карим воқеаси билан боғлиқ барча ўтганларни Аллоҳ таоло руҳларини шод, охиратларини обод айласин. Омин!
Нега ман ёзган фикрларни учириб ташлаяпсизлар. Сайт юритувчилари нима фикр билидсам жавоб беришдан куркяпсизларми. Шу журналист маклласи учун холис жавоб берсин. Хозир яна макола учун уз фикримни колдираман. Сизлардан жавоб кутиб коламан.