islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасниф ва таълиф ёхуд мусанниф ва муаллиф орасидаги фарқ

Бугунги кунда ўзбек тилидаги айрим диний адабиётларда “мусанниф фалончи” деган иборани учратяпмиз. Ва уларнинг кўпи афсуски, хато ишлатилмоқда.

Тасниф сўзи луғатда ажратиш, саралаш, синфларга бўлиш маъносига далолат қилиб, муайян илмга бағишлаб ёзилган китобларга нисбатан ишлатилади.

Исломнинг аввалидан бери ёзилган барча турдаги илмий китобларга нисбатан тасниф сўзи ишлатилган. Чунки, муаллифлар ўз асарларини ҳадис илмига оид бўлсин, фиқҳ илмига оид бўлсин, қироат илмига оид бўлсин ёхуд сарфу наҳв, балоғат ва мантиқ илмига оид бўлсин фанлардан бирига бағишлаб, ёхуд мазкур фанларнинг бирорта тармоғига атаб китоблар ёзганлар.

Бунда муаллиф илмлардан бирини бошқаларидан ажратган ҳолда тартиблайди. Мавзу борасида ўзидан аввалгиларнинг сўзларига таянади. Илмийлик устун бўлади. Шундан келиб чиқиб, таълиф сўзи оммалашгунга қадар деярли барча китобларга нисбатан тасниф сўзи ишлатилган. Китоб соҳиби эса “мусанниф” деб юритилган.

Ундан кейин мазкур илмий китобни шарҳлаган инсон (шореҳ) муаллифни тилга олмоқчи бўлса уни “мусанниф” дея тилга олган. Масалан: “قال المصنف رحمه الله كذا” “мусанниф раҳимаҳуллоҳ бундай деди”, каби иборалар шарҳ қилинаётган аслий матн муаллифига ишора қилган.

Тасниф ва мусанниф сўзи таълиф ва муаллиф сўзларидан аввалроқ ишлатила бошлаган. Таълиф ва муаллиф сўзлари анча кейин пайдо бўлган. Чунки, юқорида айтилганидек, ислом олимлари илк даврда илмларни бир-биридан ажратиб таснифлаш билан шуғулланганлар. Бугунги кундагидек, оммабоп мавзулар, муаллифнинг шахсий фикри ва илмий бисотидан қайнаб чиққан бир бутун тафаккур маҳсулини ифода этувчи ёзилмалар нодир бўлган. Шу боис ҳам деярли барча китобларга мусаннаф (кўплиги: мусаннафот) яъни “таснифланган асар” ибораси қўлланган.

Таълиф сўзи эса луғатда бирлаштириш, улаш ва жамлаш маъноларига далолат қилади. Яъни, муаллиф жумлаларни жумлаларга улаб, мавзуларни мавзуларга бирлаштириб бир бутунлик ташкил қилгани учун шундай ном берилган.

Таълифнинг таснифдан фарқи шундаки, таълиф сўзи таснифга нисбатан ҳам ишлатилаверади. Яъни унинг маъноси умумийроқ ва қамровлироқдир. Таълиф илмий асарга нисбатан ҳам, адабий асарга нисбатан ҳам, маълум фан ёки унинг бирор тармоғига бағишланган китобга нисбатан ҳам, шунингдек, кўпроқ умумийлик сақлаб қолинган оммабоп асарга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Тасниф эса фақат фанлардан бирига бағишланган асарга нисбатан ишлатилади. Оммабоп асарга нисбатан қўлланмайди.

Шунинг фарқига бориб олишимиз лозим. Қандайдир жарангдор чиқсин, деб билиб-билмай тасниф ва мусанниф сўзини нотўғри ишлатиш ҳолатлари кузатиляпти. Оммабоп асарга нисбатан – гарчи диний руҳда бўлса ҳам – тасниф сўзини ишлатиш тўғри бўлмайди.

Ваҳоланки, биздаги диний адабиётларнинг аксар қисми оммабоп ҳисобланади. Бизда ўзбек тилида бирор илмий асарга шарҳ, ҳошия ва таълиқотлар ёзиш у қадар кенг равишда урфга кирмаган. Магарам, шундай китобларнинг таржимаси бор холос.

Шунинг учун яхшиси “мусанниф” ўрнига муаллиф сўзини ишлатиш маъқулроқ деб ҳисоблайман.

Шунингдек, нашрга тайёрловчи, жамловчи, тартибловчи каби сўзлардан ҳам ўрнида фойдаланиш мумкин.

ТИИ ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев

174840cookie-checkТасниф ва таълиф ёхуд мусанниф ва муаллиф орасидаги фарқ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: