❓CАВОЛ: Масжидлар очилиб яна жамоат намозлари ўқила бошланди. Лекин сафлар орасини очиб, намозхонлар бир-биридан узоқлашиб намоз ўқияпмиз. Бу намозимизга нуқсон етказмайдими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сафларни тўғрилаш ва жипслаштириш ҳақида келган буйруқлар тўрт мазҳаб уламолари томонидан ҳам мустаҳабликка кўра деб билинган, яъни, суннат деб қабул қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саф ҳақида шундай дейдилар:
أقيموا الصف في الصلاة فإن إقامة الصف من حسن الصلاة (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)
“Намозда сафни тўғри қилинглар, чунки сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир” (Муттафақун алайҳ)
Одатдаги шароитда бу суннатга амал қилишга кучли тарғиб қилинади. Уни тарк қилиш макруҳдир. Лекин карантин шароитида ижтимоий масофани сақламаслик касаллик тарқалишининг асосий омили бўлгани учун масофа сақлаш, хоҳ жамоат жойида бўлсин, хоҳ масжидда бўлсин вожиб даражасига кўтарилди. Чунки бу ишда жонни саломат сақлаш бор ва бу қоида бутун дунёда амалга татбиқ қилинмоқда. Албатта, вожибни бажариш учун суннатни тарк қилинади.
Демак, касаллик тарқалишидан сақланиш учун соҳа мутахассислари кўрсатмасига кўра саф тортилса ҳам, намоз бузилмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Чунки узрли ҳолат бўлганда бу суннат соқит бўлади. Ҳозирги кунда касаллик тарқалишидан қўрқиш ҳам узрлардан биридир. Касаллик тарқамаслиги учун сафларни орасини очишга эҳтиёж бор.
Бошқа томондан намоз ўқиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлгани каби, инсон ўз жонини омон сақлаши ҳам У Зотнинг буйруғидир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига имкониятдан ташқари ишни буюрмаслигини баён қилади:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…” (Бақара сураси 286-оят)
Демак, жонимизни таҳликага қўймасдан намозни адо қилсак, ҳар икки буйруқни бажарган бўламиз. Буни ўзаро масофа сақлаш билан амалга оширамиз, шунда касаллик тарқалиши кескин пасаяди, хавф камаяди.
Банда доим имкони даражасида ҳаракат қилиб, ибодатларини бажаргандан кейин Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиб, унинг фазлидан умид қилиш керак. Зеро яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзидир. Ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи зот, хоҳласа имконимиз даражасида қилган ибодатимиз учун ўзи ваъда қилган тўлиқ савобни беради.
Бандасининг ихлоси, жидди жаҳдига қараб, савоблар 700 баробаргача кўпайиши ҳадисларда баён қилинади. Худди менинг дуоим ижобат бўлмади деган кишининг дуоси қабул бўлмагани каби, Аллоҳ таолонинг раҳматига эгалик қилиб, намозимиз дуруст бўлмади, савоби камайди демаслик керак. Аксинча раҳматидан умид қилиш ва азобидан қўрқувни мўътадил тутиш талаб қилинади. Имконимиз борича амал қилиб, қолганига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлини сўрайлик. Шояд тез кунларда офият ва хотиржамликка эришсак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати