ИККИНЧИ БЎЛИМ: АҚЛ
Ақлнинг таърифи: Луғатда унинг асл маъноси ман қилмоқ деганидир. Туя боғлаб қўйиладиган арқон ҳам ақл сўзининг негизидан чиққан عِقَالٌ [иқа́л] деб номланади. Ақл шу маънодаги сўз билан номланишининг сабаби, у ўз соҳибини нолойиқ ишлардан ман қилиб, сақлаб туради .
Истилоҳда у нафсдаги бир қувват бўлиб, унинг воситасида инсонда илмлар ва идроларга иқтидор пайдо бўлади .
Ровийда шарт қилинган нарса ақлни мукаммал бўлмоғидир. Шунинг учун гўдакнинг хабари шариатда ҳужжат эмас. Чунки шариат уни дунёвий ишларида бошқарувчи қилмади. Демак, дин ишларида ўз ишини ўзи бошқара оладиган бўлмаслиги турган гап. Мазкур гапимиз у бола балоғатга етишидан олдин эшитиб ва ўша вақтда ривоят қилган бўлишига тааллуқли. Аммо агар у бола балоғатга етишидан олдин эшитган, лекин балоғатга етиб бўлганидан кейин ривоят қилган, бошқаларга эшиттирган бўлса, бу хабар қабул қилинади. Зеро у мумаййиз (яхши-ёмонни, фойда-зарарни ажратувчи) бўлганлиги учун шу ҳадисни қабул қилиб олишида нуқсонлик йўқ. Балоғатга етиб, ақли мукаммал бўлгани учун ривоят қилиб адо этишида ҳам ноқислик йўқ. Бунга далил Ибн Аббос, Ибн Зубайр, Нўмон ибн Башир ва бошқа шу каби ёш саҳобаларнинг хабарлари қабул қилинишига саҳобалар ижмо қилганлигидир. Бу ўринда улар саҳобалар балоғатга етгандан кейин ёки ундан олдин ҳадисни эшитиб қабул қилиб олганлик орасини фарқламаганлар. Салафлар ва халафлар ёш болаларни ривоят мажлисларига келишлари ва уларга ҳадисларни эшиттириш мумкинлигига иттифоқ қилганлар. Улар ёшликларида қабул қилиб олган ривоятларини балоғатга етгандан кейин эшиттиришларини ҳам бир овоздан маъқуллаганлар .
Ҳадисни қабул қилиб олиш ёш билан чеклаб қўйилганми?
Муҳаддислар ва ҳанафийлар ҳадис эшитиш муайян ёш билан чекланмаганига иттифоқ қилишган. Улар балоғатга етишдан олдин ҳадис эшитиш дуруст бўлмайди, деган гапни айтишмаган. Бу масалада эътиборга олинадиган ҳолат боланинг тушуниши ва ажрата олишидир. Муҳаққиқ Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёшни белгиланмаслиги бу тўғри, саҳиҳ гап. Балки эшитишни дурустлигидаги иллат-сабаб тушуниш ва жавоб бера олишдир. Қачонки бола хитобни тушуниб унга жавоб бера олса, гарчи беш ёшдан кичик бўлса ҳам унинг ҳадис эшитиши дуруст бўлади. Агар шундай бўлмаса, гарчи беш ёшдан ўтган бўлса ҳам ҳадис эшитиши дуруст бўлмайди. Чунки болаларнинг ҳатто катталарнинг ҳам хитобни тушуниб унга жавоб қайтаришида ҳар хиллик бор. (Кимдир хитобни эшитиб, тушуниб жавоб қайтара олади. Кимдир жавоб қайтара олмайди.) Демак, ҳадис эшитиш ҳамма учун муайян ёш билан қайдланмайди ”.
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов