islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-18

Адолат нима билан собит бўлади?

Ровийнинг адолати қуйидаги ишлар билан собит бўлади. Бу ишлардан бир овоздан иттифоқ қилингани ва ихтилоф қилинганлари бор. Иттифоқ қилингани иккига бўлинади.

Биринчиси: Кенг тарқалганлиги ва машҳурлиги. Адолат кенг тарқалиши ва шуҳрат қозониши билан ҳам собит бўлади. Қайси бир инсонни аҳли ҳадис ва бошқа илм аҳллари ўртасида адолати машҳур бўлиб кетса, уламолар унга шу адолат ила мақтов қилганлари кенг тарқалган бўлса, унинг адолатли эканига кифоя қилади. Бу ҳолатда аниқ лафз билан “бу киши адолатлидир”, деб адолатга чиқарувчи шахсга эҳтиёж тушмайди. Шу сифатга эга адолатли инсонлар: Абу Ҳанифа, Имом Молик, икки Суфён, Авзоий, Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасан, Абу Юсуф, Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар ва ишлари мустақим эканида, зикри машҳурлигида шуларнинг сафида турувчи уламолар мисол бўла олади. Уларнинг адолати масаласида савол берилмайди. Ривоят қилишда ишлари махфий бўлган шахсларининг адолати ҳақида эса суриштирилади. Аммо юқорида зикри келган уламолар эса муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа аҳли илмларнинг наздида ҳам адолатлари машҳурдир[1].

Эслатма:

А) Кенг тарқалиш ва шуҳрат қозониш бир ёки икки шахснинг ровийни адолатга чиқаришидан кўра қувватлироқ.

Б) Адолатга чиқарувчи шахс бир ровийни тазкия қилишидан кўзланган энг асосий нуқта – ҳолати номаълум ровийни маълум қилишдир. У бундан олдингисига ҳеч ҳам ета олмайди. Демак, бир инсоннинг аҳли илмлар орасида адолатли экани тарқаб кетса, ўша одамни бошқа бир шахс адолатли дейишига эҳтиёж қолмайди[2].

Иккинчиси: Адолатга чиқарувчи имомлар ровийни адолатли эканига нас келтирмоқлари[3]. Рожиҳ қавлга кўра, бир имомнинг ровийни адолатга чиқариши кифоя қилади[4]. Бу гапни “сиқа ровийнинг ёлғиз ўзи ривоят қилган хабари қабул қилинади”, деган гапга қиёс қилиш мумкин[5].

Ровийнинг адолатини собит қилишда ихтилоф қилинган ишлар бор. Адолатли кишининг бир инсондан хабар ривоят қилиши ўша инсонни адолатликка чиқаришми ёки йўқми? Масаланинг сурати шуки, агар адолатли сиқа киши бир кишидан ҳадис ривоят қилиб, унинг номини айтса, шу адолатли сиқани ўша инсондан қилган ривояти нариги одамни адодатлига чиқариш бўладими ёки йўқми? Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Адолатли киши бир кишидан ривоят қилса ва унинг номини ҳам айтса, уни ўша шахсдан ривоят қилиши ҳалиги инсонни адолатга чиқариши ҳисобланмайди. Бу гап аҳли ҳадис ва бошқа илм аҳллардан иборат аксар уламолар фикридир[6].

Мана шу масалада ҳанафий имомларимиз икки йўлни тутганлар.

Биринчи: Адолатли сиқа киши бир кишидан ривоят қилса, ўша кишини адолатли дегани бўлади. Ушбу ҳолат аввалги уч асрга чекланган бўлиб, ундан кейинги асрларга тегишли эмас.

Имом Абу Бакр Жассос раҳимаҳуллоҳ айтади: “Зобти ва мутқинлиги номаълум бўлган киши бир хабарни ривоят қилса, у инсон илмли экани билан ҳам машҳур бўлмаган бўлса, лекин сиқалар ундан илм олиб юрган бўлсалар. Мана шундай сиқаларни ўша инсондан илм олиши, шу сиқалар бу кишини адолатли дегани бўлади. Демак, модомики, усул қиёси буни рад этмаса, бу шахснинг хабари мақбулдир”[7].

Даббусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Адолат билан машҳур бўлган шахснинг бир инсондан уни рад қилмаган ҳолатда ривоят қилиши уни адолатлига чиқаришидир”[8].

Баздавий раҳимаҳуллоҳ Маъқил ибн Синон розияллоҳу анҳудан ҳадис айтганда шундай деган: “Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алқама, Масруқ, Нофеъ, Ҳусайн розияллоҳу анҳум каби сиқалар ривоят қилганлар. Булар у зотдан ривоят қилиши билан у кишининг адолати собит бўлди”[9].

Кардарий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг Жобир Жўъфий раҳимаҳуллоҳдан қилган ривоятини китобида нақл қилганидан сўнг шундай дейди: “Ёлғон хабарни нақл қилиш уни ёлғон эканини баён қилинмаганда дуруст бўлмайди. Чунки адолатли кишининг бу ривоятни ривоят қилиши нариги шахсни ҳам адолатга чиқариш ҳисобланади. Натижада, унинг хабари мақбуллигини хаёлга олиб келувчи бўлиб қолади. Аммо хабарни ёлғон эканини баён қилган ҳолатда уни ривоят қилса, бунда ҳеч қандай монеълик йўқ[10].

Эслатма: Адолатли кишининг бир шахсдан ривоят қилиши ўзи томонидан ўша инсонни адолатлига чиқаришдир. Бу эса аввалги уч асрдаги шахсларга чекланган. Аммо ушбу уч асрдан кейин адолатли киши бир инсондан ривоят қилса, уни адолатга чиқариш бўлмайди. Балки бунинг учун мунаққид имомлар томонидан очиқ-ойдин адолатли деган гап ва оқлаш керак бўлади.

Иккинчи: Агар ровий фақат адолатли кишидан ривоят қилишни одат қилган бўлса, шу шахснинг бир ровийдан ривоят қилиши ўша шахсни адолатга чиқариш бўлади. Агар одати бундай бўлмаса, унинг ривояти адолатга чиқариш ҳисобланмайди[11]. Бу ҳанафийлардан Ибн Соъотий, Ибн Ҳумомнинг мазҳабидир[12]. Шунингдек, Имом Аҳмад, Омидий ва Ибн Ҳожиб раҳимаҳуллоҳ ва бошқаларнинг тутган йўлларидир.

Рожиҳ қавл:

Аллома муҳаддис Зафар Аҳмад Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ шу борада мазҳаблар ўртасини солиштиргандан сўнг айтди: “Биринчи йўл эҳтиётлироқ[13]. Иккинчи йўл далил жиҳатидан кучли ва ишончлироқдир. Учинчи йўл адолатли ва ўртачароқдир”[14].

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

[1] Бағдодий. Ал-Кифоя фий илмир ривоя. 148-бет. Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. 207-бет.

[2] Ўтган манба.

[3] Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. 218-бет.

[4] Айтаманки, фақат икки ҳолатда бир имомни адолатга чиқариши етарлимас:

1) Сиқага чиқарувчи имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ каби енгил қарайдиган бўлса, унинг гапига мутлақ суянилмайди.

2) Агар бир адолатли имомни гапига бошқа имомнинг гапи тескари келиб қолса, бу пайтда “таъоруз” вақтидаги таржиҳ қоидалари асосида иш тутилади.

[5] Бағдодий. Ал-Кифоя фий илмир ривоя. 160, 161-бет.

[6] Ибн Салоҳ. Улумул ҳадис. 53-бет.

[7] Жассос. Ал-Фусул фил усул. 2-жилд, 25-бет

[8] Даббусий. Тақвимул адилла. 182-бет.

[9] Баздавий. Канзул вусул. 160-бет.

[10] Соймарий. Маноқибул имом Аби Ҳанифа. 1-жилд, 75-бет.

[11] Саховий. Фатҳул муғийс. 2-жилд, 41, 42-бет.

[12] Ибн Соъотий. Бадиъун низом. 169-бет. Ибн Ҳумом. Ат-Таҳрир. 320-бет.

[13] У жумҳур муҳаддисларнинг мазҳабидир. Яъни, агар адолатли киши бир кишидан ривоят қилиб, унинг номини ҳам айтса, у аҳли ҳадис ва бошқалардан иборат аксар уламолар наздида адолатга чиқариш, дейилмайди.

[14] Таҳонавий. Қавоид фий улумил ҳадис. 215-бет.

176080cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-18

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: