Янгиланаётган Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бўлган эътибор йилдан-йилга кучайтирилаётгани, диний қадриятларимизнинг янада юксалиши, буюк алломалар меросини ўрганишга эътиборнинг кучайиши, диний ташкилотлар фаолиятида қатор енгилликларнинг кузатилиши халқаро экспертлар томонидан юқори ижобий баҳоланмоқда ва олқишланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридаги тарихий нутқида глобал муаммоларнинг маърифий ечимини кўрсатиб берилгани, унинг таклифига кўра “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг кўпчилик томонидан якдиллик билан қабул қилингани, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам бу масалага кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан бир қаторда, мамлакатимизда диний қадриятларимизнинг қонун кафолати негизини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Жамоатчилик фикрини олиш, жамиятимизнинг турли қатламлари хоҳиш ва истакларини қонунда акс эттириш мақсадида сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига Қонун лойиҳасининг жойлаштирилиши диний бағрикенглик сиёсатининг ёрқин намунаси ва тўлиқ ифодаси деб баҳолаш мумкин.
Илгари мазкур қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар кенгаши мажлисида юртимизда истиқомат қилаётган турли диний конфессиялар раҳбарлари томонидан муҳокама қилинган эди.
Ушбу Қонун халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕҲХТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир.
Зотан, хайрли ишларда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш, Яратганнинг талабидир. Аллоҳ таборака ва таоло: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..”, (Моида сураси 2 – ояти) деб марҳамат қилган.
Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда.
Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Айниқса ҳозирги синовли кунларда, пандемия шароитида жамиятимиз аъзоларининг ўзаро муносабатларидаги самимийлик, бағрикенглик ва меҳр-мурувват алоҳида ҳис қилинмоқда.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин!
Уйғун Ғафуров, Тошкент ислом институти ректори