- Ашуро куни рўза тутишнинг сабаби:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ مَا هَذَا ؟ قَالُوا : هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ ، هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى، قَالَ فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийлар ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-сида) рўза тутишини кўрдилар. “Бу нима (қандай рўза)?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу хурсандчилик куни. Бу кунда Аллоҳ Бани Исроилга душманларидан нажот бергани учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Мусога (эргашишда) сизлардан ҳақлироқман”, деб шу кунда рўза тутдилар, бошқаларга ҳам буни буюрдилар”. Бухорий (2004), Муслим (1130/2547).
- Ашуро рўзаси ўтган йилдаги кичик гуноҳларга каффорат бўлади. (Катта гуноҳлар учун алоҳида тавба қилиш лозим.)
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ وَصِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ
Абу Қатода Ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа куни рўзаси бир йил олдинги ва бир йил кейинги, ашуро куни рўзаси эса бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар”. Муслим (1162/2635), Абу Довуд (2425), Термизий (752).
- Ашуро Муҳаррамнинг 10-куни. Унга 9-кунни (тасуъа) ҳам қўшиб тутиш мустаҳаб бўлади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، يَقُولُ: حِينَ صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ ، قَالُوا : يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ ، صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ. قَالَ : فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ ، حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутиб, (бошқаларга ҳам) уни тутишни буюрганларида саҳобалар: “Эй Росулуллоҳ, бу яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун”, деб айтишди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил бўлса, Инша Аллоҳ тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Лекин кейинги йил (Муҳаррам) келмасидан туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар”. Муслим (1134/2555), Абу Довуд (2445).
Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Агар кейинги йилгача яшасам, тўққизинчи куни рўза тутаман” деган ҳадисга шундай шарҳ берган: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинги йили Муҳаррамнинг тўққизинчи куни рўза тутишга қасд қилганлари шу куннинг ўзи билан чекланиб қолишни билдирмайди. Аксинча, ўнинчига тўққизинчини қўшишни англатади. Бунда яҳудий ва насронийларга хилоф (тескариш иш) қилиш бор. Мана шу фикрнинг далили кучли. Имом Муслим ривоят қилган баъзи ҳадислар ҳам бунга ишора қилади”. “Фатҳул-Борий”, 4-жилд, 245-бет.
Тўрт фиқҳий мазҳабнинг барчаси – ҳанафий (“Ҳошияту Ибн Обидийн”, 2/375), моликий (Ҳаттоб, “Мавоҳибул-жалил”, 3/317), шофеий (Нававий, “Ал-мажмуу шарҳи муҳаззаб”, 6/380), ҳанбалий (Ибн Муфлиҳ, “Ал-Фуруъ”, 5/89) олимлари “Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини жамлаб рўза тутиш мустаҳаб бўлади”, дейишган. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи куни (ашурода) рўза тутиб, кейинги йили тўққизинчи куни (тасуъада) ҳам тутишни ният қилган эдилар.
Бу йил Муҳаррамнинг 9 ва 10-кунлари 2020 йил 28 ва 29 августга тўғри келгани боис жума ва шанба кунлари рўза тутилади.