islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халқаро ислом ташкилотлари фаолияти

“Мусулмон олами” (Ислом олами) тушунчаси диний жиҳатдан мусулмонларни, маданий жиҳатдан ўз таркибига мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи мусулмон бўлмаган кишиларни ҳам қамраб олувчи “ислом цивилизацияси”ни англатади.

Замонавий геосиёсий маънода “мусулмон олами” тушунчаси аҳолисининг кўпчилиги (50%дан ортиғи)ни мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатларга нисбатан ишлатилади.

Ҳозирги кунда “мусулмон олами”да Ер аҳолисининг 23,4 фоизи, яъни 1,64 млрд. киши истиқомат қилади. Уларнинг тахминан 62 % Осиё ва Тинч океани ҳудудида, 20 % Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, 15 % Марказий Африкада, 3%га яқини Европада, 0,3 % Америкада яшайди.

Ислом дини эътиқод қилувчилар сони бўйича дунёда христианликдан кейинги ўринни эгаллайди. Лекин мутахассислар 2050 йилга келиб мусулмонлар сони христианлардан ортиб кетиши ва Ер аҳолисининг 29 %, яъни 2,65 млрд.кишини ташкил этишини тахмин қилмоқдалар.

“Мусулмон олами”нинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари

Бугунги кунда Дунё аҳолиси 7 млрд. киши бўлиб, мусулмон мамлакатларида 1,6 млрд. киши, ривожланган давлатларда 1 млрд. киши, ривожланаётган давлатларда 5,9 млрд. киши яшайди.

Дунёда энг ривожланган 20 та давлатлар (G-20) орасида 3 та мусулмон давлати бор холос: Индонезия, Саудия Арабистони, Туркия.

Ислом оламида энг ривожланган 8 та (D-8) давлатлар қуйидагилар: Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Миср, Нигерия, Покистон, Туркия, Эрон.

Дунё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотлари (ЯИМ, ВВП) 62 трлн. АҚШ долларини ташкил этса, мусулмон олами ЯИМ 5 трлн. $ холос.

Аҳолининг йиллик ўртача даромади (ҳар бир кишига $ ҳисобида):

Дунё бўйича ўртача 9000
Ривожланган давлатларда 41000
Ривожланаётган давлатларда 3500
Ислом дунёсида 3000

Аҳолининг саводхонлик даражаси (аҳолидан фоиз ҳисобида):

Дунё бўйича ўртача 80 %
Ривожланган давлатларда 99 %
Ривожланаётган давлатларда 79 %
Ислом дунёсида 70 %

Дунё савдоси ҳозирги вақтда 25 трлн. долларни ташкил этса, ислом дунёсининг савдоси 2,6 трлн. доллларни ташкил этади.

ИСЛОМ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ (ИҲТ)

Ислом оламида энг йирик ва нуфузли, расмий, 57 та давлат аъзо (Суриянинг аъзолиги 2012 йил тўхтатиб қўйилган) бўлган халқаро ислом ташкилоти. 2011 йилда Остона шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 38-сессиясига қадар Ислом конференцияси ташкилоти  (ИКТ) деб ноланган. Штаб квартираси Жидда шаҳрида жойлашган. Ташкилотнинг расмий тиллари – араб, инглиз, француз.

Бош котиб – Ияд бин Амин Мадани (Саудия Арабистони).

Ташкилот интернет манзили – oic-oci.org.

Яратилиш тарихи. ИҲТ 1969 йилнинг 25 сентябрида Марокашнинг пойтахти Роботда ўтказилган ислом давлатлари биринчи йиғилишида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда ислом ҳамкорлигини таъминлаш, мустамлакачилик ва ирқчиликка қарши кураш мақсадида ташкил этилган.

Мақсад ва вазифалар. ИКТ низомига мувофиқ, унинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

-Мусулмон бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

-Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий соҳаларда ҳамкорлик қилиш;

-Барча мусулмонларни ўз қадриятлари, мустақилиги ва милий ҳуқуқларини таъминлаш учун қўллаб-қувватлаш;

-Муқаддас жойларни мухофаза қилиш;

-Фаластин халқи курашини қўллаб-қувватлаш;

-Ирқий дискриминация ва колониализмнинг барча шаклларига барҳам бериш;

-Адолатлик асосида халқаро тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш;

-Ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ўзга мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувни рағбатлантириш.

ИҲТ аъзоларига кираётган мамлактлар Низомида белгиланган вазифаларни бажариш мажбуриятларини ўз зиммаларига оларканлар қуйидаги тамойилларга риоя қиладилар:

– Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама тўла тенглик;

– Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва уларни ички ишларига аралашмаслик;

– Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш;

– Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган можароларни тинч музокаралар, воситачилик, ярашиш ёки арбитраж орқали ҳал этиш;

– Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ИКТга аъзо ҳар қандай мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва даҳлсизлигига ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш ёки таҳдид қилишдан ўзини тийиш.

ИКТнинг бош органлари. Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ислом дунёсининг энг долзарб масалаларини муҳокама этиш ва ИҲТ сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида ҳар уч йилда бир марта ўтказиб турилади.

Ташқи ишлар вазирларининг мажлислари йилда бир марта ёки зарурат туғилган пайтда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг бирида ўтказилади ва унда ташкилотнинг асосий сиёсати белгиланади.

Бош Котибият (БК) ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида алоқани таъминлайди ҳамда консультациялар, фикр алмашувлар ташкил этишга, умумий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни тарқатишга кўмаклашади. БКни Бош Котиб бошқаради ва у ташқи ишлар вазирларининг мажлисида тўрт йил муддатга сайланади.

Халқаро ислом адолат суди ИКТнинг бош ҳуқуқий органи сифатида ташкил этилган ва унинг вазифаси можароларни кўриб чиқиш, низомни шархлашдаги келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда турли ҳуқуқий масалалар бўйича хулоса беришдир.

Таркибий тузилиши. ИҲТ таркибида қатор мустақил ташкилотлар ҳам фаолият юритади:

Ислом тараққиёт банки;

Ислом хабарлар агентлиги;

Ислом давлатлари радио ва телеузатмалар хизмати ташкилоти;

Ислом иқтисоди ва маданияти масалалари ҳайъати;

Ислом касбий-техник таълими ва тадқиқотлари маркази;

Ислом илмий-техника тараққиёти жамғармаси;

Ислом санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази

Қуддус жамғармаси, Қуддус бўйича қўмита;

Ислом савдо-саноат палатаси;

Ислом пойтахтлари ташкилоти;

Статистик, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази;

Африканинг Сахел ҳудудидаги мусулмон мамлакатлари билан ислом бирдамлиги қўмитаси;

Ислом кема эгалари ассоциацияси;

Ислом савдони ривожлантириш маркази;

Ислом тараққиёт жамғармаси

Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти;

ИҲТ-БМТ. 1975 йилдан бери ИҲТ БМТ қошида кузатувчи мақомга эга. Ҳар йили Бош Ассамблея сессиясининг кун тартибига “БМТ ва ИҲТ ўртасида ҳамкорлик” масаласи киритилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

1995 йилнинг январида ИҲТ Бош котибиятига мактуб юборилиб, унда Ўзбекистон Республикасига кузатувчи мақоми бериш сўралди. ИҲТ ташқи ишлар вазирларининг 1995 йилнинг  2 октябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида Ўзбекистонга кузатувчи мақоми берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг мактубига асосан ИҲТ ташқи ишлар вазирларининг 1996 йил 2 октябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган навбатдаги мувофиқлаштириш мажлисида Ўзбекистон ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси этиб қабул қилинди.

Аъзо давлатлар. Аввалига ИҲТга Осиё ва Африканинг 25 та мусулмон давлати ва Фаластин Озодлик ташкилоти аъзо бўлган.

Ҳозирги вақтда 56 та давлат ва Фаластин Озодлик ташкилоти аъзо,  бўлган халқаро ташкилот саналиб, ушбу давлатларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, манфаатларини ҳимоя этиш ҳамда оламдаги барча мусулмонлар ва бу ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг фаровонлигини таъминлаш бўйича иш олиб боради.

Аъзо давлатлар: Озарбайжон, Албания, Афғонистон, Бангладеш, Баҳрейн, Бенин, Бирлашган Араб Амирликлари, Бруней, Буркина-Фасо, Габон, Гайана, Гамбия, Гвинея, Гвинея-Бисау, Жибути, Жазоир, Индонезия, Иордания, Ироқ,Камерун, Коморлар,Кот-д’Ивуар, Кувайт, ЛиванЛивия, Мавритания, Малайзия, Мали, Мальдив, Марокаш, Миср, Мозамбик, Нигер, НигерияПокистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Сурия (2012 йилгача), Сомали, Судан, Суринам, Сьерра-Леоне, Тожикистон, Того, Тунис, Туркманистон, Туркия, Уганда, Фаластин, Чад, Эрон, Яман, Ўзбекистон, Ўмон, Қатар, Қирғизистон, Қозоғистон.

Кузатувчи давлатлар: Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси, Россия, Таиланд.

Кузатувчи мусулмон ташкилот ва жамоалари: Моро миллий озодлик фронти, Шимолий Кипр Туркия Республикаси.

Кузатувчи халқаро ташкилотлар: Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Африка бирдамлиги ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Қўшилмаслик ҳаракати, Бирлашган миллатлар ташкилоти.

  ИСЛОМ ОЛАМИ УЮШМАСИ (ИОУ)

Ислом олами уюшмаси – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон арбобларини бирлаштирган ҳалқаро ислом ташкилотидир. У 1962 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Маккада бўлиб, Риёз, Жидда ва Мадина шаҳарларида ҳам бўлимлари мавжуд.

ИОУнинг Олий орган – Таъсис кенгаши бўлиб, унга 60 нафар диний арбоб киради. Амалда рахбарликни Саудия Арабистони илоҳиётчилари орасидан сайланадиган Бош котиб олиб боради.

Ташкилотнинг мақсади Ислом таълимотини бутун дунёга тарқатишдир. Араб тилида “Ахбор ал-Олам ал-Ислом” (Ислом олами ахбороти) хафталик газетасини ҳамда араб ва инглиз тилларида “Робита ал-Олам ал-Ислом” журналини нашр этади.

Кенг миқиёсидаги хайрия инсонпарварлик фаолиятини олиб боради. Осиё, Африка ва Америка қиталарининг 10 дан ортиқ мамлакатларида филиаллари мавжуд. ИОУ ҳукуматга алоқадор бўлмаган барча халқаро Ислом ташкилотларнинг раҳбар маркази бўлишга даъво қилади.

Унинг ташаббуси билан чақирилган жаҳон ислом ташкилотларнинг халқаро конференцияси (Макка, 1974 йил) ер куррасидаги ислом ташкилотлари фаолиятини координация қилиш Олий қўмитасини таъсис этди. Ислом оммавий ахборот воситалари Жаҳон конференцияси (Жакарта, 1980 йил) эса мусулмон оммавий  ахборот воситалари Олий кенгашини (қароргоҳи – Маккада) таъсис этди. Бу иккала ташкилотда ҳам ИОУ тарафдорлари ва мусулмон мамлакатлари ҳукуматларини илмий коммунизм таълимоти ҳамда коммунистларга, сотциализм йўлидан бораётган давлатларга қарши курашишга чақирувчи резалюцияларни бир неча бор қабул қилган.

БМТ ҳузурида ҳукуматга алоқадор бўлмаган ташкилотлар мақоми ҳуқуқига эга. ИОУ БМТнинг иқтисодий-ижтимоий кенгаши ҳузурида ва маориф, фан, маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти ЮНЕСКО ҳузурида маслаҳат бериш ҳуқуқига эга бўлиб, БМТнинг болалар фондига ҳам бадал пули ўтказади.

“Иғоса” ташкилоти билан бир қаторда ИОУ таркибида Масжидлар олий кенгаши, Фиқҳ кенгаши каби кенгаш ва ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатади.

ИОУ томонидан масжид имом-хатибларига  алоҳида эътибор берилади ва улар орқали кенг кўламда ташвиқот ишларини олиб бориш учун ҳар қандай ёрдамлар кўрсатилади. Шу мақсадда ИОУнинг янги масжидлар қуриш ва эскиларини таъмирлаш учун бутун мусулмон давлатларга катта маблағлар ажратади.

Бундан ташқари чет элларда ИОУнинг 34 бюроси ва 14 маркази бор бўлиб, Иордания, Индонезия, Малайзия, Мавритания, Сенегал, Габон, Конго, Маврикий, Франция, Швейцария, Дания, АҚШ ва Тронад каби давлатларнинг пойтахтларида фаолият кўрсатади. 1992 йилда ИОУда мусулмонлар камчиликни ташкил этувчи давлатлар билан ишлайдиган бўлим ҳам очилди.

1983 йилда ИОУ томонидан Маккада имом ва даъватчилар олийгоҳи таъсис этилди. ИОУ даъватчилари сони ҳам муттасил ошиб бормоқда. 1979 йилда уларнинг сони 122 киши бўлса, 1994 йилнинг бошида 1093 кишига етди.

Саудия Арабистони ҳукумати ИОУдан ислом динининг муқаддаслиги ва софлигини дунёга танитиш ҳамда обрўсини оширишга чақирди ва талаб қилади. Риёз ундан ўз ташқи сиёсатини маънавий ва маърифий томондан муҳим қуроли сифатида фойдаланади.

1995 йилниг 30 декабридан 1996 йил 3 январга қадар ўтказилган ИОУ таъсис кенгашининг 34-сессиясида қабул қилинган баёнатда ИОУнинг Марказий Осиёдаги мусулмон давлатлари билан турли соҳаларда алоқаларни ривожлантириш истаги таъкидланди.

“АЛ-АЗҲАР” МАЖМУАСИ

“Ал-Азҳар”нинг мусулмон оламида тутган ўрни. Миср Араб Республикасининг пойтахти Қоҳирада жойлашган “ал-Азҳар” мажмуаси дунёдаги энг қадимий таълим ва илм-фан муассасаларидан бири ҳисобланади. Минг йилдан зиёд вақт мобайнида “ал-Азҳар” мажмуаси ислом қонунчилиги ва араб тили бўйича турли араб ва ислом мамлакатлари учун мутахассислар тайёрлаб келмоқда.

“Ал-Азҳар” кўпроқ университет сифатида бутун жаҳонга танилган бўлсада, унинг таркибига университетдан ташқари, ўрта ва махсус мактаблар, илмий марказлар, масжидлар ҳам киради.

Бугунги кунда “ал-Азҳар” мажмуаси ислом дини масалалари бўйича дунёдаги етакчи марказ ҳисобланади. “Ал-Азҳар”  шайхи бош имом, деб ҳам юритилиб, ислом дини ва илми бўйича дунёдаги етакчи уламо саналади. Жаҳондаги барча мусулмонлар унинг қарашлари билан ҳисоблашадилар.

Ҳозирда “ал-Азҳар” мажмуасининг фаолияти нафақат араб дунёси, балки бутун мусулмон оламида маданий, илмий ва маънавий уйғониш манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ал-Азҳар” мажмуаси тинчлик ва саҳоват дини бўлган исломни мустаҳкамлаш, унинг инсонийлик ғояларини тарғиб қилишга саъй-ҳаракат қилиб, мусулмон оламида экстремизм ва радикализм, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга  қарши курашни ўз фаолиятининг асосий мақсадлари, деб ҳисобланади.

Тарихи. “Ал-Азҳар” дастлаб масжид сифатида Қоҳира шаҳрида 972 йилда вужудга келган. 988 йилдан эътиборан эса “ал-Азҳар” университетга айлантирилган.

“Ал-Азҳар”  фаолиятининг бошиданоқ бу даргоҳ профессорлари ҳамда мамлакатдаги ўқув юртлари ва давлат идораларидан чақираладиган ўқитувчилар иштирокида  эркин илмий мунозаралар ўтказиш унинг ўзига хос хусусиятларидан бирига айланади. Мазкур даргохнинг анъаналари ва бу ўзига хос хусусиятлари нафақат Шарқ, балки Ғарбдаги университет таълим тизимининг асоси саналади.

“Ал-Азҳар”да диний билимлар билан бир қаторда турли дунёвий, хусусан, табиий фанлар ҳам ўқитиган. Бу даргоҳ олимлари тиббиёт, математика, астрономия, механика, жуғрофия, тарих каби фанларда катта ютуқларга эришиб, бу соҳалардаги ўз тадқиқотларини жамият жиддий ижтимоий таназзулга юз тутган, сиёсий муаммолар кескинлашган оғир дамларда ҳам тўхтатмаганлар.

1789 йилнинг июлида Мисрга бостириб кирган Франция императори Наполеон Бонапарт “ал-Азҳар”га дунёдаги энг таниқли университет сифатида қараб, уни Сорбонна университети билан солиштирган.

“Ал-Азҳар” фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш. Бугунги кунда “ал-Азҳар” Мисрда 1961 йилда қабул қилинган 102 рақамли қонунга асосланиб фаолият кўрсатади. Мазкур қонунга биноан “ал-Азҳар” мажмуасида университет, унинг таркибида диний факультетлар билан бир қаторда савдо, тиббиёт. муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги каби дунёвий факультетлар ҳам очилди. Айни вақтда аёллар факультети ҳам ўз фаолиятини бошлаб, хотин-қизлар тиббиёт, савдо, исломшунослик ва ижтимоий фанларни ўзлаштира бошладилар.

“Ал-Азҳар” фаолияти томонидан қаттиқ назорат қилинади. Унинг ишлари бўйича  Олий Кенгашга Миср Бош вазири Отиф Убайд раҳбарлик қилади. У бир пайтнинг ўзида “ал-Азҳар” ишлари бўйича вазир ҳам ҳисоблонади.

Мажмуага бевосита раҳбарлик қилувчи “ал-Азҳар”  шайхи Олий Кенгаш раисининг ўринбосари саналади. Бош вазир мақомига эга бўлган «ал-Азҳар” шайхи мансабини 1996 йилдан бери Мухаммад Саййид Тантовий адо этмоқда.

Юқорида зикр этилган 102 рақамли қонунга биноан “ал-Азҳар”  шайхи барча диний масалалар ва Қуръон талқини бўйича энг ваколатли шахс сифатида эътироф этилади. У “ал-Азҳар”  ва унинг таркибидаги тузилмаларда олиб бориладиган диний тадқиқотларга раҳбарлик қилади ва йўналтириб туради.

Шуни кўрсатиб ўтиш жоизки, “ал-Азҳар”  шайхи мартабаси Мисрдаги энг юқори мансаблардан бири бўлиб, у Президент ва Бош вазирдан кейинги ўринда турадиган учинчи олий мансаб ҳам ҳисобланади.

“Ал-Азҳар” мажмуасининг таркибий тузилиши.

Бугунги кунда “ал-Азҳар” мажмуаси таркибий жиҳатидан куйидагиларни қамраб олади:

  1. “Ал-Азҳар” шайхларининг олий кенгашига шайх раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига шайх ўринбосари, университет ректори ва деканлари, Ислом тадқиқотлари академиясининг тўрт аъзоси, вақф ишлари, олий таълим, молия ва адлия вазирларининг биттадан ўринбосарлари, маданият ва хорижий ислом миссиялари мудири, “ал-Азҳар” ўрта ва махсус ўқув юртлари директори, университетнинг таълим ва умумий ишлар бўйича уч эксерперти киради.

“Ал-Азҳар” шайхларининг олий кенгаши нашр ишлари, ислом тадқиқотлари мазмуни, ўқув  жараёни ва бошқа масалаларга мутасадди ҳисобланади.

  1. Ислом тадқиқотлари академияси таниқли олимлар ва уламоларни бирлаштирувчи илмий муассаса сифатида диний фанлар ва қуръон талқини масалалари билан шуғулланади.
  2. Талабалар шаҳарчасида ётоқхоналар ва ижтимоий-маиший хизмат шаҳобчаси жойлашган.
  3. “Ал-Азҳар” университети олий таълим ва илмий тадқиқотларга алоқадор бўлган барча масалалар билан шуғулланади. Университет ислом меросини сақлқб қолиш, уни ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича ҳам фаолият кўрсатади. “Ал-Азҳар” университетида исломнинг моҳиятини одамларга етказиш, ҳақиқий ислом, унинг умумбашарий тараққиётига ҳиссаси ва замонавий жамиятдаги ўрнини кўрсатиб беришга алоҳида аҳамият берилади.

Университетда араб маданияти, арабларнинг илмий, маънавий ва ақлий мерослари ҳам ўрганилади. Мусулмон давлатлари учун тиббиёт, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларида мутахассислар тайёрлаб бериш борасида ҳам “ал-Азҳар” университетида катта ишлар амалга оширилади.

Бугунги кунда “Ал-Азҳар” университетида 176 минг талаба, жумладан, 50минг қиз бола ва 20 мингн чет эллик таҳсил олмоқда. Университетда Буюк Британия, Франция, Югославия, Греция, АҚШ, Бразилия, Венесуэла, Австралия, Япония, Россия (Доғистон, Чеченистон, Татаристон, Бошқирдистон) ва бошқа МДҲ давлатлари, деярли барча Африка ва Осиё мамлакатларидан талабалар ўқимоқда.

“Ал-Азҳар” универнситетида таълим беришда қуйидаги тамойилларга асосланади:

  • ўқуа даргоҳи махсус таълимга муҳтож бўлган барча мусулмон талабалар, диний билимларни чуқур эгаллашга интилувчилар учун очиқлиги;
  • “ал-Азҳар” университети бутун мусулмон олами талабаларининг ақлий бирлигини амалга ошириш йўлида ишлаши;
  • Университетнинг мусулмон олами ва араб дунёси учун уламолар ва диний соҳада мутахассислар тайёрлаши.

“Ал-Азҳар” университети фаолияти тўлалигича давлат томонидан молия билан таъминланади. Ўқитувчилар сони 7 минг кишини ташкил этиб, асосан мисрлик олимлар ва мутахассислардан таркиб топади.

Дунёвий факультетларнинг ўқув дастурлари замонавий таълим тизимининг назарий ва амалий унсурлари, у ёки бу мутахассислик бўйича қатъий ихтисослашиш билан бир қаторда диний фанлардан дарсларни ҳам қамраб олади.

“Ал-Азҳар” университетининг факультетлари Миср пойтахти Қоҳирадан ташқари, мамлакатнинг бир қатор бошқа шаҳарларида ҳам фаолият кўрсатади. Шунинг учун бугунги кунда университет таркибидаги диний ва дунёвий факультетларнинг умумий сони 50 дан ошади. Университетда таълим араб тилида олиб борилади.

  1. Илмий марказлар, ўрта ва махсус ўқув юртлари. “Ал-Азҳар” таркибига турли соҳаларда махсус тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган тиббий ва илмий муассасалар ҳам киради. Уларнинг орасида Аҳолини ўқитиш халқаро ислом маркази, Кардиология жарроҳлик маркази, Ислом савдосига ўргатиш маркази кабиларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

Шунингдек “Ал-Азҳар” ўрта ва махсус мактабларни ҳам қамраб олади. Уларда ўқувчилар университетда ўқишга тайёрланади.

ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ

Халқаро ислом фиқҳи академияси Ислом ҳамкорлик ташкилоти қошидаги муассасадир. Ушбу академия 1981 йилда Макка шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон мамлакатлари раҳбарларининг учинчи олий кенгашида тузилган.

Академиянинг таъсис қурултойи Маккаи Мукаррамада 1983 йил 7–9 июнь кунлари бўлиб ўтди.

Биринчи мажлиси эса 1984 йил 19–22 ноябрь кунлари ташкил этилди. Унда академия низомномаси ва режалари ишлаб чиқилди. Ташкилий масалалар кўрилди. Котибият кенгаши ва режалаштириш, илмий тадқиқотлар ҳамда фатво шўъбалари тузилди.

Ушбу академиянинг ташкил этилишидан мақсад замонавий ҳаёт муаммоларини ўрганиш, улар ҳақида фаол ва асл ижтиҳод қилиб исломий илмий меросга асосланган ва исломий фикр тараққиётидан келиб чиққан ечимларни тақдим қилишдир. Шунингдек, фиқҳий усулий меросни ва хилоф китобларини янгилаш, тадқиқотчи фақиҳлар ва шариат уламолари учун манбаълар тақдим қилишдир.

Академиянинг йиллик мажлислари турли мусулмон мамлакатларида бўлиб ўтади. Уларда кунимизнинг муҳим масалаларига оид муаммолар атрофлича ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.  Ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  1. Замонавий муаммоларни ўрганиб, ечим топиш учун йиллик кенгашлар ўтказиб туриш. Академия таъсис этилгандан то 2009 йилга қадар ҳаммаси бўлиб 19 та ялпи мажлис ўтказилган.
  2. Фиқҳий энциклопедия нашр этиш.
  3. Фиқҳий қоидаларни батафсил ўрганиб, нашр қилиш.
  4. Академиянинг мажалласини нашр қилиш.
  5. Турли илмий анжуманлар ўтказиш.

Милодий 2008 йилнинг бошида Ислом Ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи академиясининг раиси доктор Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд эди. Феврал ойида у киши вафот этди.

Академиянинг бош котиби шайх Ҳабиб Бил Хожа эди. 2008 йилнинг аввалида иорданиялик олимлардан Абдуссалом Довуд Убодий янги бош котиб этиб таъйинланди. 2011 йил 1 августда эса суданлик олимлардан профессор, доктор Аҳмад Холид Бобакр академиянинг Бош котиби этиб тайинланди.

Академиянинг асосий Низомига мувофиқ Ислом Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган ҳар бир давлат номидан битта олим бевосита академиянинг ишчи аъзоси ҳисобланади. Яна мазкур Низомга кўра, ғарб давлатларидан ҳам кўзга кўринган мусулмон уламолар аъзоликка сайланишлари мумкин. Бундан ташқари академиянинг “Ислом давлатлари уюшмаси”да қатнашувчи турли мамлакатлардан ҳам аъзолари бор.

Аъзолар орасида ўзбекистонлик дин арбоблари ҳам  борлиги бизни чексиз қувонтиради,  юрагимизда фахр уйғотади. Кўп йиллар давомида юртимиз равнақи, динимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган  Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров

171570cookie-checkХалқаро ислом ташкилотлари фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: