Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самиймий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олийжаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Майдакашликни ёқтирмасди, ғийбат-иғвога мутлақо қарши эди. Ўзининг хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Сунатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қиларди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало ўзи унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмасди. Дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмасди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмга муҳаббати чексиз эди. Унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди. У талабалик давридан бошлаб ўзи учун кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган бўлиб, бу низом «темир қонун» саналарди. У бунга қатъий амал қиларди. Бирор онни беҳудага сарф қилмасди. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшолардек сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толибликни жамлаган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлади. Ҳар қандай ҳолатда ўзини йўқотмас забардаст эди. Ҳайбатидан бошқалар унинг олдида ўзини ҳам, сўзини ҳам йўқотиб қўярди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф меҳри дарё инсон эди, кенг бағри ҳаммани ўзига сиғдира оларди. У билан яқиндан мулоқот қилган барча одамлар ўзини унга энг яқин инсон деб ўйларди. Ҳеч кимдан меҳру мурувватини аямас, ҳар кимнинг арзини эшитар, додига қулоқ тутар эди. Ҳатто кишилар ўз дардларини ота-онасидан кўра у кишига арз қилишни кўпроқ исташарди.